Олтин экспортидан кўчиб кетганларгача! Ўзбекистон ҳақида сиз билган ва билмаган рақамлар

Бу қизиқ

image

Статистика шунчаки рақамлар эмас, у инсониятнинг тарихи. Ҳар доим бериб бориладиган статистик рақамлар халқнинг муаммолари, саломатлиги-ю фаровонлигидан гапиради, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи қай даражадалигини кўрсатиб беради. Ҳаттоки рақамлар давлат дастурларини тузиш ва қарорларни қабул қилишда муҳим асос ҳисобланади. 

БМТ Бош Ассамблеясининг 2010 йил 3 июндаги резолюциясига асосан 20 октябрь – Бутунжаҳон статистика куни деб эълон қилинган. Ушбу сана ҳар беш йилда бир маротаба кенг миқёсда ўтказилади.

Мазкур сана муносабати билан Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ сўровига кўра энг муҳим ва энг қизиқ статистик рақамларни маълум қилди.

Статқўмга кўра, жорий йилнинг 8 ойида Ўзбекистон хорижга қиймати 1,4 млрд долларга тенг олтин экспорт қилган. Бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 4,4 млрд долларга кам, ёки, 4,1 бараварга камайган. Бугунги кунда мамлакат экспортининг 15 фоизини айнан олтин ташкил қиляпти.

Олтин билан бир қаторда мис экспорти кўпайиб бормоқда. Хусусан жорий йилнинг 8 ойида Ўзбекистон хорижга қиймати 751,7 млн долларга тенг 87,6 минг тонна мис экспорт қилган. Бу рақамлар ўтган йилга нисбатан 10,3 минг тоннага кўпдир.

Энди Ўзбекистондан 2021 йилнинг январь-июнь ойларида жами 812,9 минг киши хорижга чиқиб кетган. Улардан 6,3 минг нафари ўқиш мақсадида, 10,9 минг нафари эса даволаниш мақсадида Ўзбекистонни тарк этган.

Жорий йилнинг олти ойида доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикасидан хорижий мамлакатларга кўчиб кетганлар сони 10689 кишини ташкил этди.

2021 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонга 691,7 минг хорижлик турли хил мақсадларда ташриф буюрган. Хусусан, 3,3 минг киши ўқиш, 5,7 минг киши тижорат, 577,4 минг киши қариндошларини йўқлаш ва 65,7 минг киши дам олиш мақсадида мамлакатга келган.

Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистонда 20 млн абонент интернет тармоғига уланган. Энг кўп абонентлар сони Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда. Пойтахтда 4 млн 620 минг 900 абонент интернетга уланган. Ўзбекистон аҳолиси бир кунда қанча трафик сарфлаши ҳозирча очиқланмаган.

Жорий йилнинг дастлабки икки чорагида 79,7 мингта ўлим ҳолати қайд этилган. Уларнинг 61,4 фоизи – қон айланиш тизими касалликларидан, 9,4 фоизи – ўсимталардан, 5,7 фоизи – бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 4,9 фоизи – овқат ҳазм қилиш касалликларидан, 4,5 фоизи – нафас олиш аъзолари касалликларидан, 1,9 фоизи – юқумли касалликларидан, 12,2 фоизи эса бошқа касалликлардан вафот этган. Энг кўп ўлим ҳолати февраль ойига (14 минг 702), ҳудудлар бўйича таҳлил қилганда Тошкент шаҳрига тўғри келган. 

2021 йилнинг 9 ойида Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо айланмаси 28,2 млрд АҚШ долларини ташкил қилган.

Республиканинг доимий аҳолиси сони 35 млн 79,2 минг кишини ташкил қилмоқда. Жорий йилнинг ҳар бир кунида доимий аҳоли сони ўртача 1,9 минг кишига, ҳар ойда эса 57 минг 811 кишига кўпайган. 

Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистонда 206,7 мингта никоҳ тузилган. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органлари томонидан қариндош бўлган 675 нафар келин-куёвнинг никоҳлари қайд қилинган.

UNICEF эълон қилган статистика бўйича Ўзбекистонда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган қизлар ва ёш аёлларнинг 68 фоизи ҳеч қачон Интернетдан фойдаланмаган.

Маълумот ўрнида, мамлакатларнинг миллий статистика тизимини ривожланганлик даражасини баҳолаб борадиган Жаҳон банкининг “Статистика салоҳияти индекси”да Ўзбекистон 67,8 балл билан 154 та давлат орасидан 61-ўринни эгаллаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

452

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг