Орбан ЕИни “рингга чиқишни истамайдиган қари боксчи”га ўхшатди
Олам
−
22 Июль 2023
8669Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Европа Иттифоқини танқид қилиб, уни ўзининг чемпионлик камарини ҳаммага кўрсатадиган, лекин рингга чиқишдан бош тортган эски бокс чемпионига ўхшатди. Бу ҳақда у бугун, 22 июль куни Руминиядаги университетда сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
Бош вазирга кўра, Европа Иттифоқи ҳозирда ташвишга тушган ва дунёнинг бошқа куч марказлари билан рақобатдан қўрққан 27 давлатдан иборат “бой, аммо заиф” ҳамжамиятга айланган.
"Бу ҳақиқат. Европа Иттифоқи ўзининг чемпионлик камарини кўрсатган, аммо энди рингга чиқишни истамайдиган қариган бокс чемпионига ўхшайди. Буларнинг барчаси қандайдир геттодаги (шаҳарлардаги фақат бир хил қатлам вакиллари яшайдиган ҳудуд) каби иқтисодий, сиёсий ва маданий изоляцияга (ажралиб қолиш) олиб келди", деган Орбан
Шунингдек, Венгрия етакчиси Европа Иттифоқида қўрқув ва изоляция ҳисси борлигини қўшимча қилган. Орбан бундай ҳис-туйғуларни ЕИ ўз атрофида "чалкаш дунё, эски шикоятлар, боқиш керак бўлган кўплаб оч оғизлар"ни кўриши билан изоҳлаган.
Унинг фикрича, яқин келажакда Европа Иттифоқи катта қийинчиликларга дуч келади ва уни қоронғи истиқболлар кутмоқда.
Бош вазир Халқаро валюта фонди прогнозларини ҳам эслатиб ўтган. Унга кўра, 2030 йилга бориб Италия ва Франция дунёнинг иқтисодий ривожланган 10 та давлатидан бири сифатидаги ўрнини йўқотади, Германия эса тўртинчи ўриндан ўнинчига тушади.
LiveБарчаси