Ортиқхўжаев Президентдан ўрнак олиб, депутатларга мурожаатнома йўллади
Жамият
−
25 Ноябрь 2021
7186Шавкат Мирзиёев Президент бўлгач илк бор 2017 йилда Олий Мажлисга мурожаатнома йўллади ва шундан бери ушбу сиёсий жараён ҳар йили анъана тариқасида давом этиб келмоқда. Бугун, 25 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам ҳудудлар раҳбарлари ичида илк бор халқ вакилларига мурожаат қилди.
Ж.Ортиқхўжаевнинг халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига мурожаатномасида шундай дейилади:
Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар, ҳурматли йиғилиш иштирокчилари.
Бугунги сессияни чақиришимиздан мақсад, жонажон шаҳримиз, азиз пойтахтимизни тоза, озода, кўркам шаҳарга айлантиришда Сиз ҳурматли депутатларимиз билан фикрлашиб, аниқ йўналишларни белгилаб олишдир.
Ҳабарингиз бор, жорий йилнинг 24 ноябрь куни ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев аҳолини рози қилиш, уларни яшаш шароитларини яхшилаш, шунингдек, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида Тошкент шаҳрига, жумладан, Шайхонтоҳур туманига ташриф буюрдилар.
Ташриф давомида Давлатимиз Раҳбари маҳаллаларда амалга оширилаётган “Обод маҳалла” дастури ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳа доирасида олиб борилаётган ишлар билан танишдилар. Бевосита аҳоли билан мулоқот қилдилар.
Оммавий ахборот воситалари орқали барчангиз гувох бўлдингиз, Давлатимиз Раҳбари аҳоли хонадонларига кириб уларнинг яшаш шароити билан қизиқдилар. Хонадон эгалари билан яқиндан сухбат қурдилар.
Шунингдек, Президентимиз қатор ижтимоий соҳа объектларини ҳам кўздан кечириб, фарзандларимиз таълим тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан ҳам танишди.
Ҳурматли депутатлар, албатта, амалга оширилган ва оширилаётган ишларимиз, ютуқларимиз талайгина, улар ўзимизники. Лекин шу билан бирга тан олишимиз керак йўл қўйган хато ва камчиликларимиз ҳам етарли эканини Давлатимиз Раҳбари яққол кўрсатиб бердилар.
Нафақат кўрсатиб бердилар, балки уларни ечими бўйича аниқ йўналишлар ва вазифаларни белгилаб бердилар.
Хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ва “Обод маҳалла” дастурини амалга оширилишда йўл қўйган қатор хато ва камчиликларимизни изохлашга сўз йўқ.
Ҳабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини татбиқ этиш ҳамда дарахтларни экиш, парваришлаш ва кўкаламзорлаштириш тизимини самарали ташкил этиш мақсадида “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.
Лойиҳа доирасида 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида «1 миллион дарахт» ташаббуси доирасида дарахт ва бута кўчатларини экиш бўйича бошқарма ва ташкилотлар кесимида дастур ишлаб чиқилди.
Шу жумладан, 243 та кўчалар ва 19 та марказий майдонларга 101,6 минг дона манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилади.
Туман ҳокимликлари томонидан 575 та маҳаллалардаги бўш ер майдонларига дарахт ва бута кўчатларини экиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Дастурлар, чора-тадбирлар албатта қоғозда жуда ҳам чиройлик, салмоқли. Лекин уни амалга оширишда айрим масъулларда фидоийлик, ватанпарварлик, шижоат, ўз шаҳрига, яшаётган маҳалласига меҳр-муҳаббат туйғуси етмаяпти.
Давлатимиз Раҳбарининг «Дарахт экиб қўйилган, лекин дарахт кўчатини бунақа тарзда экишни менсимаслик дейиш мумкин. Номига тиқиб қўйилган. Давлат нима учун дарахт кўчатларига шунча пул берди?
Нима учун маҳаллалар ҳафтада бир кун ўзи яшайдиган уй атрофини йиғиштиришга чиқмайди? Бир қаватда ёки битта ҳовлида қанча одам бор?
Бугун биз кўрган маҳалладаги ҳолатда бир йилда бир марта ҳам қаралмаган. Қандай қилиб шу ҳолда жонажон юртимизни юқори марраларга олиб чиқишимиз мумкин?
Жамоатчилик назорати керак бизга. Шайхонтоҳур катта туман. Бошқа туманларга намуна бўлиш керак» дея куйиниб таъкидлаганлари бизнинг ишимизга берилган баҳо деб биламан. Биз ҳурматли Президентимизнинг ушбу сўзларидан хулоса қилишимиз керак. Йўл қўйилган хатоларимизни бартараф этиш чораларини кўришимиз керак. Бу йўналишда ишимизни тубдан қайта кўриб чиқамиз.
Бу борада биз амалий ишларни бошлаб юбордик. Жумладан, Тошкент шаҳри ва туманларда ишчи гурухлар тузиб, маҳаллаларни бирма бир ўрганиб, аниқ манзилли чора-тадбирлар белгилаяпмиз.
Тасдиқланган графикка асосан Учтепа туманида ўрганишлар ўтказилди. Бунда маҳаллалар, кўп қаватли уйлар ва уларга туташ ҳудудлар тозалиги, кўкаламзорлаштирилганлиги, ирригация тизимларини ишлаши ва бошқа масалалар жойида мутасаддилар иштирокида ўрганилди.
Қатор хато ва камчиликларга йўл қўилгани учун бир нечта муасъулларга нисбатан кескин чоралар кўришга мажбур бўлдик. Хусусан, Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғи вазифасидан озод этилди.
Шунингдек, Учтепа тумани ҳокимининг қурилиш ҳамда коммунал масалалари бўйича ўринбосарлари ҳам лавозимидан озод этилди. Туман ҳокимига эса хайфсан берилди.
Ҳудудларни ўрганиш чоғида бир нарса аён бўлдики, ерлик ва кўп хонадонли уйлар жойлашган маҳаллардаги муаммолар бир-бирини такрорламайди.
Кўп хонадонли уйлар жойлашган маҳаллаларда уйларнинг туташ ҳудудлари, ирригация тармоқлари, болалар майдончалари, йўлаклар, уйлар ер тўлалари чиқиндидан тозаланмаган.
Чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ҳоллари ва, минг афсуски, юқори қаватлардан ташлаб юбориш ҳоллари оддий ҳолга айланган.
Дарахтларга шакл берилмаган, суғорилмаган. Янги экилган ниҳоллар қаровсиз ҳолда ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Кузги хазонрезги даврида ҳосил бўлган хазонлар йиғилмаган ва ўз вақтида олиб чиқилмаган.
Ҳудудларни супуриш мақсадида масъул ходимлар ажратилмаган, ажратилган бўлса хам қоғозда бўлиб, хақиқатда бу ходимлар фаолият юритмаган.
Бу ишларга масъул бўлган хусусий уй жой мулкдорлари ширкатлари томонидан юқоридаги муаммоларга панжа ортидан қаралган, уларни бартараф қилиш чоралари кўрилмаган.
Кўп хонадонли уйларда яшовчи фуқаролар бу масалаларга эътиборсизлик билан қараб, “Ватан остонадан бошланади”, “Менинг маҳаллам, менинг уйим”, “Маҳалла Ватанниг бир бўлаги” каби минг йиллик тушунчаларни унутиб қўймоқдалар.
Хафта ёки ойда бир маротаба бўлса хам фуқаролар томонидан ота-боболаримиздан қолган удум, анъана “хашар”лар уюштирилмаган.
Ҳурматли депутатлар!
Юқоридагилардан келиб чиқиб, азим Тошкентимизни озода ва покиза сақлаш мақсадида қуйидагиларни ўзимизга вазифа қилиб белгилаб олишимиз керак.
Тошкент шаҳрида “Обод маҳалла” дастури ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳа доирасида олиб борилаётган ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида ҳиёбонлар ташкил этиш, дарахт кўчатларини экиш, уларни парвариш қилиш бўйича ишларимизни жадаллаштиришимиз зарур.
Юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш ва ўз навбатида маиший чиқиндиларни белгиланган жойларга олиб бориб ташлашлари, санитария қоидаларига риоя қилишлари, айниқса ёшларимиз тарбиясида ушбу масалада эътиборли бўлишларини фуқароларимиз онгига сингдириб боришимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Ушбу масалаларга аҳолини бефарқ бўлмасликлари учун тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш сиз депутатлар ва маҳалла фаолларини роли катта.
Бунинг учун барча маҳалларда олиб борилаётган ишларда нафақат бошқарма ва ташкилотлар ҳодимлари, балки ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолини фаоллигини ҳам оширишни зарур деб ҳисоблайман.
Тасаввур қилинг, ҳар бир хонадондан фуқароларимиз фарзандлари билан камида 4 тадан кўчат экса, бу ташаббуслар 2 – 3 йилдан сўнг шаҳримиз яшиллигига, экологиясига қанчалик ижобий таъсир кўрсатади.
Кўп қаватли уйлар олдидаги бетартиб панжаралар
ва ўзбошимча ўрамалар, панжараларни бартараф қилиш, хазон резгилардан тозалаш, тўпланиб қолган маиший ва бошқа турдаги чиқиндиларни олиб чиқиб кетилишида назорат ишлари кучайтирилиш зарур.Бунинг учун хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўп қаватли уйлар атрофинини тозалаш ишларининг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш керак.
Шу билан бирга, мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона, бошқарма, ташкилот ва идораларнинг ўз ички ҳудудларида ва туташ ҳудудда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчатлар экиш, мавжуд дарахтларни парваришлаш, шакл бериш ишларига ҳар куни бир соатдан вақт ажратилса, шаҳримиз озодалиги ва кўркамлиги янада ортади.
Бу ишларни тарғибот қилишда, керак бўлса уларни ушбу ишларга сафарбар этишда Сиз депутатларнинг ҳуқуқ ва ваколатларингиз етарли.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Шаҳримизда яна бир долзарб муаммо борки, у ҳам бўлса ноқонуний, ўз бошимча қурилишларни амалга ошириш, ер майдонларини ноқонуний эгаллаб олиш каби масалалардир.
Сўнги кунларда шаҳарда бундай ноқонуний қурилишларни кўпайиб кетгани, бу эса аҳолининг хақли эътирозларига сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Бундай қурилишларни бартараф этиш мақсадида Суд идорларига мурожаат қилдик. Суд томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш юзасидан бугунги кунда барча туманларда ноқонуний, ўзбошимча қурилган бино иншоотлар бартараф этилмоқда.
Бундан ким кўпроқ азият чекмоқда? Албатта ўзимиз, фуқароларимиз. Чунки ушбу бино ва иншоотни қуриш учун қанчадир маблағ сарфланади. Аммо қилаётган ишини ноқонуний эканини, қонун устувор бўлган жамиятда бундай ўзбошимчаликка йўл қўйилмаслигини билмайди ёки билмаганга олади.
Бу йўналишда ҳам биз аҳолига доимий тушунтириш тарғибот ишларини олиб боришимиз, ҳудудимизда, маҳалламизда олиб борилаётган барча қурилиш ишларини амалдаги қонунчиликка асосланиб олиб борилиши кераклигини назоратга олишимиз зарур.
Бунда ҳар бир депутат, раҳбар, маҳалла раиси, ширкат раҳбари ва масъуллар ўз масъулиятини хис қилган ҳолда фидоийлигини намоён этиши керак.
Ҳурматли депутатлар, йиғилиш иштирокчилари!
Бугунги мурожаатдан келиб чиқиб барчамиз ўзимиз учун тўғри хулоса чиқариб, вазифаларни аниқ белгилаб, келгусида бундай хато ва камчиликларни такрорламаслигимиз муҳим.
Президентимиз бошчилигида барча соҳаларда жадаллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг натижаси аҳолининг розилиги ва инсон қадри учун экани бажараётган ишларимизни баҳолашда бош мезон бўлиб қолиши зарур.
Эътиборларингиз учун рахмат. Соғ бўлинглар.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь