Олий ҳарбий таълим муассасаларида имтиҳондан ўтиш тартиби маълум қилинди
Жамият
−
10 Июнь 2020
6823Ўзбекистон Республикасида карантин чекловлари белгиланганлиги сабабли дастлабки ва ҳарбий-профессионал танлаш тадбирларини жорий йилнинг 10 июнь кунидан бошлаб ўтказиш режалаштирилган. Бу ҳақда АОКА штабига келиб тушаётган саволларга жавоб қайтарар экан, Мудофаа вазирининг матбуот котиби Баҳром Зулфиқоров маълум қилди.
Одатда, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 141-сон қарори билан тасдиқланган Низом талабларига асосан ҳар йили 5 июль куни Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагини билдирган номзодлар билан Давлат тест синовларининг ўтказилар эди.
“Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагини билдирган номзодлар билан дастлабки танлаш тадбирларини 10 июнь кунидан бошлаб 15 июль кунига қадар вилоятларда вазирликлар қўшма комиссиялари томонидан ўтказиладиган номзодларни индивидуал-психологик ўрганиш ва умумжисмоний тайёргарлик кўрганлигини баҳолаш тадбирларини мослашувчан режа-жадвалга асосан уларни вилоятларга йиғмасдан туманларнинг ўзида санитария қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказиш белгиланган”, деди Баҳром Зулфиқоров.
Маълумотларга кўра, аввал яшил ҳудудга кирган туманларда (бир нечта яшил ҳудуддаги туманлар номзодларини бир туманга йиғишга рухсат берган ҳолда), кейин алоҳида бир-бирига аралаштирмасдан сариқ ва ундан сўнг қизил ҳудудга кирган туманларда ўтказилади.
Шунингдек, олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун мурожаат қилган ва дастлабки танлаш босқичига қўйилган номзодлар ҳақидаги маълумотлар тизимида олий ҳарбий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан 2020 йил 15 июлга қадар Давлат тест марказининг махсус дастурига киритилади.
Бундан ташқари, ҳужжатлар ўрганилиб, натижаси ижобий баҳоланган олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш бўйича танловда иштирок этувчи номзодлар ҳақидаги маълумотларни олий ҳарбий таълим муассасаси бошлиғининг имзоси билан тасдиқланган ҳолда 2020 йил 20 июлга қадар Давлат тест марказига тақдим этиш режаштирилган.
LiveБарчаси