ОИВ ва ОИТСга гумон қилинганлар мажбурий текширувдан ўтказилади
Жамият
−
30 Август 2022
4230Ўзбекистонда ОИВ ва ОИТС инфекцияси билан касалланишда шубҳа қилинган шахслар мажбурий текширувдан ўтказилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органлари томонидан ўтказиладиган махсус тезкор ва профилактик тадбирларда аниқланган ОИВ/ОИТС инфекцияси билан касалланганликда гумон қилинаётган шахсларни бюджет маблағлари ҳисобидан ғайриихтиёрий равишда тиббий текширувдан ўтказиш тартибини белгилаш тўғрисида”ги қарори лойиҳасида белгиланган.
Лойиҳада 2023 йил 1 январдан бошлаб мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш тартибини тасдиқлаш таклиф этилмоқда.
Ҳужжатда “хавфли гуруҳ” таърифи кўзда тутилган бўлиб, унга ўзининг ғайриижтимоий хулқ-атвори туфайли ўзга шахсларга жинсий алоқа йўли орқали юқувчи касалликларни (ОИВ, захм, сўзак ва бошқалар) юқтириш хавфи юқори бўлган рағбатлантириш эвазига интим хизмат кўрсатувчилар, бесоқолбозлар ва таносил касаллигига чалинган, шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини игна орқали қабул қилувчи ёки қабул қилганликда гумонланган шахслар киради.
Хавфли гуруҳ билан алоқада бўлган шахслар:
• махсус тезкор ва профилактик тадбирларда аниқланган, хавфли гуруҳга кирувчи шахслар билан жинсий алоқага киришган ёки жинсий алоқага кирганликда гумонланган шахслар;
• махсус-профилактик тадбирлар давомида ахлоққа зид бўлган ҳуқуқбузарликлар (рағбатлантириш эвазига интим хизмат кўрсатувчилар, жинсий эркинликка ва ахлоққа қарши, таносил ёки ОИВ/ОИТС инфекциясини тарқатиш билан боғлиқ жиноятлар)ни содир этилиши мумкин бўлган объектларда ишловчилар ва ташриф буюрувчи шахслар;
• касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида бошқа шахсга ОИВ/ОИТС инфекциясини юқтириш билан боғлиқ бўладиган объектларда ишловчилар ҳамда тадбир давомида бундай объектларда аниқланган шахс (мижоз)лар.
“Хавфли гуруҳ”га мансуб шахслар ва улар билан алоқада бўлган шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш Республика ОИТСга қарши кураш маркази, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ОИТС марказлари, ОИВ инфекцияси бўйича туманлараро диагностика лабораторияларида ўтказилиши режалаштирилган.
LiveБарчаси