Ўзбекистонлик спортчилардан омад юз ўгирдими?

Спорт

Осиё ўйинларининг навбатдаги кунида Ўзбекистон делегацияси 8 та медаль жамғарди.

10 метрга пневматик милтиқдан отиш бўйича аралаш жамоавий дастурда иштирок этган Жавоҳир Соҳибов ва Мухтасар Тоҳирова жуфтлиги кумуш медални қўлга киритди. Саралашдан иккинчи натижа билан ўтган ўзбекистонлик мерганлар олтин медаль учун кечган баҳсда хитойлик жуфтликка имкониятни бой бериб қўйди.

Таэквондочи Чарос Қаюмова ҳам ўз номини совриндорлар қаторига ёздириб қўйди. -53 кг вазн тоифасида иштирок этган спортчи ярим финалда Хитой Таипейи вакиласига имкониятни бой бериб қўйди ва бронза медали билан тақдирланди. Шундай қилиб, ўзбекистонлик таэквондочиларнинг Ханчжоуда жамғарган медаллар сони учтага етди.

Дзюдочи Давлат Бобонов делегация ҳисобига кумуш медални тақдим қилди. -90 кг вазн тоифасининг финалида иштирок этган Бобонов қирғизистонлик Ерлан Шеровга имкониятни бой берди. Ўзбекистон делегацияси ғазнасини байроқдор Музаффарбек Тўрабоев яна бир олтин медаль билан бойитди. У -100 кг вазн тоифасида чемпионликни қўлга киритиб, Ўзбекистонга ушбу Осиё ўйинларидаги бешинчи олтин медални келтирди. Тўрабоев қизиқарли кечган финал баҳсида мўғулистонлик рақибини мағлубиятга учратди. Энг оғир вазн тоифасида иштирок этган Алишер Юсупов ҳам Осиё ўйинлари совриндорлари қаторидан жой олди. Юсупов бронза медали учун кечган беллашувда япониялик Хёга Ота устидан ғалаба қозониб, делегация ҳисобига бронза медални тақдим қилди.

Ушучи Даря Латишева ҳам кучлилар қаториданн жой олди. Спортчи нанкуан ва нандао дастурлари якунига кўра, Хитой ҳамда Малайзия вакилларидан кейин бронза медалига сазовор бўлди. Бу Даря учун Осиё ўйинларидаги иккинчи медаль ҳисобланади. Латишева 2018 йилги мусобақада кумуш медаль соҳибига айланган эди.

Ўзбекистон делегациясининг иккинчи байроқдори, Зайнаб Дайибекова қиличбозлик баҳсларини бронза медаль билан якунлади. Сабля бўйича яккалик дастурида иштирок этган Дайибекова ярим финалда жанубий кореялик Жису Юнга кичик фарқ – 14:15 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва бронза медали билан тақдирланди.

26 сентябр кунги баҳслардан сўнг Ўзбекистон делегацияси 5 та олтин 6 та кумуш ва 11 та бронза жами 22 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 4-ўринда бормоқда. Кучли учликни эса ҳамон кутилганидек Хитой, Корея ва Япония жамоалари банд этган. Ўзбекистонга энг яқин таъқибчи эса Гонгконг жамоаси бўлиб турибди. Гонгконгликлар ҳозирча 5 та олтин, 4 та кумуш ва 10 та бронза жами 19 та медаль билан 5-ўринни эгаллаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг