Олимлар Марказий Осиё бўйича хавотирли огоҳлантириш билан чиқди

Олам

image

АҚШнинг Небраска-Линкольн университети олимлари сўнгги 40 йил ичида Марказий Осиёнинг айрим қисмларида чўл ҳудуди 100 километргача кенгайганини маълум қилди. Бу ҳақда “Scientific American” хабар берган. 

Қайд этилишича, ўтган асрнинг охиридан бошлаб чўл иқлими деб таснифланган ҳудуд Ўзбекистон ва Қирғизистон шимоли, жанубий Қозоғистонда ва Хитой шимоли-ғарбий қисмидаги Жунғор ҳавзаси атрофида 100 километргача кенгайган. 

Бундан ташқари, олимлар бу сезиларли кенгайиш қўшни иқлим зоналарига домино таъсирини ўтказганини ва улар ҳам қуриганлигини таъкидлаган. 1990 ва 2020-йиллар оралиғида баъзи ҳудудларда ўртача йиллик ҳарорат 1960 ва 1979 йиллардагига қараганда камида 5 даража иссиқроқ бўлган, ёз қуруқроқ бўлиб, фақатгина қишда ёғингарчилик бўлган.

Шу билан бирга, олимлар тоғли ҳудудларда ҳам иқлим ўзгараётганини қайд этишган. Хусусан, Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмидаги Тянь-Шань тоғ тизмасида ҳароратнинг кўтарилиши сабаб қор эмас, фақатгина ёмғир ёғган. Ер ва иқлим бўйича мутахассис ва тадқиқотнинг етакчи муаллифи Ци Хунинг сўзларига кўра, ҳароратнинг ошиши ва ёғингарчиликнинг кўпайиши баландликдаги музларни эришига олиб келмоқда.

Олимларнинг тушунтиришича, қор ёғишининг камайиши билан Марказий Осиёдаги музликлар йўқолган музнинг ўрнини боса олмайди, бу эса келажакда одамлар ва экинларга камроқ сув етиб боришига сабаб бўлади. 

“Тоғ-кон саноати ва қишлоқ хўжалиги каби инсон фаолияти ҳам чўлланишга ёрдам беради. Шунинг учун Марказий Осиё ҳукуматлари барқарор қишлоқ хўжалиги ва урбанизацияга эътибор қаратишлари керак”, дейди Буюк Британиянинг Oxford университети географи Трой Стернберг.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

2243

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг