Олимлар итлардан одамларга юқадиган янги коронавирусни топишди

Бу қизиқ 4475
image
-

Aмерика Қўшма Штатлари ва Малайзия олимлари илгари номаълум бўлган коронавирусни аниқладилар, у итлардан одамларга юқади. Бу ҳақда РИA Новости хабар берди.

Маълум қилинишича, 2018 йилда олимлар Малайзияда пневмония билан даволанаётган 300 дан ортиқ беморнинг бурун тампонларини таҳлил қилишган. Уларнинг саккизтасидан, еттитаси болалар бўлиб, намуналардан илгари номаълум бўлган коронавирус аниқланган. Олимлар ушбу янги турини CCoV-HuPn-2018 дея номлаганлар. Ушбу янги коронавирус тури илгари фақат итларга юққан. Aммо эндиликда олимлар CCoV-HuPn-2018 коронавируси итлардан одамларга ҳам юқишни бошлагани ҳақида хабар беришган.

Хабарга кўра, вирус одамдан одамга юқиш-юқмаслиги ва инсон иммунитети ушбу касаллик билан қандай кураша олиши номаълум.

"Ҳозир биз ушбу вирусдан янги пандемия кутиш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпмиз, аммо ушбу касаллик келажакда ҳеч қачон ташвиш туғдирмайди деб айта олмайман", деган Огаё штати университети тадқиқотида қатнашган олимлардан бири Aнастасия Власова. 

Маълум қилинишича, ушбу коронавирус билан касалланган итларда ошқозон-ичак тракти билан боғлиқ муаммолар қайд этилган. Одамларда эса  бу белгилар йўқ, аммо нафас олиш йўллари касалликлари билан ўхшаш аломатлар қайд этилган. Шу билан бирга, ушбу коронавирус ташхиси қўйилган саккизта беморнинг ҳаммаси тузалиб, 4-6 кундан кейин шифохонадан чиқарилган.

Шунингдек, Власова, айни пайтда ушбу вируснинг қанчалик кенг тарқалгани номаълумлигини таъкидлаган. Aммо олимларнинг айтишича, вирус итлар ва Малайзиядаги одамлар орасида тарқалиш билан чекланмаслиги мумкин. Уларнинг айтишича, агар эпидемиологик тадқиқотлар тасдиқланса, бу  саккизинчи коронавирус бўлади.

Сардор Тўланбоев

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 67
Рейтинг: 3.1
t
×