Оқ уй АҚШда абортни тақиқловчи қонунга қарши чиқди

Олам 2102
image

Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер кеча, 13 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги брифингда республикачи сенатор Линдси Грэмнинг ҳомиладорликнинг 15 ҳафтасидан кейин федерал даражада аборт қилишни тақиқловчи қонун лойиҳасини танқид қилди.

“Аборотни тақиқлаш миллий [қонун лойиҳаси] барча 50 та штатдаги аёлларнинг ҳуқуқидан маҳрум қилади. Бу бугунги кунда кўпчилик америкаликларнинг фикрига мутлақо тўғри келмайди. Конгрессдаги республикачилар бутун мамлакат бўйлаб миллионлаб аёлларни ҳуқуқларидан маҳрум этишга эътибор қаратмоқда. Биз олдинга силжиш учун курашаётган бўлсак, улар бизни орқага тортиш учун курашмоқда”, дейди Жан-Пьер.

Унинг таъкидлашича, АҚШ Президенти Жо Байден ва демократ қонунчилар аёлларга аборт қилиш ҳуқуқини кафолатловчи федерал қонунни илгари суришга содиқ қолишади.

“Ва улар амалдаги республикачиларнинг [АҚШда] соғлиқни сақлаш бўйича шахсий қарорларни аёллар ва уларнинг шифокорлари эмас, балки сиёсатчилар қўлига топшириш бўйича давом этаётган кенг қамровли ҳаракатларига содиқдирлар. Бу аёллар саломатлиги ва уларнинг ҳаётига таҳдид солади”, дея қўшимча қилган Оқ уй матбуот котиби.

Грэмнинг ташаббуси 13 сентябрь куни Сенатга киритилди. Бу ҳомиладорликнинг 15-ҳафтасидан бошлаб аборт қилишни тақиқлашни жорий қилишни ўз ичига олади. Ушбу даврдан кейин абортга фақат тиббий сабабларга кўра ёки ҳомиладорлик зўрлаш ёки қариндошлар ўртасидаги никоҳ натижасида содир бўлган тақдирда рухсат этилади. Қонун лойиҳасида ҳомиладорликни тўхтатиш ҳуқуқини чекловчи қатъийроқ қонунларга эга бўлган штатлар уларни қўллашда давом этиши мумкинлигини кўрсатади.

“Биз бугун (13 сентябрь) туғилмаган бола оғриқ ҳис қила бошлаган пайтдан бошлаб аборт қилишни тақиқловчи қонун лойиҳасини тақдим этмоқдамиз. Бизнинг қонун лойиҳамиз АҚШнинг абортга оид сиёсатини Франция, Германия, Бельгия, Дания, Испания каби ривожланган мамлакатлар сиёсатига мослаштиради”, дейди Грэм.

24 июнь куни АҚШ Олий суди федерал ҳукумат аборт ҳуқуқлари кафолатловчи қарийб 50 йиллик қарорни бекор қилди. Ушбу қарор тегишли нормалар энди АҚШнинг алоҳида штатлари даражасида ишлаб чиқилиши кераклигини англатади. Республикачилар ҳокимият тепасида бўлган штатларда улар илгари аборт билан боғлиқ қонунларни сезиларли даражада кучайтиришга ҳаракат қилишган. Демократлар анъанавий равишда бунга қарши.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 31
Рейтинг: 3.2
t
×