Олимпиада учун бокс бўйича янги вазн тоифалари тасдиқланди

Спорт

image
Халқаро Олимпияда қўмитаси (ХОҚ) 2028 йилда Қўшма Штатларининг Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари учун бокс бўйича янги вазн тоифаларини расман тасдиқлади. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

2028 йилги Олимпия ўйинлари учун саралаш тизими World Boxing томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у Халқаро Олимпия Қўмитаси томонидан маъқулланди.

Янги қоидаларга кўра, Олимпия турнири тарихда биринчи марта тўлиқ гендер тенглик асосида ўтказилади. Эркаклар ва аёллар еттитадан вазн тоифасида медаллар учун кураш олиб боради. Мусобақада жами 248 нафар спортчи иштирок этади – эркаклар ва аёллар ўртасида 124 нафардан.

2028 йилги Олимпия ўйинларида бокс бўйича медаллар қуйидаги вазн тоифаларида ўйналади:

Эркаклар:
  • -55 килограммгача;
  • -60 килограммгача;
  • -65 килограммгача;
  • -70 килограммгача;
  • 80 килограммгача;
  • -90 килограммгача;
  • -90 килограммдан юқори.

Аёллар:
  • -51 килограммгача;
  • -54 килограммгача;
  • -57 килограммгача;
  • -60 килограммгача;
  • -65 килограммгача;
  • -70 килограммгача;
  • 75 килограммдан юқори.

Олимпия ўйинларига саралаш бир неча босқичда амалга оширилади. Илк саралаш мусобақаси 2027 йилда Қозоғистонда ўтадиган Жаҳон чемпионати бўлади. Шундан сўнг 2027 ва 2028 йилларда қитъа мусобақалари ташкил этилади. Саралаш босқичи 2028 йилда ўтказиладиган икки жаҳон саралаш турнири билан якунланади.

Маълумот учун, World Boxing 2023 йил апрель ойида ташкил этилган. 2024 йил май ойида ташкилот ХОҚ билан биринчи расмий учрашувини ўтказган ва 2025 йил февраль ойида Олимпия ҳаракати доирасида вақтинчалик халқаро федерация сифатида тан олинган.

Мақола муаллифи

Теглар

бокс ХОҚ Олимпия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг