ОКМКда ноёб турдаги янги маҳсулотлар ўзлаштирилмоқда
Бизнес
−
24 Август 2022
10294Илм-фаннинг ишлаб чиқаришга интеграцияси янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга сабаб бўлмоқда. Айниқса, инновацион ишланмаларнинг саноатга татбиқ этилиши янги маҳсулот турларини ишлаб чиқаришда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Олмалиқ кон-металлургия комбинатида самарали изланишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2022 – 2024 йилларга мўлжалланган “Олмалиқ КМК” АЖ “Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси”ни ривожлантириш ва янги маҳсулотларни ўзлаштириш дастури ижроси бўйича салмоқли ишлар амалга оширилаяпти.
Хусусан, комбинат олимлари ва мутахассислари бир қатор янги турдаги маҳсулотларнинг илк намуналарини олишга муваффақ бўлишди.
Ушбу маҳсулотлардан бири юқори даражада мустаҳкамлик ва эгилувчанликка эга никел асосли янги суперқотишмадир.
Қотишмадан узоқ ишлайдиган, масалан, автомобилсозлик, ички ёнув двигателлари, юқори иссиқликда ишловчи қурилмалар, нефть-газ соҳасида, аэрокосмик ишлаб чиқаришда фойдаланилади.
Ҳозир дунё давлатларида inconel деган никел асосли қотишма бор. Бу ривожланган автомобилсозликда кўп ишлатилади. Асосан, Chevrolet, Hyundai, Kia'лар моторида шундай материал ишлатилади.
Янги ихтиро никел асосли суперқотишмалар оиласига мансуб бўлган металл композиция ҳисобланади. Унинг афзаллиги оксидланиш даражаси йўқлигида, яъни коррозияга учрамайди, шу сабаб узоқ муддат яроқли бўлади. Зичлиги пастлиги ҳисобига енгил, лекин бу мўрт дегани эмас. Яъни у енгил, мустаҳкам, эгилувчан, ҳар хил ҳарорат ва иқлимларда синиб кетмайди, ташқи муҳит таъсирини олмайди. Янги суперқотишма енгил бўлиши билан бирга, жуда юқори ҳароратга бардошли ҳисобланади ва енгил қуйилади.
Ўтган ҳафтада лаборатория ва ярим саноат шароитида комбинатда никел асосли янги суперқотишманинг илк намунаси олинди. Ушбу қотишмага Европа, Осиё ва АҚШда ҳам талаб жуда катта. Суперқотишмадан яқин келажакда юқори қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳам ўзлаштирилади.
Яна бир янги маҳсулот аммоний октамолибдат бўлиб, у тутунни камайтирувчи ва оловни сўндириш хусусиятига эга. Ушбу модда барча пластик маҳсулот(поливинилхлорид )ларига қўшилганда биринча навбатда ёнғинни ўчириш хусусиятга эга. Энг афзаллик жиҳати, пластик қурилиш материлига қўшилганда унинг ёнувчанлигини тўхтатиши билан аҳамиятли. Шунингдек, ушбу маҳсулот дунё бозорларида автомобиль интерьери, авиaкосмик интерьерига, кабелларга қўшилади.
Ушбу маҳсулотни олишда амалга оширилган илмий изланишлар ўз натижасини узоқ куттирмади. 23 август куни аммоний октамолибдат 99,99% соф ҳолатда олинишга эришилди. Айни пайтда маркетинг ишлари олиб борилмоқда. Мазкур маҳсулотни катта ҳажмда ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.
Ҳозирда илк намуналарини яримсаноат шароитида ишлаб чиқарилди. Ушбу маҳсулот молибден асосидаги маҳсулот саналади. Ўйлаймизки, бу маҳсулотимиз қурилиш соҳасида ҳам кенг қўлланилиб, соҳада инқилоб ясаши шубҳасиз.
Комбинат мутахассислари ва олимларининг ушбу ютуқлари мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллигига ўзига хос совға бўлади, десак муболаға бўлмайди.
ОКМК Ахборот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь