Оқ уй Байден ва Цзиньпин учрашуви бўйича расмий изоҳ берди

Олам

image

Ҳозирда Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байден ҳамда Хитой Халқ Республикаси раҳбари Си Цзиньпин ўртасида юзма-юз учрашув ўтказиш бўйича аниқ келишувлар мавжуд эмас. Бу ҳақда бугун, 13 август куни бўлиб ўтган брифингда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг Ҳиндистон ва Тинч океани минтақалари бўйича координатори Курт Кэмпбелл маълум қилди.

“Икки давлат раҳбарлари сўнгги марта телефон орқали суҳбатлашганида юзма-юз учрашиш имкониятини муҳокама қилганини тасдиқлайман. Бироқ, ҳозирда учрашув жойи ва вақтини аниқ айта олмаймиз”, дейди Оқ уй расмийси.

Аввалроқ, “The Wall Street Journal” нашри Жо Байден жорий йилнинг ноябрь ойида Си Цзиньпин билан юзма-юз учрашиши мумкинлигини хабар қилган эди.

Нашрга кўра, Хитой расмийлари G20 ёки Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммитида доирасида бўлиб ўтадиган Жо Байден ва Си Цзиньпиннинг юзма-юз учрашувига тайёргарлик кўрмоқда. Икки саммитдан бири доирасида бўлиб ўтиши мумкин бўлган учрашувга тайёргарлик ҳали дастлабки босқичда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг 2 август куни Тайванга қилган ташрифидан кейин Хитой ва Қўшма Штатлар ўртасидаги муносабатлар ёмонлашди. Пекин бу сафарни “Ягона Хитой” тамойилини бузиш ва мамлакат давлат суверенитетига тажовуз, деб ҳисоблади.

Хитой-Тайвань масаласи

Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учрагач, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолган.

Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, уларни ХХР билан ўрнатган. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР расмийларининг норозилигига сабаб бўлди. 

АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Жорий йилнинг апрель ойида Давлат департаменти Patriot зенит-ракета тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича 95 миллион долларлик шартномани маъқуллади.


Мақола муаллифи

Теглар

Байден ва Цзиньпин учрашуви

Баҳолаганлар

40

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made

Мавзуга доир янгиликлар