Одоб-ахлоқ ва уят ҳисси йўқолиб боряпти – Барак Обама

Олам

image

АҚШ собиқ президенти Барак Обама амалдаги Президент Дональд Трампнинг ижтимоий тармоқларда улашган ирқчилик мазмунидаги видеосига муносабат билдирди. Бу ҳақда у кеча, 14 февраль куни журналист Браян Тайлер Коэнга берган интервьюсида гапирди.

Гап шундаки, Трампнинг Truth Social саҳифасида жойлаштирилган видеода Обама ва унинг рафиқаси Мишел Обама маймун қиёфасида тасвирланган. Видео фонида “The Lion Sleeps Tonight” қўшиғи янграган ва унда 2020 йилги сайловларда фирибгарлик бўлгани ҳақидаги асоссиз даъволар ҳам келтирилган.

Мазкур пост демократлар ҳамда республикачилар томонидан кескин танқид қилинган. Республикачилар партиясидан сенатор Тим Скотт буни “Оқ уйда кўрган энг ирқчичилик ҳолати” деб атаган. Оқ уй аввалига видеони ҳимоя қилиб, танқидларга жавоб бермаган. Кейинчалик эса пост ўчириб ташланган ва бу ходимлардан бири томонидан жойлангани айтилган.

Журналистларнинг саволларига Трамп видеонинг Обамалар тасвирланган қисмини “кўрмаганини” айтиб, узр сўраш нияти йўқлигини билдирган.

Шунингдек, Обама АҚШдаги сиёсий мунозаралар оҳанги ҳақида гапирар экан, жамиятда илгари мавжуд бўлган “одоб-ахлоқ ва уят ҳисси” йўқолиб бораётганини таъкидлаган.

“Америка халқининг аксарияти бундай хатти-ҳаракатни ташвишли деб билади. Ижтимоий тармоқларда эса масхарабозлик намойиши кетмоқда”,  деган собиқ президент. 

Обама подкаст давомида иммиграция сиёсати, намойишлар ва сайлов округларини қайта тақсимлаш масаласида фикр билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп АҚШнинг собиқ президенти Барак Обамани хиёнатда ва 2020 йилги сайловларни сохталаштиришда айблаганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп сайлов Барак Обама

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг