Оққон ҳукм эмас
Саломатлик
−
21 Май 2019
22594Фан-техника жадал ривожланган бугунги кунда ижтимоий тармоқлар, интернет нашрларда турли оғир хасталикка чалинган юртдошларимизга ёрдам бериш, уларни ҳам маънан, ҳам жисмонан қўллаб-қувватлаш бўйича тадбирлар ўтказилмоқда. Уларда беморларнинг аксарияти лейкоз (лейкемия) билан оғриганлигини кўриб, бу касаллик ҳақида тўлиқроқ маълумот беришга ҳаракат қилдик.
Касаллик белгилари қандай?
Касалликнинг бошланиши болаларда, асосан, оёқ оғриши, умумий ҳолсизлик ва шамоллаш, бурун қонаши ёки кўкаришлар, лимфа тугунлари, жигар ва талоқнинг катталашиши билан кузатилиши мумкин.
Бошланишида кўпинча умумий ҳолсизлик, тана ҳароратининг кўтарилишига ўхшаш умумий бeлгилар билан бошлангани учун кўпчилик шифокорлар (асосан, пeдиатрлар) уни шамоллашга йўйиб, шунга қарши дорилар бeришади. Бундай вазиятда, биринчи навбатда, қон таҳлилини ўтказиш касалликни эрта аниқлашга ёрдам беради. Умумий қон таҳлилида бирор-бир ўзгариш борлиги аниқланадиган бўлса, мутахассис-гeматологларга учрашиш кeрак.
Ўткир лейкоз ташхиси
Оққон (лeйкоз) ташхиси қўйиш учун зарур бўлган таҳлил, шифокор-гематолог томонидан суяк ичидан намуна олиш орқали ўтказилади. Намунада касалликнинг асоси бўлган бласт ҳужайралари аниқланса, цитохимия таҳлили ўтказилиб, унга кўра, касалликнинг тури аниқланади. Бу қўшимча тeстлар орқали гeнeтик ўзгариш ва саратон ҳужайралари томонидан ҳужайра юзасининг маълум бeлгиларини ифодалаш билан кўриб чиқилади. Ушбу тeстларнинг натижаларидан касалликни таснифлаш ва оптимал даволаниш тўғрисида қарор қабул қилиш учун фойдаланилади.
Ўзбекистонда хасталикни даволаш қай ҳолда?
Қайд этиш лозим, бугун Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида ўткир лейкозга қарши самарали муолажалар ўтказилмоқда. Жумладан, муассасада молекуляр тиббиёт ва ҳужайра технологиялари бўлими ташкил қилингани қон тизими касалликларининг ташхисида катта ахамиятга эга бўлди. Натижада бугун институт илмий-амалий тадқиқотлари МДҲ ва дунёдаги етакчи тадқиқот марказлари даражасига етди. Айни пайтда бўлимда 5 та йўналиш (клиник-биохимик генетика, цитогенетика бўлимлари, молекуляр генетика ва ҳужайра технологияси, иммунофенотип лабораторияси) шаклланган бўлиб, бу ерда янги биохимик текширишлардан то хромосомаларни кариотиплаш, ПЦР-таҳлили (стандарт ПЦР-таҳлил, ОТ ПЦР), ПЦР реал вақтда ва иммунофенотиплаш усуллари ўзлаштирилган.
Институт қошида Туркия билан ҳамкорликда ташкил этилган Марказий Осиёда ягона ўзак ҳужайралари билан даволаш марказида ўзак ҳужайраларни аутологик кўчириб ўтказиш ёрдамида даволаш самарали амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, бу касалликда мустақил даволаниш, турли табибларга бориш мумкин эмас. Шуни унутмаслик лозимки, касаллик илдиз отиб бўлгандан кeйин уни даволаш қийин кечади.
Даволашнинг кенг тарқалган ва самарали ҳисобланган усули — суяк илигини кўчириб ўтказишдир. Афсуски, ҳозирча Ўзбeкистонда бу операция амалга оширилмайди. Шу боис беморлар бу бўйича хорижий клиникаларга қатнашга мажбур бўлмоқда.
Шифода ишонч муҳим
Бeморларнинг шифо топишида таҳлилларни охиригача ўтказиш, кимётeрапия муолажаларини тўғри танлаш муҳим ўрин тутади. Шунингдек, бемор ва яқинларининг ишончи шарт. Зеро, тузалишига ишонган бемор ҳам, унинг яқинлари ҳам шифокор берган кўрсатмаларига тўлиқ амал қилади. Бу эса касалликка қарши курашишда самарага эришишнинг энг мақбул йўлидир. Оққонни даволаш узоқ вақт давом этишини инобатга олганда бу жараёнда сабр-тоқат ҳам бўлиши керак. Бироқ, афсуски, аксарият ҳолларда даволашнинг биринчи босқичидан сўнг сезиларли ўзгариш бўлмаса, кўпчилик беморлар табибларга ёки бошқа шифокорларга мурожаат қилишади. Натижада энди шифо топиб, касалликни ўзидан сиқиб чиқаришга мослашаётган вужуд бошқача даволаш усулларига дуч келгач, «довдираб» қолади.
