Одоб-ахлоқ кодексини бузган давлат хизматчиси қандай жазоланади?
Жамият
−
15 Декабрь 2021
7277Аввалроқ Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур кодекс қабул қилингач, давлат хизматчилари унинг қоидаларини бузса, уларга қандай жазо қўлланилади? Ўзи жазо чоралари кўзда тутилганми? Адлия вазирлиги Матбуот котиби Севара Ўринбоева шу саволга жавоб берди.
"Ушбу кодексда одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш ҳолатлари ва уларни кўриб чиқиш тартиби белгиланмоқда.
Давлат хизматининг нуфузини баҳоловчи мезонлардан бири жамоатчиликнинг фикри ҳисобланади. Шу боис давлат органининг ўз нуфузини янада ошириш мақсадида фуқаролар билан қайта алоқа механизмларидан самарали фойдаланиши зарур.
Хусусан, фуқаролар томонидан давлат хизматчисининг Кодексда белгиланган талабларга риоя қилмаслик ҳолати ҳамда коррупцияга оид хатти-ҳаракатлари юзасидан мурожаат ва хабарларни алоқа каналлари орқали қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби белгиланмоқда", дейди вазирлик вакили.
Унинг сўзларига кўра, одоб-ахлоқ қоидалари бузилгани тўғрисида хабар берган шахсларнинг дахлсизлиги таъминланиб, унинг таъқиб қилинишига йўл қўймайди.
Бундан ташқари, кодекс талаблари бузилган ҳолларда, содир этилган ҳуқуқбузарликнинг хусусиятига қараб, меҳнат қонунчилиги ва давлат махсус хизматига кирувчи давлат органлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда ички идоравий ҳужжатларга асосланган ҳолда интизомий жавобгарликка тортиш масалалари енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда амалга ошириш белгиланмоқда.
"Қайд этиш керакки, мазкур лойиҳани ишлаб чиқишда хорижий давлатларнинг (АҚШ, Болгария, Сербия, Аргентина, Молдова, Россия, Қозоғистон ва бошқалар) давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ муносабатларини тартибга солишга қаратилган ягона ҳужжат кўринишида қабул қилинган қонунлар, фармонлар ва бошқа турдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ўрганилди.
Қарор қабул қилинса, барча давлат ташкилотларидаги ички одоб-ахлоқ қоидалари мазкур ҳужжат асосида қайта ишлаб чиқилади ҳамда жамоатчилик учун очиқлиги таъминланади", дейди Ўринбоева.
LiveБарчаси