Оиласини боқувчи одамлар қийналди. Шунинг учун карантинни бекор қиламиз – Имрон Хон

Олам 6748
image

Покистон бош вазири Имрон Хон ҳукуматнинг коронавирус эпидемияси туфайли ўрнатилган карантин чекловларини бекор қилиш тўғрисидаги қарорини эълон қилди. Бу ҳақда “Reuters“ агентлиги хабар берди.

“Биз бу тўсиқни тўхтатишга қарор қилдик. Биз буни коронавирус хавфи ўсаётган бир пайтда қилаётганимизни биламиз ... лекин у биз кутганимиздек хавфли эмас“, дейди Хон телевизион нутқида.

Покистон Бош вазирининг сўзларига кўра, кунлик даромадига боғлиқ бўлган кўплаб покистонликлар узоқ карантинда ишсиз қололмайдилар. Уларга оиласини боқиш учун пул керак.

“Кунлик даромадларига болаларини боқадиган одамлар карантин бекор қилинмаса қийналиб қолади“ деб таъкидлади бош вазир.

Карантин чекловларини олиб ташлаш 2020 йил 9 май куни амалга оширилади. Хоннинг таъкидлашича, чеклашлар коронавирус билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашганда қайта тикланиши мумкин.

Сўнгги маълумотларга кўра, Покистонда коронавирус билан боғлиқ 25 837 та ҳолат аниқланган. Касалланганларнинг 7 530 нафари соғайган, 594 нафари эса вафот этган. Мавжуд беморлар сони 17 713 кишини ташкил қилмоқда.

 
Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 211
Рейтинг: 3
t
×