Ортиқхўжаев Тошкентда ҳар қандай йиғилиш ўтказишни тақиқлади
Жамият
−
06 Январь 2023
14892Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев кутилаётган аномал совуқ муносабати билан тегишли чора-тадбирлар кўриш бўйича топшириқ берди.
Унга кўра, 9 январдан 18 январгача пойтахтдаги ҳокимликларда, бошқармалар ва уларнинг туман бўлимларида ҳар қандай мажлислар (жумладан, Зоом шаклида), тадбирлар, масъулларни асосий фаолиятидан чалғитувчи бошқа йиғилишларни ўтказиш тақиқланади.
Шунингдек, кўчада хизмат қилаётган йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва ободонлаштириш ходимлари иссиқ чой ва егулик, ихчам термос идишлари билан таъминланади.
Бундан ташқари, қолипли нон ишлаб чиқарувчиларга газ ва электр энергияси узлуксиз етказиб берилиши назоратга олинади.
Шаҳар жамоат транспортининг тизимли ишлаши чораларини кўрилади ҳамда марказий ва ички йўлларни тезкорлик билан қор ва музламалардан тозалаш ташкил қилинади.
Бошқарув сервис компаниялари томонидан кўп қаватли уйлар йўлакларини қор ва музламалардан ўз вақтида тозалаш таъминланади. Электр тизимида авариялар тезкор бартараф этилади.
Туғруқхоналар, шифохоналар, мурувват ва меҳрибонлик уйларининг иссиқлик таъминотини алоҳида назоратга олиш, улардаги мавжуд электр генераторларини ёқилғи билан таъминлаш, тўхтовсиз ишлаши учун шай ҳолатга келтириш ҳам масъулларга юклатилди. Шунингдек, 2 кун муддатда 103 тез тиббий ёрдам машиналарини тиббий анжом ва дори воситалари билан таъминланганлик даражасини кўздан кечириб, етишмовчиликларни тўлдириш ҳам топширилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь