Жарликдаги ўзбек футболини Одил қутқара оладими?
Интервью
−
25 Декабрь 2022
22218Бутун дунё футбол ўйнашни ўрганиб олаётган бир пайтда биз ҳамон мундиалларсиз қоляпмиз. Қатардаги Жаҳон чемпионати ҳам якунлади ва ўзбекистонлик футболга ошуфта қалблар афсуски, бу мундиалда ҳам бошқа мамлакатга мухлислик қилди. Ўзбекистон мустақил бўлганида туғилган бола бугун 31 ёшда ва 31 йилдан буён унинг орзулари озулигича қолмоқда. Энди 2026 йилни кутамиз. 2026 йилда квоталар кўпроқ, аммо ҳеч ким Шимолий Америка мундиалига чиқишимизга кафолат бермайди. Демак, фақат оёқларга эмас, мияга ҳам куч берадиган вақт келди. Хуллас, бизга ЖЧда иштирок этган жамоа эмас, ЖЧларда доимий қатнашадиган тизим керак.
Qalampir.uz сайтининг навбатдаги суҳбатдоши ўша биз айтаётган тизимнинг ишлашида бевосита бош-қош бўладиган инсонлардан бири, ЎФА вице-президенти Одил Аҳмедов бўлди.
Ушбу видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.
Шаҳзод Шукуров, мухбир: — Тасаввур қилинг сиз рақиб футболчиларидан кучлироқсиз, лекин жамоадошларингиз юқори даражада ўйнамаяпти ва оқибатда жамоангиз мағлубиятга учраяпти. Ана шундай пайтда ич-ичингиздан қандай ҳиссиётлар кечган?
Одил Аҳмедов, ЎФА вице-президенти : — Бунақа ҳолатлар менда кўпроқ профессионал фаолиятимни бошлаганимда кузатилган. Футболчи доим шароитдан келиб чиқиши керак. Футболчи кучли чемпионатда ўйнаса, унинг тажрибаси кучлироқ бўлади. Ўзбекистонлик футболчиларнинг энг кучсиз томони бу - психология. Мен четда ўйнаган вақтларимда жамоада аниқ нима қилишимни билардим. Ўзбекистон терма жамоаси кучсиз жамоаларга қарши доим яхши ўйнаган, аммо кучли жамоа билан баҳсларда таваккал қилишга қўрққанмиз.
Ш.Ш.: — ЎФА конгресида Биродар Абдураимовнинг гапларидан сўнг жаҳл устида термадаги фаолиятингизни якунлаганингизни айтдингиз. Нима деб ўйлайсиз футболчи сифатидаги Одил Аҳмедов терма жамоага ҳали яна 2-3 йил керак эмасмиди? Ўша қарорингиздан афсусланмайсизми?
О.А.: — Ҳа ўшанда фаолиятимни якунлаганимни жаҳл устида айтдим, лекин фаолиятимни якунлаш режамда бор эди. Мен аввалроқ, ҳам ассоцияцияга термадаги фаолиятимни якунлаш масаласида кирганман, аммо ЎФАдагилар рухсат беришмаган. Бизда менталитет бор, яъни фаолиятингизни ўзингиз истаган вақтда якунлай олмайсиз. Фаолиятимни якунлашимга сабаб ўрнимни ёшроқ бирорта футболчига бўшатиб бериш эди, аммо термадаги карьерамни муваффақиятсиз тугатиш бироз ачинарли.
Ш.Ш.: — Сиз учун энг аламли ўйин қайси бўлган?
О.А.: — Ўзбекистон МТЖ ютқазган ҳар бир ўйин мен учун аламли ҳисобланади. Мисол учун клубда талаб умуман бошқача бўлади. Терма жамоада ватан учун ўйнайсиз, шунинг учун термадаги ҳар бир муваффақиятсиз ўйин аламли бўлади.
Ш.Ш.: — Ҳозир ЎФАда қанча маош олишингизни имкон қадар очиқроқ айта оласизми?
О.А.: — Мен ЎФАдан маош олмайман.
Ш.Ш.: — Янги Ўзбекистоннинг футболи аввалги футболдан қай даражада фарқ қилади?
О.А.: — Буни аниқ фактлар билан айтиш қийин. Авваллари кўча футболида ҳам истеъдодли болалар кўп бўларди. Ҳозир эса болалар машғулот ўтказиб, дарров телефонга шўнғиб кетади. Ёш футболчилар мураббийлар ва футболга алоқадор одамлар томонидан қаттиқ назоратга олиниши керак.
Ш.Ш.: — Нима учун ёш футболчиларимиз тезда юлдузлик касалига чалиниб, ном-нишонсиз йўқ бўлиб қолмоқда?
О.А.: — Эътибор берсак, кучли футболчиларнинг аксарияти қийинчиликда ўсган. Бизда шунақа бир менталитет борки, футболчи қўлига бир-икки сўм пул тушса ўсишдан тўхтайди. Ёш футболчилар сал кўпроқ пул топса, пулни кераксиз мақсадда сарфлаб юборади ва бу келажакда ўз таъсирини ўтказиб, ёш истеъдодлар кўринмай қолади.
Ш.Ш.: — Сиз ЎФА раҳбарлари қаторига қўшилгангиздан сўнг, ўзбек футболида қандай ижобий ўзгаришлар бўлди деб ўйлайсиз?
О.А.: — Янги лавозимда иш бошлаганимдан сўнг, ишни болалар футболига кўпроқ эътибор қаратишдан бошладим, чунки болалар футболига эътибор қаратмасак биз ҳали келажакда жуда кўп ЖЧларга чиқа олмай қолишимиз мумкин.
Ш.Ш.: — Ҳудудий ассоциациялар иш фаолиятини қай даражада яқиндан биласиз?
О.А.: — Ҳудудий футбол ассоциацияларини бизда ҳокимлар назорат қилади, асосий ишни эса вице-президентлар бажаради. Ҳудудларда футболни кенгроқ ривожланишига кўпроқ ҳокимлар жавобгар.
Ш.Ш.: — Ўзбекистонда футбол ҳакамлари битта ўйиндан қанча даромад қилишади? Уларнинг келишилган ўйинларда иштирок этиб қолишига нима сабаб бўлмоқда?
О.А.: — Инсон зоти шунақаки, қанча топса ҳам кам деяверади. Уларнинг гонорари ҳаммага маълум, бу ҳақида маълумотлар бор. Ўзбекистонда яхши ҳакамлар ойига 20-30 миллион сўм пул топади.
Ш.Ш.: — Ҳозирда қайси омил ёки омиллар футболимизни энг кўп ортга тортяпти деб ўйлайсиз?
О.А.: — Асосий омиллардан бири бизда бирдамлик йўқ, яъни футбол учун ишлайдиган кишилар йўқ. Бизда ўзини ўйлаш кўпроқ авжига чиққа, қачон футболни ўйлашни бошласак ривожланишга эришамиз.
Ш.Ш.: — Нима деб ўйлайсиз Ўзбекистондаги нечта клуб профессионал сўзига лойиқ?
О.А.: — Профессионал дейилганда FIFA ва ОФК талабларига жавоб берадиган клублар тушунилиши керак. Ҳозирда ПФЛ томонидан клубларга яхши талаблар қўйилган. Ҳар битта клуб профессионал бўлиши учун яхши ишлар олиб борилмоқда.
Ш.Ш.: — Ҳакам сифатидаги Равшан Эрматовнинг ўзбек футболига фойдаси кўпроқмиди ёки ҳозирги Равшан Эрматовними?
О.А.: — Мен ассоцияцияда ишласам ҳам ёки ишламасам ҳам ҳакам сифатидаги Равшан Эрматовни фойдали деб биламан, чунки Эрматов ҳакам сифатида жаҳон даражасида танилган.
Ш.Ш.: — Эктор Куперни терма жамоадан ишдан олиб, орада Вадим Абрамовнинг муваффақиятсизлигидан сўнг яна хорижлик мураббийни терма постига олиб келишда қандай мантиқ бор?
О.А.: — Футболда ютса жамоа ютади,ютқазса мураббий ютқазади. Термамизда бундай ўзгаришлар қилингани қай даражада тўғри қарор эканлигини келажакда билиб оламиз.
Ш.Ш.: — “Одил жуниор” мактабидан нималарни кутяпсиз? Умуман бугунги кунда Ўзбекистонда болалар футболи қандай ҳолатда?
О.А.: — Ўзбекистонда жуда кўп қобилиятли болалар бор ва асосий мақсадимиз шу болаларга имкон яратиб беришдан иборат. Истеъдодли болаларга ўзимиз шароит яратиб берамиз ва барча сарф-харажатлар мактаб томонидан қопланади.
Ш.Ш.: — Жалолиддин Машарипов “Ал-Наср”да тўп тепмоқда. Нима деб ўйлайсиз Машарипов ҳалиям фаолиятини Европада давом эттирса бўладими?
О.А.: — Юқорида айтганимдай бизда психологик жиҳатдан кучли футболчилар кам. Машарипов эса психологик жиҳатдан кучли футболчи ҳисобланади. Шунинг учун ҳам у кучли жамоаларда ўйнади ва ўйнаяпти. Унда ҳали Европада ўйнашга имконият бор. Мен ишонаманки, у ҳалиям Европада ўйнаб кета олади.
Ш.Ш.: — Сизнингча Элдор Шомуродов “Рома”даги кучли рақобатга дош бера олмаяптими ёки ҳақиқатдан ҳам Моуриньо унга нисбатан очиқчасига адолатсизлик қиляптими?
О.А.: — Менимча, бу вазиятда Шомуродовга нисбатан адолатсизлик бўляпти деб ўйлайман. Мазкур ҳолатда озроқ Моуриньони қоралаган бўлардим. Шомуродов “Рома”дан кетгани яхши.
Ш.Ш.: — ЖЧ баҳсларини кузатиб бордингизми? Қайси жамоа чемпион бўлишини тахмин қилгандингиз?
О.А.: — ЖЧ бошланмасидан аввал финалда Португалия билан Аргентинани ўйнашини хоҳлагандим, лекин якунда Месси бошчилигидаги жамоа финалга чиқиб, чемпион бўлди. Хуллас, мен истаган жамоа ғолиб бўлди дея оламан.
Ш.Ш.: — Аргентина Франция ўйинининг натижасидан сўнг Месси кучлими ёки Роналду деган саволга нима деб жавоб берган бўлардингиз?
О.А.: — Месси. Ўйиндан келиб чиқиб туриб Леони кучли дея оламан. Агар Аргентинада Месси бўлмаса жамоанинг ўйин услуби умуман бошқача бўларди. Португалияни Роналдусиз ҳам кучли ўйнаганини кўрдик, аммо Аргентина Месси асосида қурилган жамоа ҳисобланади.
Блиц саволлар
— Кучлироғини танланг: Миржалол Қосимов ёки Вадим Абрамов?
— Иккаси ҳам кучли. Танлаш қийин.
— Одил Аҳмедов ёки Элдор Шомуродов?
— Элдор Шомуродов.
— “Барселона” ёки “Реал Мадрид”?
— “Барселона”.
— “Пахтакор” ёки “Навбаҳор”
— “Пахтакор”
Ш.Ш.: — Ўзингиз учун идеал Ўзбекистон миллий терма жамоасини тузиб беринг.
О.А.: — Дарвозабон: Павел Бугало.
Ҳимоячилар: Анзур Исмоилов, Ислом Иномов, Виталий Денисов, Бахтиёр Ашурматов.
Ярим ҳимоячилар: Азиз Ҳайдаров, Темур Копадзе, Санжар Турсунов, Жалолиддин Машарипов.
Ҳужумчилар: Александр Гейнрих, Элдор Шомуродов.
Бош мураббий: Одил Аҳмедов.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь