Оқ уй яқинида журналист ўзини ёқиб юборди (видео)
Олам
−
06 Октябрь
14354АҚШда Фаластин тарафдорларининг намойиши бўлиб ўтаётган пайтда Оқ уйдан унча узоқ бўлмаган жойда бир киши ўзини ёқиб юборишга уринди. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди.
“Мен журналистман. Илтимос, ёлғон маълумот чоп этишни бас қилинг”, деб қичқирган йигит.
Ўша пайтда полиция уни тўхтатмоқчи бўлган. Яқин атрофдаги яна бир киши эса намойишчи томон сув отиб оловни ўчиришга ҳаракат қилган.
Ёнғин ўчирилгандан кейин “The Washington Free Beacon” мухбири Жессика Костеску эълон қилган бошқа видеога кўра, у Вашингтон Метрополитан полицияси ходимлари томонидан ушлаб турилгани сабабли “журналистман” деб йиғлаган. Гувоҳларнинг хабар беришича, гап телеканалнинг Ғазо сектори ҳақидаги ёлғон маълумот тарқатганидан ғазабланган CBS журналисти ҳақида кетмоқда.
Маълумотларга кўра, эркак қўлида енгил куйиш жароҳати олган.
Ғазо учун ўзини ёқиб юборишга уринган намойишчилар сони ортиб бормоқда. Ҳозиргача 4 киши АҚШ ҳукуматининг Исроилни қўллаб-қувватлашига қарши норозилик сифатида ўзини ёқиб юборишга уринган. Жумладан, 2023 йилнинг 1 декабрь куни Фаластин байроғини ушлаб турган фаол Жоржия штати Атланта шаҳридаги Исроил Бош консуллиги олдида ўзини ёндиришга уринди. У оғир тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган. Намойишчининг жинси, ёши ва исми ҳақида маълумот берилмаган.
АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг 25 ёшли фаол аскари Аарон Бушнелл жорий йилнинг 24 февраль куни Вашингтондаги Исроил элчихонаси олдида ўзини ёқиб юборди. Шу йўл билан Бушнелл Ғазода Исроил геноцидига қарши норозилик билдиришга қарор қилган. Учувчи ўзига бензин сепиб, “Мен энди геноцид жиноятига шерик бўлмайман. Мен ҳозир жуда қаттиқ норозилик намойишини уюштиряпман, лекин менинг ҳаракатларим юзма-юз кўринишда унчалик муҳим эмас”, деган сўзлар билан ўзини ёқиб юборган. Ўша пайтда ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда Бушнеллнинг сўнгги нафасигача “Фаластинга озодлик!” деб бақиргани кўринади.
Метрополитан полиция департаментининг маълум қилишича, 25 ёшли Бушнелл ўзини ёқиб юборганидан кейин вафот этган.
Бундан ташқари, 11 сентябрь куни Бостонда ижтимоий тармоқда ўзини Мэтт Нельсон деб таништирган эркак Ғазо секторидаги геноцидга норозилик билдирган видеони тарқатганидан сўнг ўзини ёқиб юборди.
LiveБарчаси