“Олтин тузоқ”: Россия ва Хитой доллар гегемонлигини қандай синдиради?
Таҳлил
−
27 Май 2019
12374Собиқ Совет Иттифоқи – СССРнинг 1991 йилда парчаланиши билан дунёда икки қутблилик барҳам топди. СССРнинг қонуний меросхўри Россия дунё сиёсатида 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида овозини чиқармай, “дамини ичига ютиб” келди. АҚШ эса бу даврда Россия чегараларига яқинлашиб, Шарқий Европа давлатларини бирин-кетин “забт” этиб, уларни НАТОга қўшиб олаверди.
СССР парчаланганидан салкам чорак аср ўтибгина Россия бу дунёда ўз сўзига эга давлат эканини кўрсатди. Бу аввало РФ Ҳарбий ҳаво кучларининг Сурияга кириб, ИШИДга қарши курашишида кўринган бўлса, кейинроқ, Украинадаги “майдон” воқеалари натижасида Қримнинг Россияга қўшиб олинишида намоён бўлди. Ғарб давалатлари АҚШ бошчилигида бу ҳолни суверен давлатнинг ҳудудий яхлитлигига дахл қилиш деб баҳолаб, Россияга санкциялар “ёмғирини ёғдирди”.
АҚШ Россия иқтисодини “синдириш” ва мамлакатни ташқи оламдан узиб қўйиш учун барча имкониятларини ишга солиб келяпти. Бу мақсад йўлида Америка халқаро валюта вазифасини ўтовчи доллардан ҳам фойдаланяпти.
АҚШ Россиянигина эмас, Хитойни ҳам “попугини пасайтириш”га киришиб кетган. 2018 йилнинг ёзидан бери “Осмон ости” мамлакати Америка билан савдо борасида баҳслашиб келяпти. Россия ҳарбий қудрат жиҳатидан АҚШ манфаатларига раҳна солаётгани сабабли, Хитой эса иқтисодий томондан АҚШни ортда қолдириш пайига тушгани учун “Сэм амаки”нинг нишонига айланган.
Умумий душманга эга икки йирик давлат – Россия ва Хитой бир мақсад йўлида ўз иттифоқчилик алоқаларини ўрнатди. Биргаликда АҚШнинг қудратли молиявий қуроли долларнинг халқаро валюта сифатидаги гегемонлигига барҳам бериш режаларини амалга оширишга киришиб ҳам кетди. Бунинг учун расмий Москва ва Пекин синалган восита – олтиндан фойдаланишни маъқул кўряпти. Россия икки йилдирки фаол равишда олтин харид қилиб келади. Расмий Москва савдо шерикларидан тўловларни долларда эмас, олтинда тўлашни сўраган ҳоллар ҳам кузатилди. Олтиннинг захира сифатида сақлаб қўйилиши унинг нархи кўтарилишига олиб келади. Ушбу қимматбаҳо металнинг қимматлашуви долларнинг заифлашиши демакдир.
Янада кўпроқ олтин
Дунё олтин кенгаши (World Gold Council – WGC) ҳисоботларига кўра, ўтган йили ушбу қимматбаҳо металнинг марказий банклардаги ҳажми 651 тоннага ортиб, 1971 йилда АҚШ олтин стандартдан воз кечганидан бери энг юқори кўрсаткичга етган. Аҳамиятлиси, шу олтинларнинг деярли ярмини Россия Марказий банки харид қилган.
Бугунга келиб Россия МБ ихтиёрида 2183 тонна олтин захираси мавжуд. Уларнинг умумий қиймати 87 млрд долларга тенг. Россия сўнгги йиларда захираларини америка облигациялари ва долларда эмас, олтинда шакллантиришга эътибор берди. Натижада ушбу қимматбаҳо металл захираси бўйича дунёда бешинчи ўринга кўтарилди.
Хитой 1853 тонна захираси билан олтин харидида РФдан кейин иккинчи давлатга айланди. “Осмон ости” мамлакати 2018 йил охирида олтин сотиб олишни кўпайтирди. Бу халқаро бозорда ўз акс садосини берди ва бир трой унциянинг нархи 1300 долларга етди.
Ҳиндистон ҳам “Олтин клуб”га киришга уриняпти. Ўтган йили мамлакат Захира банки олтинларини 42 тоннага кўпайтириб, умумий ҳажмини 600,4 тоннага етказган.
Геосиёсий ва иқтисодий ноаниқликлар марказий банкларни ўз захираларини диверсификациялаш бўйича қарор қилишга ҳамда маблағларни хавфсиз ва ликвидлик даражаси юқори бўлган активлар ҳолида сақлашга туртки бўлди.
Йил бошидан бери олтин нархи бир мунча тўғриланди. Бироқ мутахассисларнинг фикрича, олтин нархининг коррекциялашувида ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқ. Балки бу ҳол Хитой ва Россия учун қулай имконият. Негаки улар бу вазиятда кўпроқ олтин сотиб олиши мумкин бўлади.
Bloomberg таҳлилчиларининг фикрича, дунёнинг йирик давлатлари олиб бораётган захираларини диверсификациялаш сиёсати олтин қуймасига бўлган талабни глобал даражада ошириб юборади, ўз навбатида унинг нархини ҳам.
Ишончли захира
Олтин жамғариш орқали давлатлар турли “риск”лардан суғурталанишга уринади – энг аввало геосиёсий ва санкция хавфидан.
“Турли валюта, акция ва облигациядан фарқли ўлароқ олтин – учинчи шахс билан мажбуриятлар бўлмайдиган капитал. Шу сабабдан, масалан, АҚШ Россияга тегишли олтинларга санкция қўёлмайди”, деб таъкидлайди таҳлилчи Рональд-Петер Штеферле.
“Олтин – табиий минимал инфляцияга учраши мумкин бўлган ҳамда доллар курсининг тебранишидан суғурта сифатида дунёдаги энг мустаҳкам валютаси. Бу юқори ликвидлик даражасига эга ресурс, катта миқдордаги олтин захираси инвесторларнинг валютага (бирор давлатнинг миллий пулига) бўлган ишончни орттиради”, деб фикр билдирган Штеферле.
АҚШнинг дефолтга учрашидан энг яхши суғурта сифатида олтиннинг аҳамияти ортиб боряпти. Американинг 22 трлндан ортиқ қарзи бор. Россия ва Хитой яхши тушуниб турибдики, Қўшма Штатлар қарз мажбуриятларини бажаришда катта қийинчиликларга учрайди ва охир-оқибат америка давлат облигацияларини харид қилишдан фойда қолмайди. Олтин эса дунёнинг биринчи рақамли иқтисоди дефолтга учраганда энг яхши ҳимоя воситаси бўлади. Негаки, олтин ҳар қандай қоғоз валютага тўғридан-тўғри рақобатчи бўла олади.
Нархларнинг мислсиз ўсиши
Бугунги вазиятда қимматбаҳо металларни сотиб олиш ҳам марказий банклар, ҳам инвесторлар учун энг яхши стратегия эканига таҳлилчиларнинг ишончи комил. Баъзи мутахассислар давлат қарзига қарши ставкалар қилиб, олтин ва кумуш каби қаттиқ активлар сотиб олиш кераклигини таъкидлаяпти. Шу ўринда ҳеч бир сиёсатчи, ҳеч бир Федерал захира тизими раҳбари буни ўзгартиролмаслигига урғу берилган.
Олтин ва кумушнинг нархи келажакда кескин кўтарилишини йирик инвестиция банклари ҳам инкор қилмаяпти. Goldman Sachs башоратларига кўра, босма ускунасининг тинимсиз ишлаши, дунё иқтисоди барқарорлигига янада кўпроқ хавф туғдиради. Оқибатда реал активлар – аввало олтиннинг нархи ошиб кетади.
Нархнинг ўсишига ушбу қимматбаҳо металнинг қазиб чиқарилиши камайиши ҳам сабаб бўлади. Дунёдаги энг йирик олтин қазиб олувчи компания Newmont Goldcorp мутахассисларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилга бориб олтин қазиб олиш аср бошидаги кўрсаткичга қайтади. АҚШ геология хизмати фикрича, олтиннинг ҳозирги куч билан қазиб олинишида Ер қаъридаги захиралар 2034 йилга бориб тугайди.
Таҳлилчи Билл Холтер Россия ва Хитой америка қарз бозорининг барбод бўлишидан аввал иложи борича кўпроқ олтин ғамлашга уринаётганига ишончи комил.
“Расмий Москва ва Пекиннинг узоқни кўзланган режаси Ғарбнинг олтин захирасини тугатиш. Қачонки, ушбу қимматбаҳо металл таъминотида муаммолар пайдо бўла бошлаганда Россия ва Хитой АҚШ ғазначилиги ва долларнинг захира валюта сифатидаги гегемонлигига чек қўйиб, дунё иқтисодида ўз тартибини ўрнатади”, деган фикрга келди Билл Холтер.
Аммо АҚШ ғазнасида 8 133,5 тонна олтин мавжудлигини ҳисобга олсак, Россия ва Хитойнинг режасини амалга ошириш ўйлангандан кўпроқ вақт талаб қилади деган фикрга боради, киши. АҚШнинг ярим асрдан ортиқ вақт мобайнида дунёда биринчи рақамли давлат бўлишининг асосий омили ҳам олтин бўлган. Биринчи Жаҳон урушида АҚШ бошқа давлатларга қурол яроғ ва бошқа маҳсулотлар етказиб беришдан ташқари, қарз ҳам берган ва якунда катта миқдорда олтин ғамлаган. Иккинчи Жаҳон урушидан кейин АҚШнинг олтин захиралари янада ортиб, дунёдаги 65 фоиз олтин “Сэм амака”нинг қўлида тўпланди. Шундан бери АҚШ дунёда ўз ҳукмини ўтказиб келади.
Ўзбекистоннинг олтин захираси қай аҳволда?
Жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистон 348,4 тонна олтин захираси билан бу борада дунёда 16-ўринни эгаллади. Бу мамлакат олтин-валюта захиралари тузилмасида 53 фоизни ташкил этади.
Ўзбекистон олтин савдосида фаол сотувчи давлат бўлиб келган. Мамлакат жорий йилнинг биринчи чорагида олтин сотиш бўйича дунёда етакчилик қилди. Уч ойда Марказий банк 6,2 тонна олтин сотди.
Январь-март ойларида Ўзбекистоннинг экспорт ҳажми 4,1 млрд долларни ташкил этди, ундан 1,2 млрд доллари ёки умумий тузилмадан 29,8 фоизи олтин ҳиссасига тўғри келди.
Ўтган уч йил ичида Ўзбекистон 220 тонна олтин экспорт қилган. 2016 йилда 2,7 млрд долларга тенг 70 тонна олтин экспорт қилинган. 2017 йилда қимматбаҳо металл экспорти 80 тоннани ёки 3,1 миллиард долларни ташкил этган. 2018 йилда 70 тонна олтин сотиш орқали 2,9 млрд доллар ишлаб олинган.
Марказий банк олтин сотиб, мамлакатга хорижий валюта олиб киряпти. Ҳа, Ўзбекистон олтин захираларига эга давлат. Аммо бир нарсани унутмаслик керакки, ҳар қандай табиий бойликнинг ҳам чеки бор. Йўқса, ресурсларнинг чекланганлиги ва эҳтиёжларнинг чексизлиги иқтисодиётнинг бош муаммоси бўлмасди.