Олмос биржаси дунёдаги энг катта офисига эга бўлди (видео)
Олам
−
27 Июль 2023
6131Ҳиндистоннинг Гужарат штати Сурат шаҳрида дунёдаги барча олмосларнинг қарийб 90 фоизига ишлов берувчи олмос биржасининг рекорд даражадаги катта биноси – Diamond Bourse қурилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
14 гектар майдонни эгаллаган Diamond Bourse дунёдаги энг катта офис биноси мақомини олди. Пентагондан ҳам каттароқ мазкур иншоот марказий объектга махсус “шох”лар орқали боғланган 15 қаватли 9 та тўртбурчак бинодан таркиб топган. Diamond Bourse’да бир вақтнинг ўзида 65 000 дан ортиқ олмослар бўйича мутахассислар ишлаши мумкин.
Шунингдек, бинонинг фотосуратларида 4700 дан ортиқ офис хоналарини боғлайдиган мармар поллар ва ёруғлик билан тўлдирилган атриумларни кўриш мумкин. Улар олмосларни кесиш ва парлатиш учун кичик устахоналар вазифасини ҳам бажариши мумкин. 32 миллиард рупий (388 миллион АҚШ доллари) қийматидаги қурилишда 131 та лифт, ишчилар учун овқатланиш жойи, чакана савдо, соғломлаштириш ва конференция бўлимлари мавжуд.
Лойиҳа бош директори Маҳеш Гадхавининг сўзларига кўра, Diamond Bourse минглаб одамларни бизнес билан шуғулланиш учун ҳар куни поездда Мумбайга қатнашдан қутқаради.
“Одамлар уйларидан офисларига келиш ва яна уйга қайтиш учун ҳар куни уч ярим-тўрт соат вақт сарфлашлари керак. Бизнесни Сурат шаҳрига кўчириш яхшироқ вариант эди”, деди у.
Лойиҳа тўрт йиллик қурилиш ишларидан сўнг, ноябрь ойида ўзининг биринчи мижозларини кутиб олади. Расман очилиш маросими Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди томонидан ўтказилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ой бошида “Royal Carribian International” компанияси дунёдаги энг катта круиз (саёҳат кемаси)ни фойдаланишга топширганди.
LiveБарчаси