Олти давлат фуқароларининг Ўзбекистон орқали Беларусга учиши тақиқланди
Жамият
−
18 Ноябрь 2021
9086Кеча, 17 ноябрдан бошлаб Ироқ, Сурия, Афғонистон, Яман, Ливан ва Ливия фуқароларининг Ўзбекистон орқали Беларусга учиши вақтинча тақиқланди. Бу ҳақда РИА Новости “Ўзавиация” агентлигига таяниб хабар берди.
“17 ноябрдан Ироқ, Сурия, Яман, Ливан, Ливия ва Афғонистон фуқаролари бўлган транзит йўловчиларнинг Ўзбекистон Республикаси орқали Беларусь Республикаси ҳудудига киришига вақтинчалик чекловлар жорий этилди”, деган агентлик вакили.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондан Беларусга парвозларни амалга оширувчи авиакомпаниялар ушбу мамлакатлар фуқаролари учун авиачипталарни сотишга вақтинча чекловлар жорий этиши керак.
“Ушбу муддат дипломатик паспорт эгалари ва Беларусь Республикасида яшаш учун рухсатномага эга бўлган юқоридаги мамлакатлар фуқароларига тааллуқли эмас”, дея қўшимча қилинган хабарга.
Маълумот учун, айни кунларда Беларусь ва унинг ғарбий қўшнилари ўртасидаги чегара нотинч. У ерда Европага ўтиб кетмоқчи бўлган минглаб одамлар йиғилган.
Ўз навбатида, Польша ва Литва томондан ҳарбийлар чегарани қўриқламоқда. Улар чегарага ўрнатилган тўсиқни бузмоқчи бўлган муҳожирларга кўздан ёш оқизувчи газларни сепиб ҳимояланмоқда. Икки ўртадаги қарама-қаршилик узоқ давом этмаслиги, аниқ. Чунки қиш яқинлашиб, ҳаволар анча совуқлашган. Муҳожирларнинг сўзларига кўра, улар ватанларига қайта олмайди.
LiveБарчаси