Охири кўринмаётган кураш. Бу йил Россия-Украина уруши тугайдими?
Таҳлил
−
24 Февраль
11516Бугун, 24 февраль куни Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганига икки йил тўлди. БМТ маълумотларига кўра, бу икки йил ичида 10 000 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган ва 18 000 дан ортиқ киши жароҳатланган. Айни пайтда Украина аҳолисининг 15 миллиони гуманитар ёрдамга муҳтож, 4 миллионга яқини ички кўчирилганлар, 3,3 миллиони фаол ҳарбий ҳаракатлар зоналарида яшайди.
Қайд этиш жоиз, Украинани 3 кунда босиб олиши иддао қилинган Россия мана 2 йилдирки, бу мамлакатда ўз юришини давом эттиряпти. Ҳар икки тарафдан қурбонлар кўп, ҳар икки мамлакат етарлича чарчади. Охири кўринмаётган ушбу уруш Россиянинг ҳам Украинанинг ҳам иқтисодиётига катта таъсир қилди. Икки давлатнинг ҳам кўплаб аҳолиси ўз юртини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Фақат украиналикларнинг аксарияти ракета зарбаларидан қочган бўлса, россияликлар эса урушга сафарбар қилиниши сабаб ўз мамлакатидан кетди.
Аслида бу йил Россиянинг Украинага уруши бошланганига 2 йил эмас, нақд 10 йил бўлди. Ҳа, Россия бу мамлакатга кўз олайтиришни 2014 йил бошланганди. Украиналиклар 10 йилдан бери ирода кўрсатиб келмоқда. Аммо ҳеч бир томон урушда сезиларли муваффақиятга эриша олмади.
Шуни айтиш ўринлики, бу йил дунёнинг энг йирик давлатлари – Россия ва АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. “Курси”ларда бўладиган ўзгариш ҳам қандайдир маънода урушнинг тақдирини ўзгартиради. Умуман олганда, ўтган икки йил ичида урушаётган томонларнинг мақсадлари ўзгарганми?
Америка ташқи сиёсат тадқиқот институти экспертлари Украина ва Россиянинг уруш давридаги стратегияларидаги ўзгаришларни, шунингдек, ҳар бир томон ўз мақсадларига эришиш истиқболларини қандай белгилашини таҳлил қилди.
Истеъфодаги полковник ва ҳозирда АҚШ армияси ҳарбий коллежида Евросиё тадқиқотлари кафедраси доценти ва Ташқи сиёсат тадқиқот институтининг директори Роберт Гамильтоннинг айтишича, Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери ҳар икки томоннинг ҳарбий мақсадлари ўзгармаган.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, денасификация, демилитаризация ва бошқалар ҳақидаги шовқинли ташвиқотларга қарамай, Кремль ҳали ҳам бир хил мақсадда.
"Украинани Россиянинг геосиёсий орбитасини тарк этишига йўл қўймаслик, Москванинг имтиёзли манфаатлари зонасини яратиш ёки тиклаш ва бунинг учун Украинанинг катта қисмини эгаллаб олиш ҳали ҳам асосий мақсадлардан. Киевни қўлга киритиш ва Владимир Зеленский ҳукуматини ағдариш бўйича дастлабки режа барбод бўлган бўлсада, Кремлнинг мақсади ўзгаришсиз қолмоқда – Украинани “ўзиники қилиш”. Бироқ, Москванинг тактикаси ўзгарди", дейди Гамильтон.
Таҳлилчининг тушунтиришича, Россиядаги сайловлардан кейин яна бир сафарбарлик бўлади ва бу Кремлнинг фронтда олдинга силжиш ва мамлакатнинг катта қисмини эгаллаб олиш, босиб олинган ҳудудни аллақачон босиб олинган Украина чегараларигача ошириш учун янги уриниши учун асос бўлиши мумкин. Шунингдек, у Украина учун 2014 йилдан бери ҳеч нарса ўзгармаганини қайд этган.
Бу урушнинг табиати ҳақида нима кутилмаган эди?
