Омбудсман вакиллари психоневрологик диспансердаги блогернинг ҳолидан хабар олди

Жамият 2694
image

Аввалроқ, хоразмлик блогер, Шабнам Оллашукурова тахаллуси остидаги Нафосат Оллашукурованинг руҳий асаб касалликлари диспансерига ётқизилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ 2019 йил 21 октябрь куни Омбудсман томонидан тузилган мониторинг гуруҳи суд қарорига кўра 2019 йил 26 сентябрда Хоразм вилоятининг психоневрологик диспансерига даволаш учун жойлаштирилган фуқаро Нафосат Оллашукурова билан учрашган.

Мониторинг гуруҳи таркибида Омбудсман вакилларидан ташқари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари А. Ташанов ва “Нажот” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Х. Якубов, шунингдек, психиатрия соҳасида етакчи экспертлар қатнашган.

“Мониторинг гуруҳи ташрифи давомида Нафосат Оллашукурованинг руҳий ҳолати нисбатан барқарорлигига ва мулоқот қила олишига ишонч ҳосил қилди.

Суҳбат давомида у ўзига тиббиёт муассасаси ходимларининг самимий муносабатда эканлигини ва унга нисбатан бирор-бир руҳий ёки жисмоний таъсир ўтказиш ҳоллари бўлмаганлигини қайд этди.

Нафосат Оллашукурова уни маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос бўлган ўз хатти-ҳаракатлари юзасидан афсусда эканлигини билдирди.

Мониторинг гуруҳида қатнашган тиббиёт ходимлари томонидан Нафосат Оллашукурованинг касаллик тарихини ўрганиш натижасида, унинг ташҳиси касалликлар халқаро таснифи КХТ-10 мезонларига мос келишини ва унга даволаниш клиник симптоматикага мувофиқ тайинланганлигини кўрсатди. Ташриф вақтида мутахассислар бемор ҳолати нисбатан яхшиланганлигини қайд этдилар. Шу билан бирга, айни вақтда тушкунлик аломатлари сақланиб турганлиги ва белгиланган даволаш курсини давом эттириш зарурлиги таъкидланди. Диспансер врачлари томонидан белгиланган дори воситалари орасида инсоннинг руҳий фаолиятини пасайтирадиган кучли таъсир кўрсатувчи препаратлар йўқлиги маълум бўлди.

Нафосат Оллашукурова ота-онаси билан телефон орқали суҳбатлашди ва уларга ўзининг ҳолати, қулай муҳитда сақланаётганлиги ҳамда унга тиббиёт ходимлари ҳурмат билан муносабатда бўлаётганлиги ҳақида хабар қилди. Нафосат Оллашукурова тўрт маҳал иссиқ парҳез таом билан таъминланган.

Суҳбат вақтида Нафосат Оллашукурова юқорида баён этилганлардан ташқари ўзининг моддий аҳволидан хавотирда эканлигини ва даволангандан сўнг, ишга жойлашиш истагини билдирди.

Мониторинг гуруҳи Нафосат Оллашукурова билан учрашган вақтда унинг акаси Тожимурод ҳам иштирок этди”, деб қайд этилган Омбудсман хабарида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 сентябрь куни соат 12:00ларда вилоят ички ишлар органлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир қилган фуқаро М.Ражапов, унинг яқин қариндошлари ҳамда Facebook`да Нафосат Оллашукуроваларга нисбатан маъмурий иш қўзғатилган.

Урганч шаҳар маъмурий судининг 23 сентябрдаги қарорига асосан Оллашукуровага нисбатан МЖтКнинг 183, 194, 195 ва 202-моддалари билан 10 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
 
26 сентябрь куни Оллашукурова маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган пайтида рухиятида ўзгаришлар сезилганлиги учун тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, психиатрнинг тавсияси билан уни вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида кўрикдан ўтказиш учун олиб кетилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 51
Рейтинг: 3.1
t
×
×