Орбан ЕИ кенгашида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин
Олам
−
13 Январь
4322Европарламент Венгрия Бош вазири Виктор Орбанни Европа Иттифоқи кенгашида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги петиция учун керакли миқдордаги, яъни 120 нафар имзо тўплади. Бу ҳақда Европарламент депутати, тегишли петиция ташаббускори Петри Сарвама ўзининг Х’даги саҳифасида маълум қилди.
Европарламентда мазкур петиция учун имзо тўплаш 9 январь куни бошланган ва тўрт кун давом этган.
"Имзолар тўпланди! Биз Орбанни овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилишга бир қадам яқинлашдик", деб ёзди депутат.
Унинг таъкидлашича, бу "тарихий петиция" га бошқа депутатларнинг жавоби кучли бўлган. Ҳужжатни бир қанча давлатларнинг турли партиялари вакиллари имзолаган.
Сарваманинг сўзларига кўра, энди ялпи мажлисда петиция ғоясини якуний қўллаб-қувватлашни тезда баҳолаш керак. Унинг таъкидлашича, бу кейинги ҳафта содир бўлиши мумкин. Унда парламент Венгрия бўйича резолюцияга овоз беради.
Қайд этиш жоизки, 2023 йил декабрида Европа Иттифоқига аъзо давлатлар 2024-2027 йилларда Украинага 50 миллиард евролик ёрдам пакетини тақдим этиш бўйича келишувни тасдиқлаш учун Венгрияни овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этиш масаласини кўриб чиқишни бошлаган.
Гап шундаки, Украина жамғармасини яратиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаш учун Европа Иттифоқига аъзо барча давлатларнинг розилиги талаб қилинади, аммо охирги йиғилишда Венгрия унга вето қўйди.
Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба эса Европа Иттифоқи охир-оқибат Будапешт билан ёки Будапештсиз молиялаштиришни тасдиқлашини айтди.
Яқинда “Politico” Венгрия ҳар йили молиялаштириш кўриб чиқилиши шарти билан Украинага ёрдам бериш бўйича муроса қилишга тайёр эканини ёзган бўлса, “Financial Times” Брюссель Украинага 50 миллиард евро миқдорида ёрдам кўрсатиш бўйича қарор қабул қилиш учун Венгрияга ён беришга тайёр эканини хабар қилди.
Кеча, 12 январь куни Европарламент раҳбари Роберта Митсола Европа Иттифоқи Украинага молиявий ёрдам кўрсатишни кенгайтириш бўйича ечимни Евроиттифоқ кенгашининг навбатдан ташқари саммитида топиши кераклигини айтди.
LiveБарчаси