Омбудсман Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилди

Жамият 8819
image

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили йўллардаги таъмирлаш ишлари ҳақида фуқароларни олдиндан хабардор қилиш ва уларни мазкур сабабларга кўра жаримага тортмасликни сўраб Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилди. Ушбу мурожаат Омбудсманнинг интернетдаги расмий сайтига жойланган.

“Маълумки, автомобиллар ҳаракатланиш йўлларида вақти-вақти билан тузатиш, таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Лекин, баъзи ҳолларда ҳайдовчилар тўсиб қўйилган йўллар сабаб, йўл қоидаларини бузишга мажбур бўлишмоқда”, дея вазиятга изоҳ берилган мурожаатда.

Омбудсман бу каби ҳолатга ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган 2022 йил 21 сентябрь куни Тошкент шаҳар Олмазор тумани Зиё – Шифонур кўчалари кесишмасида кузатилган вазиятни мисол тариқасида келтирган.

Унда йўлнинг транспорт ҳаракатланиш қисмида амалга оширилаётган тузатиш ишлари давомида йўлнинг бир қисми ёпиб қўйилгани ва тегишли махсус белги билан айланиб ўтиш лозимлиги кўрсатилганди. 
Бироқ айланиб ўтиш оқибатида ҳайдовчилар йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш томонига ўтишларига тўғри келган. Бу эса махсус камераларга тушиб қолиб, ҳайдовчилар жаримага тортилган.

Шундан сўнг, йўллардаги таъмирлаш ишлари сабаб қоидани бузишга мажбур бўлган беайб ҳайдовчиларни жаримадан озод этиш Ички ишлар органларининг ЙҲХ бўлимлари томонидан эмас, судлар томонидан кўриб чиқилиши ижтимоий тармоқда кўпчилик фуқароларнинг ўринли эътирозларига сабаб бўлганди.

“Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқаролар оворагарчилигини олдини олиш ва уларга адолатли муносабатда бўлишга асосланган. Юқоридаги ҳолат эса ҳайдовчиларнинг ортиқча харажат қилишига ва оворагарчилигига сабаб бўлмоқда”, деб таъкидланади Омбудсманнинг ИИВга йўллаган махсус мурожаатида.

Ҳулкар Муртазоева
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 260
Рейтинг: 3
t
×