Охирги беш йилда қўшнилардан кўп энергия ишлаб чиқаряпмиз – Шерзод Хўжаев
Жамият
−
16 Ноябрь 2022
6490Ўзбекистон сўнги беш йилда электр энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича қўшни давлатлар билан солиштирганда энг юқори кўрсаткичга эга. Чегарадош давлатларнинг ҳеч бирида йиллик 7-8 фоиз ўсиш суръати йўқ. Бу ҳақда бугун, 16 ноябрь куни Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Қўшни мамлакатларда электр энергиясига бўлган талабнинг ўсиш суратлари Ўзбекистон билан қиёслай оладиган даражада эмас. Яъни охирги беш йилда электр энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича энг юқори кўрсатгич Ўзбекистонда. Бирорта қўшнимизда йиллик 7-8 фоиз ўсиш суръати йўқ. Бир томондан бу ўсиш суръати иқтисодиётни ўсаётганидан далолат беради. Чунки электр таъминотидаги муаммолар бу 12 ой давомида сурункали учрайдиган муаммо эмас, балки мавсумий муаммо. Бу муаммолар бўлмаган ҳолатларда ҳам электр энергиясига талаб йилдан-йилга ортиб боряпти. Бунга мисол, тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқариш ва аҳолини турмуш даражасини ортиши. Яна бир аҳамиятли жиҳати Ўзбекистонда ҳар бир хонадонга тўғри келадиган электр энергияси истеъмоли қўшни мамлакатлардан юқорироқ. Йиллик тадбиркорлик субъектларини ортиб бориши Ўзбекистонда барча қўшни мамлакатларимиздан кўпроқ. Йилига 70-75 мингдан янги истеъмолчилар, тадбиркорлик субъектлари бизнинг электр тармоқларимизга уланади”, дейди Энергетика вазири ўринбосари.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида республикада жами 60,6 млрд кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,9 млрд кВт-соатга ёки 5,1 фоизга кўп.
Ишлаб чиқарилган электр энергиясини истеъмолчиларга сифатли етказиб берилишини таъминлаш мақсадида ўтган ўн ойда юқори кучланишли 8 та подстанция модернизация қилиниб, уларнинг қуввати 1116 мегавольт амперга оширилди. Шунингдек, 3 минг километрдан зиёд электр узатиш тармоқлари ва 1033 та трансформатор пунктлари янгиланди.
LiveБарчаси