Роберт Гамильтон собиқ ҳарбий хизматчи сифатида Ғарб мамлакатларидаги юқори мартабали ҳарбий раҳбарлар ва сиёсатчилар бу урушни иккинчи даражали икки армия ўртасидаги уруш деб ҳисоблаб, ундан кўп ўрганадиган ҳеч нарса йўқлигини айтишгани хато эканини тан олди.
Унинг фикрича, бу эски даврдаги уруш эмас, бу замонавий уруш.
“Бироқ шуни таъкидлашимиз керакки, қиймати 20 минг долларлик Shahed дронини уриб тушириш учун 4,1 миллион долларлик Патриот ракеталаридан фойдаланиш яхши қарор эмас, яъни янги ва мутлақо бошқа учувчисиз ҳаво ҳужумига қарши ракеталар зарур”.
Ташқи сиёсат тадқиқот институтининг Евросиё дастури бўйича катта илмий ходими Роб Ли Украинада бир неча ой давомида ушбу можаро муаммоларини ўрганар экан, у кўплаб ҳарбий экспертлар ва сиёсатчилар томонидан бу уруш ҳақидаги яна бир нотўғри тушунчага ишора қилди.
"2022 йилнинг кузида Украина иккита муваффақиятли қарши ҳужумни амалга оширди – Харков яқинида ва Херсон вилоятида. Ва кўпчилик, 2023 йилга назар ташлаб, Украина бундан кейин ҳам ҳужумнинг бундай шаклларидан фойдаланиши мумкин деб ўйлашди. Бироқ, ўша пайтда «Вагнер» маҳбуслар билан муҳим роль ўйнади, улар ҳақиқатан ҳам Украина қўшинларини Бахмут йўналишида узоқ вақтга кечиктирди”, дейди Роб Ли.
Мутахассиснинг ишончи комилки, келаётган ёзга келиб, янги умумроссия сафарбарлигидан сўнг, Россия қолган имкониятлардан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қилади: ҳужум вертолётлари, Украина ҳаво ҳужумига қарши мудофаа радиусидан ташқарида узоқ масофаларда қўлланилиши мумкин бўлган сузувчи бомбалар, шунингдек, Эрон ва маҳаллий дронлардан фойдаланади.
Гарчи, таҳлилчига кўра, Россия армияси ҳали ҳам ёмон ўқитилган ва тартибсиз бошқариладиган ишчи кучи билан боғлиқ кўплаб муаммоларга эга бўлсада, Москва бу ёзда ўзини жуда самарали ҳимоя қила олади. Шу билан бирга, Ли ҳар икки томонда ҳам "ресурс етишмовчилиги” давом этишини башорат қилмоқда.
“Ўқ-дориларни харид қилиш асосан захиралардан амалга оширилади, НАТОнинг ишлаб чиқариш қуввати етарли даражада ошмаган, айни пайтда Россия нафақат ўқ-дориларни аввалгидан кўра кўпроқ ишлаб чиқармоқда, балки Шимолий Корея ва Эрондан ҳам катта миқдорда харид қилмоқда”, дея тушунтирган таҳлилчи.
АҚШ ва Ғарбнинг ёрдами ҳозир қанчалик муҳим?
Иккала эксперт ҳам бугунги кунда Украинани ҳарбий ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳар қандай қарорлар ҳаётий муҳим деб ишонади.
“Молиявий ёрдам нафақат Украина иқтисодиётини барқарорлаштириш, балки Украинанинг ўз қуролларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун ҳам зарур. Масалан, Украина Қуролли кучлари артиллерия ўқ-дорилари етишмаслигини қоплаши мумкин бўлган учувчисиз самолётлар ишлаб чиқариши керак”, дейди таҳлилчилар.
Роб Лининг сўзларига кўра, Украинага зирҳли техника етказиб беришни кўпайтириш ҳам муҳим, чунки кўплаб украиналик бригадалар улар билан етарли даражада жиҳозланмаган ва бу кўпроқ қурбонларга олиб келади.
“Биз ҳозир Қўшма Штатлардан қўшимча ёрдам пакетини қабул қилишини ва Украинага барча турдаги ўқ-дорилар, жумладан, артиллерия ва ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталари билан таъминлашини кутмоқдамиз. Бу бурилиш нуқтаси”, дея қўшимча қилган у.
Роберт Гамильтон эса Қўшма Штатлар ва Ғарб Россияга иккиламчи мақсадли маҳсулотлар экспортига тўсиқ қўйиш учун зудлик билан иккиламчи санкциялар режимини жорий қилишлари кераклигини эслатди.
“Санкциялар режими кучайтирилмагунича, руслар мослашади ва мамлакат уруш машинасининг ишлашини таъминлаш учун зарур бўлган жиҳозларнинг бошқа манбаларини топади”, дейди Гамильтон.
Ўт очишни тўхтатиш ва томонлар ўртасида тинч музокаралар ўтказиш учун асослар борми?
Роберт Гамильтон ҳозирги босқичда тинчлик музокараларига ишонмайди.
“Украинани руслар билан музокара қилишга мажбурлаётганлар, масалан, Суриядаги маҳаллий кескинликни юмшатиш бўйича келишувлардан тортиб, Россия халқаро ишлар кенгаши шартномасигача улар билан ҳеч қачон музокара ўтказмаган”, дейди у.
Бундан ташқари, унинг фикрича, ҳар икки томон ҳам курашни давом эттириш ниятида.
“Украина ҳали ҳам жанг қилиш учун жуда катта имкониятларга эга ва шунинг учун, агар Россия ўз мақсадларига эришиб, Украинанинг катта қисмини эгаллаб олган тақдирда ҳам, бу мамлакатда қўзғолон пайдо бўлишига олиб келади. Бошқа томондан, агар Кремль бу урушда мағлуб бўлса ва Россия армияси Украинадан мажбуран чиқариб юборилган тақдирда ҳам, узоқ масофадан ҳаво ҳужумлари, ракеталар орқали урушни давом эттириш учун жуда кўп маблағга эга бўлади. Ҳужумлар ва оддийгина Украина шаҳарларини бомбардимон қилиш, худди илгари қилгандек”, дейди Гамильтон.
Гамильтоннинг ишончи комилки, ҳарбий технология ва тактика уйғунлиги вазиятни тубдан ўзгартириш имкониятини бермагунча, украиналиклар на фронтда, на дипломатияда кескин чоралар кўрмасликлари керак, чунки бу фалокатга олиб келиши мумкин.
"Шунинг учун Украина ҳимояда қолиши керак, маҳаллий даражада ҳужумга ўтиш мантиқий ҳоллар бундан мустасно", дея таъкидлаган эксперт.
Бу уруш давом этар экан, Украина НАТОга аъзо бўла оладими?
“Агар НАТО хоҳласа, НАТО буни амалга ошириш йўлини топиши мумкин. Украина келажаги НАТОда бўлиши керак. Бу урушни тугатишнинг ягона йўли ва бу Украина хавфсизлигини кафолатлашнинг ягона йўли. Украина НАТО талабларига аниқ риоя қилди. Ҳарбий салоҳият бўйича НАТОга аъзо бўлиш альянс учун юк бўлмайди”, дейди ҳарбий таҳлилчи ва собиқ америкалик зобит Роберт Гамильтон.
Роб Лининг фикрига кўра, бугун Америка халқига Қўшма Штатларнинг Украинадаги манфаатларини тушунтириш жуда муҳим.
“Агар Россия бу урушда ғалаба қозонса, жасоратли бўлса, у Ғарб билан зиддиятда бўлганлиги сабабли бизга босим ўтказиш учун кучли позицияга эга бўлганини ҳис қилиши мумкин. Шунинг учун уларнинг ғалаба қозонишига йўл қўймаслик, балки суверен, мустақил, демократик Украина мавжудлигини таъминлаш бизнинг манфаатларимиздир. Менимча, автократияларга демократияни бостиришга рухсат бериш биз учун яхши эмас”, дейди Роб Ли.
Роберт Гамильтоннинг хулоса қилишича эса Украинага ҳарбий ёрдам АҚШ мудофаа бюджетининг тахминан 3,2 фоизини ташкил қилади ва бу АҚШ ҳукумати ўз тарихида амалга оширган энг ажойиб даромадли сармоялардан бири бўлмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь