ОКМК: Мис эритиш заводининг 60 йиллиги нишонланди

Бизнес

image

Бугун Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Мис эритиш заводи ўзининг 60 йиллигини нишонламоқда.
Мис эритиш заводи комбинатининг энг йирик бўлинмаси бўлиб, катод миси, олтин ва кумуш , селен ва теллур, сульфат кислотаси, мис купороси, аммоний перренат, куйдирилган молибден ярим тайёр маҳсулот ва эмалланган сим ишлаб чиқарувчи, илғор технология ва хомашё таркибидаги асосий металларни олиш учун тўлиқ технологик занжирга эга замонавий корхона ҳисобланади.

Мис эритиш заводини бежизга Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг юраги дейишмайди. Айнан Мис эритиш заводида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” деб аталувчи, ўз сафида 35 мингдан зиёд ишчи-ходимларни бирлаштирган корхонанинг машаққатли меҳнатлари маҳсули юзага чиқади.

Байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири табриги ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, сўзга чиққан ОКМК бошқарув раиси А.Хурсанов корхона фаолиятига тўхталар экан, йилига 148 минг тоннадан зиёд мис ишлаб чиқараётган бу корхона мустақиллик йилларида янада равнақ топганини эътироф этди.

Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида, корхонанинг олтин ва кумушни ишлаб чиқариш цехи ишга туширилди. 1991-йил 24-декабрда заводда илк бор соф кумуш олинди. Орадан икки кун ўтиб Олмалиқнинг биринчи 999,9 соф олтини олинди. 1996-йилда Лондон рангли металлар ассоциацияси комбинатда юқори сифатли кумуш ишлаб чиқарилишини расман тан олди. Шу йилнинг ўзида Лондон рангли металлар биржаси комбинат кумушига “Энг яхши етказиб берувчи” мақомини берди.

Байрам тадбирида бир гуруҳ илғор металлурглар “Кончилик Шуҳрати” кўкрак нишони, фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Юбилей айёмида шунингдек, АҚШ ва Европанинг етакчи компания вакиллари ҳам иштирок этишди. Финляндиянинг Metso Outotec компанияси президенти Пия Карху бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли саноат соҳаси жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Биз каби хорижий инвесторларнинг қизиқишлари ҳам йилдан йилга ортиб боряпти. Компаниямиз Олмалиқ кон-металлургия комбинати билан бир неча йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келади. Биз комбинатнинг янги бойитиш фабрикаси ва янги металлургия комплекси учун ускуналар етказиб беришни режалаштирганмиз. Бугунги кунда комбинатда амалга оширилаётган мегалойиҳада иштирок этганимиздан мамнунмиз.

Тадбир давомида машҳур хонандалар Анвар Ғаниев, Аҳрор Усмонов иштирокидаги концерт дастури ҳавола этилди.

Концерт дастуридан сўнг хорижий меҳмонлар ва комбинат фахрийлар "Қалмоқир" ва "Ёшлик" конлари, мис бойитиш фабрикаси қурилиши жараёни ва мис эритиш заводи фаолияти билан яқиндан танишди.

Шунингдек, ташриф давомида фахрий металлурглар бугунги авлод металлурглари билан мисдан "Дўстлик" қуймасини қуйишди. Унга келажак авлодга мактуб жойланди.

Мактубда корхонага асос солган фахрийлар ва ҳозирда меҳнат қилаётган металлурглар номидан келажакда шу заводда ишлайдиган ёш авлодга тилаклар изҳор этилди.

Юбилей айёми “Тожмаҳал” банкетлар залида ҳам давом эттирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг