Оби-Раҳмат ғоридан 80 минг йиллик ўқ учлари топилди

Бу қизиқ

image

Археологлар Оби-Раҳмат ғорида ёши тахминан 80 минг йил деб баҳоланаётган тошдан ясалган ўқ учларини топди. Мутахассисларнинг фикрича, бу кашфиёт қадимги инсонларнинг узоқ масофадан ов қилиш қуролидан фойдаланиш ҳақидаги тасаввурларини тубдан ўзгартириши мумкин. Бу ҳақдаги тадқиқот натижалари PLOS.ONE журналида эълон қилинди.

Россия Фанлар академияси Сибир бўлими Археология ва этнография институти олими Андрей Кривошапкин раҳбарлигидаги халқаро тадқиқотчилар гуруҳи қадимий қатламлардан топилган 200 га яқин майда артефактларни таҳлил қилган. Уларнинг орасидан 20 га яқин эҳтимолий ўқ учи ва уларнинг парчалари ажратиб олинган.

Топилмалар ичида энг катталарининг оғирлиги атиги 25-35 грамм бўлиб, максимал кенглиги 41 миллиметрни ташкил этган. Улар Жанубий Африка, Франция ва Шри-Ланкадан топилган 48-60 минг йил олдинги ўхшаш артефактлардан анча қадимий саналади. Бу эса камон ва ўқнинг Евросиёда анча эрта пайдо бўлганидан далолат бериши мумкин.

Қизиқ жиҳати шундаки, худди шу ғордан илгари 9-12 ёшлар оралиғидаги бола қолдиқлари ҳам топилган. Унда ҳам неандертал, ҳам замонавий инсон аломатлари мавжуд бўлгани сабабли, ушбу масала ҳануз илмий мунозарага сабаб бўлмоқда.

Қайд этилишича, ўтказилган таҳлил майда артефактлар айнан ўқ учлари сифатида қўлланилганини кўрсатган, чунки уларнинг ўлчамлари ва емирилиш излари найза ёки бошқа йирик қуролларга мос келмайди. Бу эса Марказий Осиёнинг қадимий аҳолиси илғор овчилик технологияларини кутилганидан анча олдин эгаллаган бўлиши мумкинлигидан дарак беради.

Маълумот учун, Оби-Раҳмат ғори Тошкентдан 100 километр шимоли-шарқда, денгиз сатҳидан 1250 метр баландликда, Палтов дарёси водийсидаги оҳактош қояларида жойлашган 20 метрлик катта табиий бўшлиқдир. У 1962 йилда кашф этилган бўлиб, Марказий Осиёдаги энг муҳим палеолит ёдгорликларидан бири саналади. Ғорда маданий қатламлар қалинлиги 10 метргача бўлиб, улар 40 минг йилдан 80 минг йилгача бўлган даврни қамраб олади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистоннинг Хатлон вилояти Бохтар шаҳрида темурийлар ва манғитлар даврига оид 2 мис танга топилганди. Улардан бири темурийлар даврига (ХV–XVI асрлар), иккинчиси эса манғитлар даврига (ХVI–XVII асрлар) тегишли экани маълум бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Археология Оби-Раҳмат ғори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг