Олмалиқда товуқ машмашаси: аслида нима бўлган эди?
Жамият
−
06 Июнь 2020
15256Куни кеча ижтимоий тармоқларда Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан ходимларга товуқлар тарқатилгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Унда товуқлар мавсумий пат тўкиш жараёнинини бошдан кечираётгани сабаб, ҳолат ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Устига устак ушбу товуқлар пули ходимларнинг маошидан олиб қолинаётгани рўкач қилинди. QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Олмалиққа етиб борди.
Аниқланишича, бир неча кун аввал, Олмалиқ кон-металлургия комбинати касаба уюшмаси Кенгаши таклифига кўра, комбинат ишчи-ходимларига тирик вазнда биттадан товуқ берилган. Ушбу товуқларнинг ҳар бир донаси 8200 сўмдан(ҚҚСсиз) баҳоланиб, бу маблағ ишчилардан ушлаб қолинмаган. Бироқ, мазкур хабар Олмалиқ шаҳар ҳокимлининг телеграмдаги расмий саҳифасида ишчиларнинг ойлик маошидан 8200 сўмдан олиб қолиб, тарқатилаётгани хабар қилинган.
Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати раҳбари Дилфуза Рўзиева товуқларнинг ҳар бири 8200 га баҳолангани ҳақидаги маълумотни ишчиларнинг ойлик маошидан олиб қолиш эвазига деб тушунганини айтади. Бироқ, у янглишган эди.
Ижтимоий тармоқларда суратлари тарқалган товуқларнинг кўриниши ҳақиқатан ҳам кишини ҳайратга солади. Пати тўкилган бу товуқларни касал деб ўйлайсан киши. Аммо, паррандачиликни тушунганлар яхши биладики, товуқлар вақти-вақти билан пат тўкади. Бу эса уларнинг носоғломлигидан дарак бермайди.
Истеъмол моллари ишлаб чиқариш бошқармасининг Паррандачилик фермаси ветеринари Анвар Ҳайдаровнинг маълум қилишича, “Ломанн сенди” зотли товуқлари фақат тухум қўйишга мўлжалланган бўлиб, жўжа пайтидан 120 кунлик бўлганидан сўнг, тухумга киради ва тўхтовсиз 580 кун давомида тухум қўйишади. Паррандачилик фермасидаги товуқларнинг тухум қўйиш муддати ўтаб бўлинганлиги сабабли ҳамда иқтисодий самарадорлиги камайганлиги боис, ушбу товуқларни сотиш керак бўлган. Бу масалада тадбиркорлар комбинат раҳбариятига товуқларни сотиб олиш таклифи билан чиққан. Аммо, товуқлар комбинат ишчиларига ижтимоий ҳимоя ёрдами сифатида, беғараз тарқатилишга қарор қилинган.
Албатта, Олмалиқ кон-металлургия комбинати ходимлари орасида товуқларни олйик маош ҳисобидан олиб қолиш эвазига тарқатишяпти, деган фикрга борганлар ҳам йўқ эмас. Аммо, ходимларнинг аксарияти аллақачон паррандаларни уйларига олиб бориб, унинг роҳатини ҳам кўришмоқда.
LiveБарчаси