Олимпиада бойкоти: Япония АҚШ ё Хитойни танлашга иккиланяпти
Олам
−
16 Декабрь 2021
3899Япония Бош вазири Фумио Кишида Хитой пойтахти Пекинда ўтказиладиган қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида қатнашмайди. Бу ҳақда ҳукумат раҳбари бугун, 16 декабрь куни парламент юқори палатасининг бюджет комиссияси муҳокамаси чоғида маълум қилди.
Кишида очилиш маросимида бошқа расмийлар иштирок этадими ёки йўқми бунга аниқлик киритмаган ва унинг АҚШ бошчилигидаги инсон ҳуқуқлари бўйича бойкотга қўшилиши ҳам номаълумлигича қолмоқда.
“Мен ўзим ҳам Олимпиадада қатнашишни режалаштирмаяпман”, деди у. Шу билан бирга, ҳукумат раҳбари Япония ўзининг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда тез орада Ўйинларнинг очилиш маросими ва бошқа тадбирларда расмий шахсларнинг иштироки бўйича якуний қарорни қабул қилишини қўшимча қилди.
Дастлабки режага кўра, жорий йилда Токиода бўлиб ўтган Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси раиси Сеико Хашимото Пекинга боради.
Маълумот учун, жорий йилнинг 6 декабрь куни АҚШ Пекин Олимпиадасига дипломатик бойкот эълон қилди, бу Америка расмийларини ХХРга юбормасликни назарда тутади. Бойкот спортчиларга тааллуқли эмас. Айни пайтда АҚШ ташаббуси Австралия, Британия, Янги Зеландия ва Канада томонидан қўллаб-қувватланди. Хитой бу қарорни Олимпия Хартиясига зид равишда сиёсий манипуляция деб атади ва жавоб чораларини кўришга ваъда берди.
Бойкотда иштирок этаётган давлатлар ўз қарорини Хитойнинг инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузиб, Шинжой-Уйғур автоном вилоятидаги уйғурларга нисбатан олиб бораётган сиёсатини, Гонконгдаги демократия ва эркинликлар бостиришга бўлган уринишлари билан боғлади.
Бойкот АҚШнинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги асосий иттифоқчиси Японияни Ўйинлар очилишига икки ойдан камроқ вақт қолганида қийин аҳволга солиб қўйди.
Келгуси йил Япония ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 50 йил тўлади. Шу муносабат билан Токио Хитой томонининг салбий муносабатини келтириб чиқармаслик учун Ўйинларга делегация юборишдан бутунлай воз кечмоқчи эмас.
Бундан ташқари, Хитой расмийлари коронавирус билан боғлиқ кенг жамоатчилик эътирозига қарамай, Токиодаги ёзги Олимпиада ўйинларини ўтказиш қарорини қўллаб-қувватлаганди.
Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Ин шу ҳафта унинг мамлакати бойкотга қўшилмаслигини айтиб, 4-20 февраль кунлари бўлиб ўтадиган ўйинларни Сеулнинг Пекин билан муносабатлари учун "ижобий" деб таърифлади.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Венбин Муннинг баёнотини маъқуллади.
2024 йилги ёзги ўйинларга мезбонлик қилиши керак бўлган Франция эса Пекинга юқори даражадаги расмийларни юборишини айтди.
Шаҳло Орзиева
LiveБарчаси