Олий Мажлис Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот
Жамият
−
04 Май 2019
59202019 йил 3 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси иш бошлади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати якунланган биринчи иш куни бўйича ОАВ учун махсус Олий Мажлис Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборотини эълон қилди. Қуйида унинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.
Ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди.
Ялпи мажлис кун тартиби тасдиқланганидан кейин сенаторлар кўриб чиқилаётган масалаларни муҳокама қилишга киришдилар.
Сенаторлар ишни “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини муҳокама қилишдан бошладилар. Ҳужжат давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий ва институционал базасини шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилганлиги таъкидланди. Қонунда давлат-хусусий шерикликнинг ушбу соҳадаги асосий принциплари ва йўналишлари белгиланмоқда, давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш шартлари ва тартиби келтирилмоқда. Жумладан, қонунга биноан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати 49 йилни ташкил этади.
Қонунда хусусий шерик тендер ёки тўғридан-тўғри музокаралар асосида саралаб олиниши назарда тутилмоқда. Бунда бир босқичли ва икки босқичли тендер ўтказиш тартиби белгиланмоқда: умумий қиймати бир миллион АҚШ долларига қадар бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича бир босқичли тендер ўтказилади, умумий қиймати бир миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича икки босқичли тендер ўтказилади (у дастлабки малакани аниқлаш ва тендер ғолибини саралаш босқичларини ўз ичига олади).
Қонун муҳокамасида таъкидланганидек, давлатнинг мудофаа қобилиятини ва хавфсизлигини таъминлашда, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишнинг зарурий шарти ҳисобланган интеллектуал фаолият натижаларига доир мутлақ ҳуқуқлар, бошқа мутлақ ҳуқуқлар, ер участкаси, бошқа кўчмас мол-мулк объекти ва ўзга мол-мулк муайян шахсга тегишли бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан белгиланган ҳолларда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни давлат шеригининг қарорига мувофиқ тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш асосида тендер ўтказмасдан тузиш мумкин.
Бундан ташқари, қонунда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг амалга оширилиши юзасидан мониторинг ва ҳисобдорлик тартиби, давлат-хусусий шерикликни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш механизмлари белгиланмоқда.
Давлатнинг маблағ (грантлар, субсидиялар) билан иштирок этиши, солиққа оид ва бошқа имтиёзлар, активлар, қарзлар тарзидаги қўйилмалар, давлат кафолатлари унинг асосий турлари ҳисобланади. Қонун маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимларга ва давлат харидлари соҳасига татбиқ этилмаслиги назарда тутилмоқда.
Қонун ижтимоий муҳим вазифаларни ўзаро фойдали шартлар асосида ҳал қилиш учун давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантиришга кўмаклашиши қайд этилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Ҳужжат урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштиришга қаратилганлиги таъкидланди.
Қонунда ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги ваколатли органлар – Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, “Ергеодезкадастр” қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасининг асосий вазифалари белгилаб берилмоқда.
Шунингдек, ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби ва хусусийлаштирилган ер участкаларининг ҳуқуқий мақоми тартибга солинмоқда. Юридик шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки улар томонидан хусусийлаштирилаётган бинолар ва иншоотлар, ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкалари, шунингдек, уларга туташ бўлган, ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур ўлчамлардаги ер участкалари, якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкалари жойлашган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш имконияти назарда тутилмоқда.
Қонунга кўра тасдиқланган ва эълон қилинган режалаштириш схемалари бўлмаган ҳудудларда, фойдали қазилмалар конлари жойлашган ер участкалари, давлат мулкидаги стратегик объектлар, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари, шунингдек, ўрмон ва сув фондларининг ерлари, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчиларига берилган ер участкалари хусусийлаштирилмайди.
Бунда қонунда белгилаб қўйилишича, чет эллик фуқаролар ва юридик шахслар (норезидентлар), фуқаролиги бўлмаган шахслар, агар Ер кодексида ва халқаро шартномаларда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, хусусийлаштирилган ер участкаларини олиш ҳуқуқига эга эмас. Қонун нормаларида ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилиши белгилаб қўйилган.
Шунингдек, қонунда мустаҳкамлаб қўйилишича, хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ва фуқаролик муомаласи объектлари ҳисобланади, хусусий мулк ҳуқуқи эса дахлсиздир ва у давлат томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимоя қилинади. Ҳужжатда хусусийлаштирилган ер участкасини олиб қўйишга фақат мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирув ушбу ер участкасига қаратилганда, шунингдек, национализация, реквизиция ва мусодара қилиш тартибида йўл қўйилади. Национализация қилиш фақат давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ҳамда ер участкаси мулкдорининг розилиги олинганида амалга оширилади, бу томонлар ўртасида тенг шартлар асосида тузиладиган ер участкасининг олди-сотди шартномаси билан расмийлаштирилади. Хусусийлаштирилган ер участкаси табиий офатлар, фалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ҳолларида ва фавқулодда хусусиятга эга бўлган бошқа ҳолатларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан вақтинчалик олиб қўйилиши (реквизиция қилиниши) мумкин. Сенаторлар қонунни маъқулладилар.
Сўнгра “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни сенаторлар томонидан муҳокама этилди.
Қонунда давлат сиёсатининг асосий йўналишлари назарда тутилмоқда, у қуйидагилардан иборат: соҳадаги устувор йўналишларни белгилаш ва давлат дастурларини қабул қилиш; мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ёқилғи-энергетика балансининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр, иссиқлик энергияси ва биогаз ишлаб чиқаришга доир қисмини диверсификациялаш; қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасига инновацион технологияларни, илмий-техникавий ишланмаларни жорий этиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг энергия самарадорлигини ошириш, уларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва маҳаллийлаштиришни рағбатлантириш.
Шунингдек, давлат органлари – Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлиги, ушбу соҳадаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатлари, қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчиларнинг ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Бунда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари назарда тутилмоқда.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчиларга қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларига (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) мол-мулк солиғини тўлашдан ва ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга озод этиш шаклида имтиёзлар ва преференциялар берилади. “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти таркибидаги корхоналарга реализация қилинадиган энергия ҳажмлари бўйича қўшимча қиймат солиғи тўлашдан озод этилади. Бундан ташқари, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан беш йил муддатга солиқнинг барча турларини тўлашдан озод этилади.
Шунингдек, қонунда белгилаб қўйилишича, амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахсларга эгалигидаги мол-мулк муқобил энергия манбалари ўрнатилган ойдан эътиборан уч йил муддат жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи солинмайди.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланмоқда. Жумладан, электр энергияси, иссиқлик энергияси ва биогаз ишлаб чиқаришда биогазни биомассадан шахсан фойдаланиш учун ишлаб чиқариш чоғида рухсат берувчи ҳужжатлар олиш талаб этилмайди. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқарувчилар блок-станциялар шартлари асосида ягона электр энергетикаси тизими тармоқларига уланиши мумкин, ушбу манбалардан иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчиларга эса қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ҳудудий ва магистрал иссиқлик тармоқларига улаш тақиқланади. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолаш масалалари ҳам назарда тутилмоқда.
Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, қонуннинг қабул қилиниши иқтисодиётда энергия ва ресурслар сарфини камайтиришга, ишлаб чиқаришга энергия тежовчи технологияларни кенг жорий этишга ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтиришга, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятлар тўлиқ бажарилишини таъминлашга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин парламент аъзолари “Яйловлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.
Қонун билан бу соҳадаги давлат сиёсатининг қуйидаги асосий йўналишлари белгилаб берилмоқда: давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш; яйловларни сақлаб қолишга қаратилган қоидалар, нормалар ва нормативларни белгилаш; давлат назоратини амалга ошириш; яйловлардан оқилона фойдаланишни, уларни муҳофаза қилишни, такрор кўпайтиришни ва тиклашни таъминлаш; илмий-тадқиқот фаолиятини ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.
Муҳокама чоғида сенаторларнинг эътибори давлат органларининг бу соҳадаги ваколатларига қаратилди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди, давлат дастурларини тасдиқлайди ҳамда амалга оширади, яйловларни фойдаланиш учун бериш тартибини тасдиқлайди. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва амалга оширади, яйловларда чорва молларини ўтлатиш нормалари ҳамда муддатларини тасдиқлайди ва ҳоказо. “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси, Давлат экология қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси каби тузилмалар давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда, пичан ўриш ва чорва молларини ўтлатиш нормалари ҳамда муддатларини белгилашда, чорва молларини ўтлатиш учун участкалар берилишини таъминлашда, ўрмон фонди ерларида яйловлар мониторингини ўтказишда иштирок этади.
Шунингдек, қонунда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда фуқароларнинг яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни ташкил этишдаги иштироки механизмлари мустаҳкамланмоқда, хусусан, улар яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича тадбирлар ўтказилишига кўмаклашади ҳамда жамоатчилик назоратини амалга оширади. Яйловлардан фойдаланиш тартиби ҳам белгиланмоқда, улар юридик ва жисмоний шахсларга давлат ҳокимияти органларининг қарорига кўра доимий эгалик қилишга, ижарага ва вақтинча фойдаланишга берилади, ўрмон фонди ерларида яйловлардан давлат ўрмон хўжалиги органларининг рухсатномаси бўйича фойдаланилади.
Қонунга мувофиқ яйловлардан фойдаланувчилар яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга доир чора-тадбирларга мувофиқ чорва молларини ўтлатиш ва пичан ўриш, яйлов инфратузилмасини барпо этишга доир ишларни амалга ошириш, яйловлардан фойдаланувчилар бирлашмасини тузиш ҳуқуқига эга. Улар ўз навбатида яйловлардан уларнинг белгиланган мақсадига кўра оқилона фойдаланиши, яйлов ўсимликларини такрор кўпайтиришга кўмаклашишга, ўсимлик қопламини тиклашга доир чора-тадбирларни амалга ошириши шарт.
Бундан ташқари, қонун билан яйловларни муҳофаза қилиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш масалалари тартибга солинмоқда. Жумладан, яйловларни муҳофаза қилиш яйловлардан фойдаланиш, уларни такрор кўпайтириш ва тиклаш қоидалари ҳамда нормативлари, чекловлар ва тақиқлар белгилаш, яйловлардан ўзбошимчалик билан фойдаланишнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш, инвентаризациядан ўтказиш, яйловларнинг геоботаник жиҳатдан текширилишини амалга ошириш, мониторингини юритиш, яйловлардан фойдаланиш, уларни такрор кўпайтириш ва тиклаш устидан назоратни амалга ошириш йўли билан таъминланади. Юридик ва жисмоний шахслар зиммасига яйловларни ифлослантирганлик, улардан оқилона фойдаланмаганлик, уларнинг таназзулга учраганлиги натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш юкланади.
Қайд этилганидек, қонуннинг қабул қилиниши аҳоли учун, шунингдек, экспорт қилиш учун озиқ-овқат товарлари, гўшт-сут маҳсулотлари захирасини ошириш мақсадида яйловлардан оқилона фойдаланишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини ва янги имкониятларни яратишга кўмаклашади. Сенаторлар қонунни маъқулладилар.
Сўнгра Сенат аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда ЎзбекистонРеспубликасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.
Қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтиришни, ов, балиқ овлаш маҳсулотини, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш маҳсулотини қабул қилганлик учун жарималар миқдорини оширишни, дарахтлар, буталарни, бошқа ўрмон ўсимликлари ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилганлик учун жарималар миқдорини оширишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Бундан ташқари, ўрмонларни тиклаш қоидаларини бузганлик, Қизил китобга киритилган ўсимликларни йиғганлик, ўрмон учун фойдали фаунани йўқ қилиб юборганлик, ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузганлик учун жарималар миқдорини ошириш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, қонун билан ов қилиш ва балиқ тутиш қоидаларини, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда. Ов қилиш ва балиқ овлашда тақиқланган қуролларни ёки воситаларни тайёрлаганлик, олиб кирганлик, сақлаганлик, ташиганлик ёки юборганлик, олганлик ёхуд сотганлик, ҳайвонлар яшайдиган муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларини, зоологик ва ботаник коллекцияларни вужудга келтириш ва улар билан савдо қилиш қоидаларини бузганлик, худди, шунингдек, ҳайвонларни ўзбошимчалик билан бошқа жойга кўчирганлик, иқлимлаштирганлик ёки чатиштирганлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартиш киритилмоқда.
Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 1 февралдаги қарорининг 8-бандига мувофиқ сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келганлик жиноий ва маъмурий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 5 февралдаги қарорига мувофиқ Иқтисодий процессуал кодексга иқтисодий судда низоларни ҳал қилиш усули сифатида судгача мажлис ўтказиш имконини берадиган тартиб жорий этишни, суд муҳокамасини қолдиришларнинг максимал миқдорини белгилашни (3 марта), шу жумладан, иқтисодий ишлар бўйича суд муҳокамасини қолдиришларнинг (10 кун) ва танаффусларнинг (3 марта) максимал муддатини белгилашни, шунингдек, фақат кутилмаган сабаблар ва фавқулодда ҳолатлар юз берганда суд муҳокамасини қолдириш ёки танаффус эълон қилиш мумкин бўлган ҳолларни аниқлашни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Қайд этилганидек, қонуннинг қабул қилиниши Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботи кўрсаткичларида назарда тутилган шарт-шароитлар мамлакатимизда тезроқ жорий этилишини таъминлайди ва якунида қулай инвестиция муҳитини шакллантиришга ва ушбу рейтингда Ўзбекистоннинг ўрнини оширишга кўмаклашади. Сенаторлар қонунни маъқулладилар.
Сўнгра сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.
Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларига мувофиқ бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонунига ва Бюджет кодексига таҳририй ўзгартишлар киритилмоқда. Бундан ташқари, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ойлик иш ҳақининг энг кўп миқдорини энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ўн бараваригача оширишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонун ҳам янги норма билан тўлдирилиб, унга кўра тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар ҳам Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссиянинг хулосаси асосида тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
“Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенциясини (Стокгольм, 2001 йил 22 май) ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенциясини (Стокгольм, 2001 йил 22 май) ратификация қилиш Преференциялар бош тизими “ПБТ+” доирасида мамлакатимиз товарларини Европа бозорига етказиб беришда Ўзбекистон қўшимча тариф преференцияларини олиши учун ЕИ шартларидан бири ҳисобланади. Конвенция қишлоқ хўжалиги ва кимё саноатида фойдаланиладиган ҳамда инсон соғлиғи ҳамда ер ва сув ресурслари ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган 26 та энг хавфли кимё бирикмасини ишлаб чиқаришни ва улардан фойдаланишни тақиқлайди ёки анча чеклайди.
Қайд этилганидек, Конвенциянинг ратификация қилиниши Ўзбекистон Республикасидан Конвенция котибиятига хавфли кимёвий моддаларнинг мавжуд ҳажмлари тўғрисида ахборот тақдим этишни, турғун органик ифлослантирувчи моддалар муомаласини тақиқлаш ёки чеклашни, шунингдек, Конвенция кучга кирганидан кейин 2 йил давомида ишлаб чиқиладиган Миллий ҳаракатлар режасига мувофиқ уларни экологик хавфсиз олиб ташлашни талаб қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин сенаторлар Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ва Тошкент шаҳрининг Сергели тумани чегараларини ўзгартириш, шунингдек, Навоий вилояти Нурота тумани Ғозғон шаҳарчасини Ғозғон шаҳри этиб ўзгартириш, Ғозғон шаҳрини вилоят буйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш ҳамда Навоий вилояти Нурота тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таклифига биноан Сенатнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Сенаторлар “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагидаги ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.
Ҳисобот даврида иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларига, макроиқтисодий барқарорликка ва хорижий инвестицияларнинг кенг жалб этилишига эришилганлиги таъкидланди. 2019 йилнинг биринчи чорагида Давлат бюджети даромадлари 23 триллион сўмни, харажатлар 24,1 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кўрсаткичлар тегишли равишда 1,6 ва 1,7 баравар ошди.
Ҳисобот даврида ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, одамларнинг ишончли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Йил бошидан умумий суммаси 341,2 миллион сўмлик 32 та саноат объекти ва ижтимоий инфратузилма объектлари фойдаланишга топширилди, 1806 та янги иш ўрни яратилди.
Қишлоқ аҳоли пунктларида муҳандислик ва транспорт коммуникацияларини, ижтимоий инфратузилма объектларини ривожлантириш ишлари олиб борилди. Жумладан, бу йили 15 635 та квартирага мўлжалланган қишлоқ жойларда 15 010 та, шаҳарларда 355 та арзон кўп қаватли уй барпо этиш ишлари юқори суръатларда давом эттирилмоқда.
Ҳисоботни муҳокама қилиш чоғида сенаторлар Давлат дастури мониторинги натижаларига эътибор қаратдилар. Масалан, амалга оширилиши назарда тутилган 63 та банднинг 46 таси тўлиқ бажарилган, 11 та банд бўйича тадбирлар ҳали ўтказилмоқда, 6 та банд бўйича эса ишларни бажариш муддатлари узайтирилди.
Хусусан, жорий йил 1 мартгача ҳокимиятнинг вакиллик органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш мақсадида “Электрон парламент” тизимини жорий этиш назарда тутилган. Шу муносабат билан Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори билан амалга оширилиши зарур бўлган иш белгилаб олинди. Бироқ Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси томонидан маблағлар ажратилмаганлиги туфайли ишлар амалда деярли бошланмади.
Бундан ташқари, Дастурнинг 130-бандида 1 мартга қадар қўшимча қиймат солиғидан озод этиладиган технологик ускуна ва хомашё рўйхатини қайта кўриб чиқиш назарда тутилган. Бу жуда муҳимдир, чунки мамлакатимизда ички бозорни сифатли маҳсулот билан тўлдириш ва экспортни ривожлантириш учун янги ишлаб чиқариш технологияларини кенг жорий этиш жараёни давом этмоқда. Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган ҳисоботда бу банднинг бажарилганлиги қайд этилган. Бироқ мониторинг Давлат дастурининг мазкур банди бугунги кунда ижро этилмаганлигини кўрсатди.
Дастурнинг 153-бандида санитария-эпидемиология хизматини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар кўришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини 15 февралгача тайёрлаш қайд этилган эди. Бу самарасиз санитария-гигиена лабораторияларини мақбуллаштириш ва уларнинг негизида замонавий туманлараро лабораториялар ташкил этишга, вакциналар омборларини, санитария-эпидемиология назорати марказларини таъмирлаш ва қайта қуришга, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ва тиббиёт муассасалари ўртасида юқумли касалликлар ҳамда оммавий заҳарланишларга доир ахборот алмашиш бўйича ягона дастурни ишлаб чиқишга имкон берган бўлар эди. Муҳокама чоғида Давлат дастурининг бошқа бандларининг ҳам бажарилмаслик сабаблари таҳлил қилинди.
