Оқсил касаллиги туфайли чорвачиликда санитария ойлиги эълон қилинди
Жамият
−
20 Апрель 3699 2 дақиқа
Жорий йилнинг 18 апрелидан 18 майига қадар Ўзбекистонда “Чорвачиликда санитария-эпидемия-гигиена” ойлиги эълон қилинди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, хорижий давлатларда чорва моллари ўртасида оқсил (яшур) касаллиги тарқалиш хавфи кенгаймоқда.
Жаҳон ҳайвонлар соғлиги ташкилоти маълумотига кўра, 2025–2026 йилларда 48 та давлатда ушбу касалликнинг янги “SAT” типлари қайд этилган бўлиб, амалда қўлланилаётган вакциналар бу типларга қарши тўлиқ ҳимоя қилмайди. Шу сабабли касаллик тарқалишининг олдини олишда барча фермер ва чорвадорларнинг масъулияти ва фаол иштироки ниҳоятда муҳим ҳисобланади.
Шу муносабат билан, хўжалик ва фермаларда ветеринария-санитария тартибларига қатъий риоя қилиш, кириш жойларида дезинфекция воситаларини ташкил этиш, бегона шахслар ва транспорт воситаларининг киришини чеклаш, ҳайвонларни сақлашда зоогигиеник талабларга амал қилиш, уларни сифатли озуқа ва тоза сув билан таъминлаш, ҳудудни доимий тозаликда сақлаш ҳамда зарарли жониворларга қарши курашиш зарур.
Агар ҳайвонларда касалликка шубҳа туғилса, уларни дарҳол бошқалардан ажратиш, ветеринар келгунига қадар изоляция қилиш ва ҳеч қандай дори воситаларини мустақил қўлламаслик талаб этилади.
Қайд этилишича, ҳайвонларда юқори ҳарорат, оғиз бўшлиғида ва туёқларда яралар, элинда шикастланишлар кузатилганда, зудлик билан ветеринария врачига мурожаат қилиш шарт. Бундай ҳолатларда биноларни дезинфекция қилиш, ҳайвон маҳсулотларини ҳудуддан ташқарига чиқармаслик ва сутни қайнатмасдан истеъмол қилмаслик лозим.
Чорва ҳайвонларини ўз вақтида эмлаш касалликнинг олдини олишда энг самарали чорадир. Қорамоллар йилига икки марта (баҳор ва кузда), қўйлар эса йилига бир марта эмланиши зарур. Зарур ҳолларда 2,5–3 ойликдан катта барча ҳайвонлар мажбурий эмланади ва эмлашдан сўнг 15–21 кун ичида иммунитет шаклланади.
Ҳар қандай касаллик аломатлари кузатилганда (71-202-12-00, ички: 210, 218, 323) рақамлари орқали мутахассисларга мурожаат қилиш сўралган.
”Ҳурматли фермерлар ва чорвадорлар! Чорва саломатлигини сақлашда тозалик ва ветеринария қоидаларига амал қилиш энг муҳим омилдир. Тозалик – юқори маҳсулдорлик, соғлом чорва ва барқарор даромад гаровидир. Мазкур ойлик доирасида барча профилактик ва эпизоотик тадбирларни уюшқоқлик билан амалга оширишингизни сўраймиз”, дейилади хабарда.
Касалликнинг олдини олиш бўйича тавсиялар тўплами (қўлланма).
Live
БарчасиЭнди “подезд”лар ҳар ҳафта тозаланади
30 Апрель