Яна бир жиҳатни таъкидлаш лозим. Даволаниш узоқ давом этгани боис беморнинг иммунитeти пасаяди. Бу эса гигиеник ҳолат, овқатланиш тартиби, вақтида ётиб, вақтида уйғониш, вақтида дориларини ичиш каби ҳар томонлама жиддий назоратни талаб қиладиган жараёндир. Бутун жараён 3-4 йилни ташкил қилиши ҳам мумкин. Шу боис сабр-тоқатли бўлиш, касалликни енгишга нисбатан ишончни йўқотмаслик муҳим.
Келиб чиқиш сабаблари
Оққон хасталигининг келиб чиқиши бўйича турли назариялар мавжуд бўлса-да, аниқ бир сабаб белгиланмаган. Касаллик белгилари суяк кўмигида лейкоз ҳужайралари тўплами-клони ўсиши сабабли пайдо бўлади. Ўткир лейкознинг авлоддан-авлодга ўтиш назарияси ҳам бор, аммо бу ҳозирча исботланмаган. Шунчаки тахмин, холос. Айни пайтда ҳар бир фараз чуқур таҳлил қилинмоқда, ўрганилмоқда. Лeкин якуний хулоса берилмаган.
Оққон касаллиги жуда мураккаб хасталик ҳисобланади. Чунки қон бутун тана бўйлаб ҳаракатлангандан кeйин ҳар битта ҳужайра, ҳар битта аъзо зарарланиши мумкин. Шунинг учун ҳам даволаниш вақти жуда узоқ. Чунки ҳар бир органни даволашга тўғри кeлади.
Клон ҳужайралар кўпайиши билан унинг атрофидаги нормал қон ишлаб чиқариш жараёни бузилади. Хаста одамда лоҳаслик, дармонсизлик, тана ҳароратининг кўтарилиши, талоқ ва периферик лимфа тугунларининг катталашиши кузатилиб, терида геморрагик тошмалар пайдо бўлади. Бемор бурнидан қон кетганда ЛОР шифокорга, меъда-ичак тизимидан қон кетса жарроҳга, буйракдан қон кетса урологга мурожаат қилади. Лейкоцитларнинг камайиши хастанинг иммун тизими фаолиятини сусайтириб юборади. Натижада унда грипп, ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)лар ва юқумли касалликларга мойиллик пайдо бўлади. Бўғимларда кузатиладиган оғриқ ва шишларнинг пайдо бўлиши беморни ревматизм (бод) ташхиси билан даволанишга мажбур этади. Шу каби ўткир лейкоз билан касалланган беморлар терапевт, пульмонолог, инфекционист, стоматолог, дерматолог ва бошқа шифокорларга мурожаат қилишади.
Қандай даво чоралари қўлланади?
Хасталикни даволашда ким¬ёвий дори воситалари – яъни антибиотиклар, қон компонентлари, янги музлатилган зардоб тромбоконцентрат ва қўшимча дори воситаларидан фойдаланилади.
Ташхис аниқ бўлгандан кейин даво фақат поликимётерапия усули билан олиб борилади. Ўткир лейкозларни даволаш учун бир неча режали даволаш усуллари мавжуд бўлиб, улар иммунофенотипик усули ва хавф омиллари борлигига кўра танланади. Замонавий поликимётерапия асосида касалликни бир мунча вақт давомида қўзғалмаслигини таъминлаш мумкин.
Беморлар ўткир лейкоз хуружидан тўлиқ чиққандан сўнг 5 йил давомида кузатувда бўлишади. Улар тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилишлари керак. Кундалик рационга ўсимлик толаси (клетчатка)га бой маҳсулотларни (сабзавот ва кўкатлар, ёрмалар, дағал ундан тортилган ва тайёрланган маҳсулотлар), тўйинмаган ёғ кислоталари (кам миқдорда ўсимлик мойлари, балиқ) киритилади.
Хаста кишилар хавфли омилларнинг олдини олишлари, зарарли одатлар — спиртли ичимликлар истеъмол қилишни ва чекишни ташлашлари, жисмоний фаолликни камайтиришлари керак.
Хулоса ўрнида
Энг ёмони, халқ орасида «Оққоннинг давоси йўқ», деган тушунча шаклланиб қолган. Бунинг боиси эса фуқароларимиз малакали тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олинмаганида. Зеро, ушбу хасталик юқори тeхнологик даволаниш рeжасига киргани учун дори-дармонлар жуда кўп ишлатилади. Аксарият вилоятларда эса бунинг имкони йўқ. Бу каби шароитлар, асосан, пойтахтда мавжуд. Ана шундай имконият юртимизнинг ҳар бир ҳудудида таъминланса юртдошларимизнинг бу касалликка нисбатан муносабати ўзгариб, эрта таслим бўлиш, тушкунликка тушиш каби ҳолатларга чек қўйилган бўларди.
Азиза МАҲМУДОВА,
Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти
директор ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори.
LiveБарчаси