Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ!

Жамият

Статистик маълумотларга қараганда, кейинги юз йилда дунёда сув истеъмоли 7 фоизга ошган бўлиб, бу ҳар бир инсон учун ажратилиши мумкин бўлган ичимлик сувининг ҳажми 60 фоизга қисқарганини кўрсатади. Келгуси 25 йил ичида эса сув захиралари яна икки маротабага камайиш эҳтимоли мавжуд. 

Марказий Осиё қумликларида жойлашган Ўзбекистон ҳам сув муаммосидан холи эмас. Мамлакатда қишлоқ хўжалигидаги ерларнинг катта қисми суғорма деҳқончиликка асосланади ва бунда Ўзбекистон трансчегаравий аҳамиятга эга бўлган Амударё, Сирдарё ва Зарафшон дарёларининг сувининг катта қисмини истеъмол қилади. 

Агар 1990 йилгача Ўзбекистон турли мақсадлар учун ишлатилатган сув 64 миллиард кубни ташкил этган бўлса, 2008 йилда бу кўрсаткич 51 миллиардгача қисқарган. 1985 йилгача 1 гектар майдонни суғориш учун 22,4 минг метр куб сув сарфланган бўлса, замонавий тежамкор технологиялардан фойдаланиш туфайли 2019 йилга келиб бу миқдор 5-10 минг метр кубгача қисқарди. 

Умуман олганда, тежамкор технологиялардан унумли фойдаланиш иқлими кескин ўзгарувчан ва ёзги ҳарорати жуда иссиқ бўлган мамлакатда катта аҳамият касб этади. Ўзбекистоннинг шимолий минтақаси Хоразм вилояти кейинги 30-40 йил ичида қуриши натижасида глобал фожиага айланган Орол денгизига энг яқин ҳудуд ҳисобланади. Вилоятдаги экин майдонларнинг шўрланиш даражаси юқорилиги ҳам айнан Орол билан боғлиқдир. Қишлоқ хўжалигида ерлар унумдорлигини ошириш қанчалик мураккаб жараён эканини ҳисобга олсак, шўрланган майдонлардан тузни қочириш ҳам сув билан боғлиқ эканини инстисно қилиб бўлмайди. Сувдан унумли фойдаланиш мақсадида бугунга келиб, Хоразмда ҳам бир қатор лойиҳалар амалга ошириляпти. 

Жумладан шу йилнинг август ойида “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” дастурининг БМТ Тараққиёт дастури ва Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг Ўзбекистондаги филиали томонидан амалга оширилаётган 2- ва 3-компонентлари доирасида оммавий ахборот ворситалари учун ташкиллаштирилган 3 кунлик медиа тур доирасида Хоразм вилоятида сувдан фойдаланишда илғор технологияларни жалб этиш каби мураккаб масалалар таҳлил қилинди. Медиатур давомида Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида сув ресурсларини бошқариш, мелиорация, йирик гидротехника иншоотлари ва сув омборлари, насос станциялари ҳамда энергияни тежаш йўналишлари бўйича семинар тренинглар ўтказилди. 

Медиатурнинг иккинчи куни вилоятнинг Янгибозор туманидаги сув хўжалиги объектларини бориб кўриш билан бошланди. Илк манзил “Бўзқалъа” сув истеъмолчилари уюшмаси бўлди.

Таъкидлаш керакки, мазкур уюшма бугунги 2 минг 300 гектардан зиёд майдонни сув билан таъминлашга хизмат қилади. Унинг таркибида 15 та пахтачилик ва ғаллачилик, 8 та боғдорчилик, 2 та чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари фаолият кўрсатади. 

Уюшма ҳудудига 6,9 километр узунликдаги “Бўзёп” канали орқали сув келади. “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” дастурининг БМТ Тараққиёт Дастури томонидан амалга оширилаётган 2-компоненти доирасида мазкур канал тозаланди. “Бўзёп” коллекторига секундига 500 литр сув тортиш қувватига эга 2 та насос ўрнатилди. Шунингдек, уюшмага 1 та кажавали мотоцикл, 5 та велосипед тақдим қилинди. 

Ҳудудга 15 та сув ўлчаш ускуналари ўрнатилган бўлиб, яна 15 та сув ўлчаш жиҳозлари олиб келиш мўлжалланмоқда. 

Шу куннинг ўзида журналистлар Қoрамази-Қиличбой ирригация тизими ҳавза бошқармасига қарашли “Дарёлик” каналида доплер-профилограф – ультра товушли сув ўлчаш мосламасини ишлатиш жараёни билан таништирилди. 

БМТ Тараққиёт дастури доирасида бошқармага тақдим этилган мазкур ускуна сувнинг чуқурлиги, сатҳи, тезлиги, шўрланиш даражаси, ҳароратини ўлчаб, сунъий йўлдош орқали маълумотларни компьютерга етказиб беради. 

Медиа-турнинг сўнгги кунида оммавий ахборот воситалари ходимлари Урганч давлат университетида UzWaterAware лойиҳаси доирасида умумтаълим мактабларининг ботаника, биология, кимё фани ўқитувчилари учун сувни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш каби мавзулар бўйича ўтказилган эко-дарсларни кузатди. 

Шунингдек, медиа-тур иштирокчилари “KRASS” нодавлат нотижорат ташкилоти фаолияти билан ҳам танишди. Агро-маслаҳат маркази сифатида фаолият олиб бораётган ушбу ташкилот қишлоқ хўжалиги соҳасини қўллаб-қувватлаш орқали қишлоқ жойларда узоқ муддатли озиқ-овқат хавфсизлигини ва экологик барқарорликни таъминлаш ва фаровонликни ошириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга ҳисса қўшишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. 

Умуман олганда, сувни тежаб ишлатишда ақлли технологиялардан фойдаланиш, Она табиатнинг инъоми бўлган оби-ҳаётни бемақсад сарфламаслик, томчилаб суғориш технологиясини жорий этишга қаратилаётган кенг қамровли ишлар шу йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида сув ресурсларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда ҳам тилга олинди. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда тоза сув таъминоти 68 %ни ташкил этмоқда. Мамлакатдаги 11 мингдан ортиқ қишлоқларда тоза сув йўқ. 38 % сув тармоқлари авария ҳолатида.

Ҳаёт манбаи бўлган сувни беҳуда исроф қилмаслик, келгусида ердаги барча тирик мавжудотларни сақлаб қолишга ва инсонларнинг соғлом ва фаровон турмуш кечиришига қўшган ҳиссамиз бўлади. Зеро, сувни асраш ҳаётни асраш демакдир.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

44

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг