Олимпиаданинг ёпилиш маросимига 2 минг ҳуқуқ-тартибот ходимлари жалб қилинди
Спорт
−
10 Август
4013Франция ҳукумати Париж-2024 ёзги Олимпиада ўйинларининг ёпилиш маросимида хавфсизликни таъминлаш учун 2 минг нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимини жалб қилмоқда. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазири Жеральд Дарманен маълум қилди.
Унга кўра, пойтахт Париж шаҳридаги “Stad de Frans” стадионида ўтадиган якуний тадбирда хавфсизликни 2 мингга яқин полициячи ва жандармлар таъминлайди. Вазир ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўз вазифаларига жиддий эътибор қаратишини маълум қилган. Шу билан бирга, у ҳозирда маросим хавфсизлигига аниқ таҳдидлар ҳақида маълумот йўқлигини таъкидлаган. Дарманен шундай бўлса ҳам барча зарур хавфсизлик чоралари кўрилганини қўшимча қилди.
Франциядаги маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг қайд этишича, бу 2 минг нафар ҳуқуқ-тартибот ходимлари Олимпиада вақтида мамлакатда хавфсизликни таъминловчи 30 минг нафар полиция ва жандармерия ходимларидан иборат жами гуруҳ таркибига киради.
Мусобақа ёпилиш маросими 11 август, якшанба куни “Stad de Frans” стадионида бўлиб ўтади. У маҳаллий вақт билан соат 21:00 да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олимпиада ташкилий қўмитаси раҳбари Тони Эстанге Франция ҳукумати 40 та давлат билан ҳамкорликда Париждаги Олимпиада ўйинлари хавфсизлигини таъминлаётганини маълум қилганди.
LiveБарчаси