Оқ уй Туркиянинг Суриядаги операциясига рози, фақат...

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари Туркия ўзини терактлардан ҳимоя қилишга ҳақли, деб ҳисоблайди, бироқ Анқара Сурияда тинч аҳоли, шунингдек, у ерда жойлашган Америка қўшинларига хавф туғдирадиган ҳар қандай операция ўтказишини истамайди. Бу ҳақда кеча, 28 ноябрь куни Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг (МХК) стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби брифингда маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, эсда тутиш керакки, Туркия террор хуружлари қурбони бўлишда давом этмоқда ва шу сабабли ўзини ва фуқароларини ҳужумлардан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.  

“Уларга қарши террорчилик хуружлари амалга оширилди, бироқ биз, айниқса, Сурияда кўпроқ қурбонлар, кўпроқ тинч аҳоли қурбонлари ва саъй-ҳаракатларимизни қисқартириш ёки ИШИДга қарши курашга қаратилган ишларимизни четлаб ўтишга олиб келадиган ҳаракатларни кўришни истамаймиз”, дейди Кирби.  

Шунингдек, у АҚШ Сурияда кескинлик пасайишини исташини билдирган. 

“Бз Сурия ҳудудида Туркия ёки америкаликларнинг ҳаётига хавф туғдирадиган ҳар қандай ҳаракатни кўришни истамаймиз, чунки бу ҳудудда Сурия Демократик кучларига ёрдам бераётган Америка қўшинлари бор”, дейди у. 

Кирбининг сўзларига кўра, Вашингтон ҳозирча Истанбулдаги ҳужум учун ким жавобгар эканлигини айта олмайди.  

“Биз кимнинг жавобгарлигини аниқ айта олмаймиз, зўравонликни ўшанда қоралаган эдик, ҳозир ҳам қоралаймиз”, дейди у. 

Кирбига кўра, АҚШнинг Истанбулда содир этилган теракт терговига алоқаси йўқ.

20 ноябрга ўтар кечаси Туркия Ироқ ва Сурия шимолида ҳаво операциясини ўтказди, унда 50 дан ортиқ самолёт ва 20 та учувчисиз самолёт иштирок этди. Зарбалар Анқара томонидан тақиқланган Курдистон ишчилар партияси (КИП/PKK) террористик ташкилоти базаларига қаратилган. Туркия расмийлари 13 ноябрь куни Истанбулда 6 кишининг ҳаётига зомин бўлган ҳужумда КИП/PKK’ни айблади. 

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Сурия шимолида ҳаводан кейин қуруқликдаги операция ўтказиш режасини аввалроқ маълум қилган эди. Бу масала 28 ноябрь куни бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида, шунингдек, Мудофаа вазири Ҳулуси Акарнинг Туркия армияси қўмондонлиги ва чегара ҳудудларидаги бўлинмалар қўмондонлари билан учрашувида муҳокама қилинган. ОАВ маълумотларига кўра, Туркия армиясининг Сурия билан чегарадош ҳудудларда жойлашган бўлинмалари қуруқликдаги операцияга тайёргарликни якунлаган ва уни бошлаш бўйича буйруқни кутмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

41

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг