“Open budjet”. Сув бормаган қишлоқликлар пойтахтда сарсон
Таҳлил
−
09 Сентябрь 2022
13379Бугун Тошкент кўчаларида бир гуруҳ фуқаролар қишлоқларидаги муаммоларни ҳал қилиш учун овоз йиғишмоқда. Улар пойтахтда мушук текинга офтобга чиқмаслигини билишган шекилли, ҳар бир овоз учун қандайдир рағбат беришни ҳам йўлга қўйишган. Масалан, бир овоз учун 5 000 сўм миқдорида пул ёки бирор ичимлик берилади. Олдинлари Ўзбекистонда учрамаган бундай “тажриба”нинг пайдо бўлишига нима сабаб бўлди?
2021 йилнинг 9 июль куни Ўзбекистонда янгиланган “Очиқ бюджет” портали ишга туширилди. Унда давлат бюджети ва қарзи бўйича маълумотлар эълон қилиб борилади. Шунингдек, платформада “Ташаббусли бюджет” бўлими яратилган бўлиб, Портал орқали фуқаролар нафақат бюджет маълумотлари билан танишиб боришлари, балки бу жараёнда бевосита иштирок этган ҳолда, ўзларини қийнаб келаётган масалаларни ҳал қилиш учун тегишли маблағларни талаб қилиш имконияти яратилди. Бу орқали фуқаролар инфратузилмани яхшилаш, хиёбонлар, болалар ва спорт майдончалари, ички йўлларни қуриш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг тақсимланишида иштирок этишлари мумкин. Ташаббусли бюджет жараёнларининг биринчи босқичида фуқаролар томонидан жами 230 мингга яқин таклиф ва овозлар билдирилиб, бунинг натижасида жами 245,1 миллиард сўм маблағлар жойларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал қилиш учун йўналтирилган.
Ўтган 2021 йилда ўтказилган “Ташаббусли бюджет” жараёнида эса 41 мингдан ортиқ таклиф келиб тушган бўлиб, уларни бир миллион юз минг нафар фуқаро ёқлаб овоз берган эди.
Жорий йилнинг 24 августидан эса “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 3-босқичига старт берилди ва у 17 сентябрда тугайди. Шу сабабли ҳам фуқаролар ўз яшаш жойидаги муаммоларнинг ҳал этилиши учун қўлларидан келган барча ишни қилишмоқда. Масалан, Telegram ижтимоий тармоғи орқали овоз йиғиш, алоқа компанияларидан кўп миқдорда сим-карталар сотиб олиб, уларни “Open budjet”да регистрациядан ўтказиш ва уйма-уй юриш.
Шу кунларда Тошкентнинг гавжум нуқталаридаги овоз беришнинг “пулланаётган”и ҳам шу усуллардан биридир.
QALAMPIR.UZ мухбири эса бошқа вилоятлардан Тошкентга келиб, ўз қишлоғининг муаммосини ҳал қилишга уринаётганлар билан суҳбатлашди.
Даставвал улар бизга интервью бермаслик учун камерадан қочишди. Овоз йиғиш ишларига бош-қош бўлаётганларнинг айримлари, ҳатто, қайси ҳудуднинг қандай муаммосига овоз йиғаётганларини билмасликларини айтиб, буни савоб учун бажараётганларини айтди. Шунингдек, овоз бераётган ва унинг эвазига ичимлик олаётган талабаларнинг бири ҳам қаерга овоз берганини ўзи билмаслигини маълум қилди. Лекин кўп ўтмай овоз йиғувчилар муаммоларини очиқ айта бошлади.
“Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани “Хитой” МФЙ Оммағон қишлоғи учун овоз йиғяпмиз. Қишлоғимизда узоқ йиллардан бери ижимлик суви муаммоси бор. Биз ҳозир Тошкентда турамиз, лекин қишлоғимиздаги муаммодан хабаримиз бор. У ердаги одамларнинг кимидадир телефон бор, бошқасида йўқ. Бошқа ташаббуслар қандайдир усул билан овозини кўпайтирмоқда. Биз эса бундай усулда овоз кўпайтиряпмиз”, дейди овоз йиғаётганлардан бири.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, уларнинг қишлоғига умуман сув келмаган. Қишлоқдан 13 км узоқликда оқиб ўтувчи дарёдан сув келтириш эса анча қийин ва кўп маблағ талаб қилувчи иш. Ҳозирги кунда улар 3 мингта овоз йиғишган. Лекин бошқа ташаббусларнинг йиғган овозлари уларникидан анча кўп – 15 минг-20 минг атрофида.
Раҳбарларнинг бундан хабари йўқми, деган саволга у “Бу муаммо бир неча марта туман депутатларига ҳам, вилоят депутатларига ҳам, туман ва вилоят ҳокимига ҳам айтилган. Кимгадир айтсангиз бу менинг қўлимда эмас, деб баҳона қилади”, дея жавоб қилди.
“Масъуллар бориб кўрганида 30 йилдан бери борарди-да. “Open budjet” бошланганидан кейин ўтган йили бизнинг йўлимиз асфальт бўлди. Биз унга ишонамиз ва бу йил сув муаммоси билан қатнашяпмиз. Агар бу йил ҳам ютсак, кейин қатнашмаймиз. Бошқа муаммойимиз йўқ”.
Овоз йиғувчиларнинг бири эса овоз эвазига алмаштирилаётган ичимлик сувлари халқдан йиғиб олингани, агар бу йил ташаббусда ғолиб бўлишмаса, кейинги йили яна шу ишни қилишга мажбур бўлишини айтди.
“Қанча ҳаракат қилганимиз билан кимгадир асфальт, кимгадир йўл керак. Шунча қилаётган харажатимиз эса қолиб кетади. Бу тизимни яна бир ўйлаб кўриш керак. Масалан, бизнинг йўлимизни асфальт қилиш учун асфальтимизни қириб ташлашди. Лекин 2 йилдан буён ташаббусда ютолмаймиз ва бу иш шундай қолиб кетди”, дейди у.
Бу муаммоларни халқнинг бўйнига ташлаб қўйиш эмасми? Ахир муаммо аниқ бўлса, уни бориб кўриш, қанчалик долзарблигини аниқлаш мумкин-ку?! Нега одамлар буни муаммонинг муаммо эканлигини исботлаш учун овоз йиғиши керак? Бу саволимиздан эса овоз сотиб олаётганларнинг жаҳли чиқди.
“Ёрдам берса яхши, лекин ёрдам бермаяпти-да. Нима қиласиз бўлмаган гапни гапириб? Бу иш бўлмайдиган иш, бунгача ҳам бўлмаган, бундан кейин ҳам бўлмайди. Мансабдор шахслар, ҳокимларнинг чекка жойларни бориб кўрмаслиги сизга ҳам, бизга ҳам аниқ-ку”, дейди улардан бери.
Биз уларнинг гаплари қанчалик ҳақиқатга тўғри келади, бу ишни ҳақиқатдан ҳам савоб учун қилишяптими, буни аниқ билмаймиз. Молия вазирлиги ҳам бу ҳолатга изоҳ берар экан овозлар қайта текширилишини маълум қилди.
"Фуқаролар томонидан келиб тушаётган мурожаатларни инобатга олган ҳолда, шубҳали тўпланган овозлар деб топилган лойиҳалар бўйича Молия вазирлиги томонидан ушбу мурожаатларнинг ҳаққонийлиги юзасидан ўрганишлар олиб борилади.
Ўрганишлар натижалари бўйича қўшимча ахборот берилади.
Овоз бериш жараёнининг муддати тугагач барча овозлар қайта текшириб чиқилади", - дейилади хабарда.
Ҳулкар Муртазоева
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь