“Оқсарой”да Татьяна Каримова бошчилигида Ислом Каримов хотира маросими ўтказилди
Жамият
−
03 Сентябрь 2021
14518Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, давлат мустақиллигининг асосчиси, буюк сиёсат арбоби Ислом Каримов 2016 йилнинг 2 сентябрь куни оғир хасталик сабаб 78 ёшида вафот этган эди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мазкур сана Ислом Каримовни хотирлаш куни, дея эълон қилинган. Ҳафтада давомида анъанага мувофиқ Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мажмуада Ислом Каримов хотира ҳафталиги бўлиб ўтди. Кеча мажмуанинг фотомузейида ўтказилган тадбирда Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова ҳам иштирок этди.
Тадбир доирасида ёзувчи Поён Равшанов қаламига мансуб “Буюклик кўприги” номли асар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Ушбу асар Биринчи Президент Ислом Каримов 1986-1989 йилларда Қашқадарёда вилоятида юритган фаолиятини ўз ичига қамраган.
Маросимда сўзга чиққан Татьяна Каримова Ислом Каримовнинг хотирасига кўрсатилаётган ҳурмат учун Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди.
“Сизларни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Aбдуғаниевич Каримов узоқ йиллар ишлаган Оқсарой қароргоҳи ҳудудида кўриб турганимдан хурсандман.
Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг тарихий қарори учун раҳмат! Ўзбекистон Биринчи Президентининг муборак хотирасини абадийлаштириш учун шундай тадбирларни ўтказиш имконияти пайдо бўлди.
Ислом Aбдуғаниевич Ўзбекистонни ва унинг кўп миллатли халқини бутун қалби билан севар эди. У доимо мамлакатимизни келажаги буюк давлат сифатида кўрарди. Унинг кўп қиррали фаолиятининг маъноси ва олий мақсади – Ўзбекистоннинг озодлигини ҳамда мустақиллигини таъминлашдан иборат эди”, дейди Каримова.
Шундан сўнг, Ислом Каримов Қашқадарёда ўз фаолиятини бошлаган илк йиллардан унинг ёнида юриб, амалга оширган кўплаб ишларини фотоплёнкага муҳрлаган журналист Шомурод Шаропов минбарга чиқди. У Каримов билан боғлиқ хотираларини ёдга оларкан, қашқадарёликлар ҳамон Татьяна Каримовани “янга” деб тилга олишини айтди.
“Ҳурматли Татьяна Aкбаровна! Мен сизга Татьяна Aкбаровна ёки Татьяна опа, деб мурожаат қилмоқчи эмасман. Сиз биз учун “янга”сиз. Чунки сиз Қашқадарёда ҳам яшагансиз-да! Мен ўша пайти ҳам сизни “янга”, деб чақирардим, ҳозир ҳам сиз қашқадарёликлар учун “янга”сиз”, дейди фотожурналист Шаропов.
Тадбир давомида таниқли шарҳловчи, спорт журналисти Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ҳам сўзга чиқди. У ўз нутқи давомида марҳум Ислом Каримовнинг спортга қаратган эътибори ҳақида алоҳида тўхталди.
“Мен Ислом Каримовнинг бир иборасини такрор-такрор ёдимга оламан. “Мамлакатни, миллатни ҳеч нарса дунёга спортчалик тез танита олмайди”. Дарҳақиқат, Ислом Aбдуғаниевич Ўзбекистонда спортнинг ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратганларини ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Дастлаб қабул қилган фармонларидан бири ҳам “Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш тўғрисида”ги қонун эди.
Ўзбек миллий кураши дунё ареналаридан муносиб жой олиши учун дастлабки қадамлар айнан Ислом Aбдуғаниевичнинг ташаббуслари билан қўйилди. Бугунги кунда, барча қитъаларда ўтказилаётган мусобақаларда ўзбекнинг “ҳалол”, “ёнбош”, “чала”, ғирром” сўзларини ишлатишяпти.
Осиё ўйинлари расмий дастурида ўзбек миллий кураши бўйича мусобақалар жой олди. “Халқаро миллий кураш ассосиацияси” ташкил қилинди, унинг дастлабки фахрий Президенти Ислом Aбдуғаниевич Каримов эди”, деди Мирзаҳаким Тўхтамирзаев.
Маълумки, Каримовлар оиласининг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2013 йилдан буён жиноятлари учун жавоб бермоқда. У айни вақтда ҳибсда. Оиланинг кенжаси Лола Каримова-Тилляева эса отасининг вафотидан сўнг, турмуш ўртоғи Тимур Тилляев ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтган. У масофадан туриб, “Сен ёлғиз эмассан” фонди ҳамда Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондини бошқариб келади. У АҚШда "The Harmonist" атторлик буюмлари брендига асос солган.
Каримовлар оиласидан фақат Татьяна Каримова Ўзбекистонда истиқомат қилмоқда. У Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ва Каримов номидаги Республикаси жамоат фонди фаолиятини юритишда бош-қош.
LiveБарчаси