Амалий муҳокама давомида масъул вазирликлар, идоралар ва вилоят ҳокимликлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳамда ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали аҳолини, айниқса, ёшларни Давлат дастури ижросининг боришидан хабардор қилиш самарадорлигини ошириш зарурлиги қайд этилди. Шу муносабат билан сенаторлар томонидан бу йўналишдаги ишларни кучайтириш зарурлиги тўғрисида аниқ таклифлар айтилди.
Эшитув якунлари бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитдилар.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2018 йилдаги фаолияти бу соҳани тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган стратегик мақсадли йўналишларга мувофиқ амалга оширилганлиги таъкидланди. Хусусан, кучли инфляция босими шароитида мамлакат банк тизимининг юқори бўғини бўлган Марказий банк томонидан нархларнинг ўзгармаслигини таъминлашга қаратилган пул-кредит сиёсатини ва тегишли механизмларни такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар натижасида йиллик ҳисоб-китобда инфляция даражасини йил бошидаги 20,1 фоиздан йил охирида 14,3 фоизгача камайтиришга эришилди.
Шунингдек, инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш ишлари фаол амалга оширилмоқда, алоҳида жараёнларни таҳлилий юритиш ва прогнозлаштириш тизими жорий этилди, пул-кредит соҳасида олиб борилаётган ишлар моҳияти, мақсадлари ва натижалари тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича ишлар йўлга қўйилди.
Пруденциал назоратнинг замонавий механизмлари – халқаро амалиётда кенг қўлланилаётган стресс-тест моделлар ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Банк тизимида давлат улушини камайтиришга қаратилган тайёрлов ишлари доирасида давлат улушига эга банклар фаолиятига замонавий бошқарув принципларини жорий этиш бўйича аниқ мақсадли тадбирлар ўтказилди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида иқтисодиёт учун ажратилган кредитларнинг умумий миқдори 100,7 триллион сўмни ташкил этди. Уларнинг ЯИМдаги улуши 16,3 фоиздан 24,7 фоизгача ошди. Кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали ёшлар ва аёлларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, бандликка кўмаклашиш ва аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида берилган кредитлар ҳажми 15,4 триллион сўмни ташкил этди.
Қайд этилганидек, ҳисобот даврида банк тизимининг молиявий барқарорлигини ривожлантириш ва таъминлаш бўйича тадбирлар молия муассасаларининг фаолиятини бозор тамойиллари асосида хусусий ва хорижий капитал иштирокини кенгайтириш орқали ташкил этиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва рақобат муҳитини яхшилашга қаратилди. Натижада тижорат банкларининг умумий капитали 29 фоизга ёки 6 триллион сўмга ошди, 2019 йил 1 январь ҳолатига кўра 26,7 триллион сўмни ташкил этди. Бунда устав капитали ҳажми 21 фоизга ошди ва 19,7 триллион сўмни ташкил этди. Ўз навбатида, банклар умумий капитали ошиши ва базавий ресурслар мустаҳкамланиши иқтисодиёт реал секторининг субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятларини янада кенгайтирмоқда.
Шу билан бирга, мажлисда Марказий банк 2019 йилда банк тизимини ислоҳ қилиш ва молиявий барқарорликни кучайтириш йўналишида банкларнинг устав капиталида давлат улушини босқичма-босқич камайтириши, хусусий ва хорижий капитал иштирокини кенгайтириши, тижорат банклари, банк бўлмаган кредит ташкилотларининг тўлақонли фаолиятини бозор тамойиллари асосида таъминлаши зарурлиги сенаторлар томонидан таъкидланди. Кўрсатиладиган хизматлар қамровини илғор молиявий технологиялар асосида янада кенгайтиришга, банклараро тўлов тизими барча мижозлар учун узлуксиз ишлашини таъминлашга, мижозлар ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва молиявий саводхонлигини ошириш орқали хизматлардан ҳамма фойдаланишига эришиш бўйича чора-тадбирларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Муҳокама якунлари бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн тўққизинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь