Орбан қичимаган жойни қашлади. Халқаро майдонда янги “скандал”

Олам 19776
image

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Венгрия Бош вазири Виктор Орбан футбол ўйинида Буюк Венгрия харитаси босилган шарф тақиб чиққанидан кейин узр сўрашини кутмоқда. Тегишли баёнот кеча, 22 ноябрь куни кечқурун Украина Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинди. 

“22 ноябрь куни Венгриянинг Украинадаги элчиси Иштван Ийдярто Украина Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилинди, унга Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг Венгрия Украина ҳудудининг бир қисми билан тасвирланган шарфда омма олдида чиқишига йўл қўйиб бўлмаслиги таъкидланди. Украина ушбу воқеа учун узр сўралишини кутмоқда ва келажакда Венгрия томони давлатимизнинг ҳудудий яхлитлигига ҳурматсизлик сифатида баҳоланиши мумкин бўлган қадамлардан тийилишига умид қилмоқда”, дейилади ТИВ баёнотида.

Гап шундаки, 20 ноябрь куни Виктор Орбан Венгрия ва Греция терма жамоалари ўртасидаги футбол ўйинида 1918 йилгача бўлган чегаралардаги мамлакат номи бўлган “Буюк Венгрия” харитаси туширилган шарф билан чиқди. Бу эса халқаро майдонда навбатдаги “скандал”га йўл очди. 

Руминия Ташқи ишлар вазирлиги Венгриянинг Бухарестдаги элчисига “қаттиқ норозилик”ни етказди.  

“Руминия Ташқи ишлар вазирининг венгриялик мавқедоши ва Венгрия Бош вазири билан яқинда Будапештда ўтказган маслаҳатлашувлари муносабати билан очиқлик муҳити ва икки томонлама мулоқотни қайта тиклашдан яққол фарқ қилади. Ревизионистик турдаги ҳар қандай кўриниш, у қандай шаклда бўлишидан қатъи назар, қабул қилиниши мумкин эмас", дейилади Руминия ТИВ чиқишида. 

Венгрия Бош вазири Виктор Орбан эса футболни сиёсатга аралаштирмасликни ва Буюк Венгрия харитаси билан мухлислар шарфида бирон бир буюк куч тимсолини тасвирлашга уринмасликни таклиф қилди. Шу тариқа Венгрия ҳукумати раҳбари ҳаракатларида ўз давлат суверенитетига тажовузни кўрган Руминия ва Украинанинг даъволарига жавоб берди. 

“Футбол – бу сиёсат эмас. У ерда йўқ нарсани қидирмайлик. Венгрия терма жамоаси қаерда яшамасин, ҳар бир венгернинг жамоаси”, деб ёзган Орбан ўзининг Facebook саҳифасида.

Маълумот учун, “Буюк Венгрия” 1918 йилгача бўлган чегаралардаги мамлакатни назарда тутади, ўшанда у ҳозирда Трианон шартномасига кўра Руминияга тегишли бўлган Трансильванияни ҳам ўз ичига олган,. 

Трианон шартномаси 1920 йил 4 июнда Биринчи жаҳон урушида ғолиб бўлган давлатлар билан мағлубиятга учраган Венгрия (Австрия-Венгриянинг вориси давлатларидан бири сифатида) ўртасида тузилган, натижада ўз ҳудудининг учдан икки қисмини йўқотган. Шартнома кўра, Венгрия эгалик қилган ерлар Австрия, Руминия, Сербия, Словакия, Хорватия ва Украинага ўтган. Ушбу ҳужжат, хусусан, ҳозирда 1,5 миллионга яқин этник венгер истиқомат қиладиган Трансильванияни Руминия таркибига киритишни таъминлади. Трансильвания муаммоси Руминия-Венгрия муносабатларида оғриқли масала бўлиб қолмоқда.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 432
Рейтинг: 2.9
t
×