Оилавий меҳмон уйлари 100 млн сўмгача солиқ тўлаши мумкин

Жамият 2431
image

Оилавий меҳмон уйлари хизматлари оилавий меҳмон уйи ташкил этиш учун яроқли турар-жой биносига эга бўлган ва унда яшовчи хусусий тадбиркорлар ёки оилавий тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилади.

Оилавий меҳмон уйи эгасининг оила аъзолари билан бирга яшаш тамойили бўйича бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача ташриф буюрувчиларга (туристларга) вақтинча яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатувчи, шунингдек, ҳар бир яшовчи шахсга 3 кв метр ҳисобидан тўғри келадиган турар-жой майдонига эга бўлиши керак.

Бундай тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги 631-сонли қарори билан тасдиқланган “Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги низомга асосан белгиланган.

Оилавий меҳмон уйлари хизматларини сертификатлаштириш соддалаштирилган ҳолда, оилавий меҳмон уйларини ўрганиш далолатномаси асосида уларни Оилавий меҳмон уйлари ягона реестрига киритиш ва Оилавий меҳмон уйлари ягона реестридан тегишли кўчирма бериш йўли билан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси оилавий меҳмон уйларини рўйхатга олиш ва Оилавий меҳмон уйлари ягона реестрини юритишни амалга оширади.

Оилавий меҳмон уйлари хизматларини амалга оширувчи хусусий тадбиркорлар ёки оилавий тадбиркорлик субъектлари томонидан Президентимизнинг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086-сонли қарорининг 9-иловасига асосан товарни реализация қилишдан тушган тушуми 100 млн сўмгача қатъий белгиланган солиқ тўловларини тўлайди.

Оилавий тадбиркорлик субъекти номидан иш юритадиган якка тартибдаги тадбиркор ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдоридан кам бўлмаган миқдорда ягона ижтимоий тўловни тўлайди.

Оила аъзолари томонидан қатъий белгиланган солиқ тўловидан озод этилган бўлиб, Солиқ кодексининг 311-моддасига асосан оилавий корхона иштирокчиси бўлган ҳар битта оила аъзолари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида ягона ижтимоий тўлов амалга оширилади.

Тижорат банклари томонидан Оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона реестрига киритилган хусусий тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектларининг буюртмаларига биноан базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баробаригача миқдорда беш йил муддатга, шу жумладан, 2 йиллик имтиёзли давр билан Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган ставка бўйича имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланган.

Шаҳноза Тўрамуротова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 40
Рейтинг: 3.1
t
×