Октябрь ойида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
Бу қизиқ
−
27 Сентябрь 2023
18372Ўзбекистон ҳудудида октябрь ойи ҳам кузнинг биринчи ойи – сентябрда кузатилгани каби анча илиқ ва қуруқ об-ҳаво билан бошланади. Иккинчи ва учинчи 10 кунликларда секинлик билан ҳаво ҳарорати пасая бошлайди. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги хабар берди.
Жорий йилнинг октябрь ойи қуруқ ва ўртача иссиқ ҳаво билан бошланади. Ойнинг биринчи ҳафтасида ёғингарчиликсиз об-ҳаво ҳукмрон бўлиши кутилмоқда. Кечаси ва эрталаб ҳарорат 11-16 даража бўлиб, салқин об-ҳаво кузатилади. Кундузи эса ҳаво ҳарорати 23-28 даражагача, жанубий ҳудудларда 30 даражагача иссиқ бўлади.
Ой охиригача республика бўйлаб ҳаво ҳарорати кечаси 3-8 дан 10-15 даражагача, кундузи эса 13-18 дан 23-28 даражагача бўлади. Қорақалпоғистон, Хоразм ва Навоий вилоятлари шимолида ойнинг иккинчи ярмида кечаси ва эрталаб 3-0 даражагача совуқ бўлиши мумкин.
Октябрь ойининг биринчи ўн кунлиги охирида, иккинчи ва учинчи ўн кунликнинг айрим кунларида ёмғир ёғиши кутилмоқда.
Иқлим меъёрларига кўра, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик октябрь ойида 4 кундан 8 кунгача, республиканинг энг чекка жанубида 1 кундан 3 кунгача давом этади. Асосан ёмғир ёғиши, баъзан ёмғир қисқа муддатли қорга айланиши мумкин.
Кўп йиллик ўртача тунги ҳаво ҳарорати 6-11 даражани ташкил қилади, лекин ушбу ойнинг иккинчи ярмида ҳаво совий бошлайди. Октябрь ойида кундузги ҳарорат одатда 10-15 дан 23-28 даражагача бўлади.
Баъзида ҳақиқий ҳарорат ёки ёғингарчилик миқдори иқлим нормасидан сезиларли даражада фарқ қилиши мумкин. Масалан, Тошкент шаҳрида бутун 150 йиллик метеорологик кузатишлар тарихида ҳавонинг максимал ҳарорати айрим йилларда 33-35 даражагача етган.
Айтиш жоиз, Тошкентда октябрь ойидаги рекорд минимал ҳарорат ўтган аср бошларида -11,2 даражани ташкил қилган. Охирги 30 йил давомида Тошкентда минимал ҳаво ҳарорати -2/-1 даражадан пастга тушмаган.
Маълумот учун, сўнгги 30 йил ичида Ўзбекистон бўйлаб энг ёмғирли ой 2015 йилнинг октябрь ойи бўлган. Ўша йили Тошкент шаҳрида ёғингарчилик миқдори меъёридан 3,5 баробар ошиб, икки кун ичида 45 мм га етган ва меъёридан қарийб 2 баробар ошиб кетган эди.