Олимпиаданинг олтинчи кунида ўзбекистонлик спортчилар қандай натижа қайд этишди?
Спорт
−
29 Июль 2021
20323Бугун, 29 июль куни Олимпия ўйинларида 6 нафар ўзбекистонлик спортчи баҳсларда иштирок этди.
Бокс: Токио Олимпиадасида бокснинг +91 кг вазн тоифасида иштирок этаётган ўзбекистонлик Баҳодир Жалолов ўзининг илк жангини ўтказди ва ғалаба қозонди.
Дунё рейтингида биринчи ўринни эгаллаб турган Жалоловга озарбайжонлик Муҳаммад Абдуллаев рақиблик қилди. Беллашув давомида устунликка эришган сурхондарёлик Жаҳон чемпиони ҳакамларнинг қарори билан ғалабага эришди. Жалолов иккинчи раундда рақибини нокдаун ҳолатига туширишга ҳам улгурди.
Унинг чорак финалдаги рақиби ҳиндистон вакили Сатиш Кумар бўлади.
Бокс бўйича -75 кг вазн тоифасида Олимпия ўйинларида иштирок этаётган Ўзбекистон вакили Фанат Қаҳрамонов нимчорак финалда қозоғистонлик боксчи Абилхан Аманқулга қарши рингга кўтарилди.
Биринчи раундда устунликка эришган Қаҳрамонов қолган раундларда ташаббусни бой берди.
Бунга қадар, Фанат Қаҳрамонов илк босқичда грузиялик Гиорги Харабадзега қарши рингга кўтарилиб, техник нокаут эвазига ғалаба қозонганди.
-51 кг вазн тоифасида иштирок этаётган боксчи Турсуной Раҳимова туркиялик Бусе Наз Чақирўғлу билан кечган муросасиз жангда устунликка эришган эди. Бироқ ҳакамларнинг қарори якунда жаҳон рейтинги етакчиси ҳисобланган Чақирўғлунинг ғалабасини эътироф этди — 3:2.
Илк босқичда польшалик Сандра Драбикка қарши рингга кўтарилган Раҳимова рақиби устидан 4:1 ҳисобида зафар қучиб, Олимпия ўйинларида ғалаба қозонган биринчи ўзбекистонлик боксчи қиз сифатида қайд этилган эди.
Дзюдо: -100 кг вазн тоифасидаги ўзбекистонлик дзюдочи Муҳаммадкарим Хуррамов нимчорак финалда япониялик жаҳон чемпиони Аарон Вольфга қарши татамига кўтарилди.
Беллашувда япониялик спортчи ўзининг техник жиҳатдан кучли эканлигини кўрсатган ҳолда “иппон” баҳоси эвазига ғалабани қўлга киритди. Хуррамов эса, мусобақани тарк этди.
Эшкак эшиш: Академик эшкак эшиш бўйича иштирок этган Шахбоз Холмурзаев ва Собир Сафаралиев ҳам бугун баҳсларда иштирок этди. “С” финалда (медаллар учун эмас 13 дан 18-ўрингача бўлганларни аниқлаш учун ўтказилади) ўзбекистонлик эшкак эшувчилар 6 жамоа ичида тўртинчи бўлиб маррага етиб келишди.
Шу тариқа, Олимпиаданинг олтинчи кунида иштирок этган 6 нафар спортчилар орасида фақатгина Баҳодир Жалолов ўз иштирокини давом эттиради. У навбатдаги жангини 1 август куни ўтказади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь