Болалари зўрланаётган ва хўрланаётган Ўзбекистон, Ички ишлардан соғ чиқмаганлар – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
31 Май 13965 12 дақиқа
Ўтган 2024 йилда Ўзбекистонда 412 нафар бола жинсий зўравонликдан жабрланган. 1028 нафар бола жисмоний зўравонликка учраган. 929 нафар бола психологик босимни бошидан кечирган. 14 нафар бола эксплуатация қурбони бўлган. 106 нафар бола катталарнинг қатъий бефарқ муносабатига дуч келган. Бу Ўзбекистонда болаларга нисбатан муносабатнинг, энг ёмони оилада учраётган муносабатнинг рақамлардаги мисоли. Ва бу билганимиз, бизгача етиб келгани, етиб келмагани эса ҳамон енг ичида қолмоқда.
Афсуски, болаларга нисбатан зўравонлик Ўзбекистон жамиятининг аслини ўзида ифода этади. Зўравонлик кўриб улғайган бола эртага ўзи бошидан ўтказганларни бошқаларда синайди, ўзи ҳам зўравонга айланади, тажрибани синаб кўради. Мамлакатда болалар ҳуқуқларига оид қатор ҳужжатлар қабул қилинишига, ташкилотлар иш олиб боришига, 2016 йилгача пахта даласида сарсон бўлган болалар мактаб партасига, оила бағрига қайтагани қарамай, энди болалар мажбурий меҳнатга ҳам ўз оиласида дуч келмоқда. Ёмонлардан ёмони эса улар ихтиёрий-мужбурий тиланчиликкача олиб чиқилаётгани. Булар Ўзбекистон болаларининг бугуни. Жамиятда бола эътиборсизлик ва унга нисбатан жисмоний, жинсий ва психологик зўравонликнинг таъсири, асоратлари эса ҳафта давомида содир бўлган воқеаларда акс этаётгандек.
ИИО ходимлари гумонланувчиларни қийноққа солди
Тошкентда Ички ишларнинг уч нафар ходими жиноят содир этди. Энг қизиғи, улар мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, гумонланувчини қийноққа солган. Балки, гап аввалида айтганимдек, ўзи қачонлардир бошидан кечирган жисмоний қийноқлар тажрибасини бошқаларда қўллагандир.
Гап шундаки, Тошкент вилояти Зангиота туманидаги манзил колониясида жазо муддатини ўтаб келаётган шахс кўп миқдордаги гиёҳванд модда тарқатиш мақсадида бир неча одам билан тил бириктирган. У 2024 йил август ойида Пастуль-пост хизмати инспекторига Катта халқа йўли кўчасида жойлашган тураржой мажмуасининг қурилиши тугалланмаган бино рўпарасига кўп миқдордаги гиёҳванд модда яшириб кетилишини, уни қора рангли Spark машинасида борган шахслар олиб кетишини айтган ва инспектордан ушбу наркотик моддаларни унинг танишлари хавфсиз олиб кетишини таъминлашини сўраган.
2024 йил 4 августга ўтар кечаси ППХ инспекторлари – яъни ўша келишилган инспектор ва унинг яна бир шериги хизмат ҳудудидан ташқарида наркотик яширилган жойни кузатган. Бироқ келишилган инспекторнинг иккинчи шериги катта миқдордаги гиёҳванд модда яширилганидан бехабар бўлган.
Инспекторлар бу ерда турган фуқароларни тўхтатиб, уларни наркотик моддага алоқадорликда гумон қилиб ушлаган. Келишувда бўлган инспектор ўзига олдиндан маълум бўлган ҳудудга яшириб қўйилган гиёҳванд моддани гўёки топиб олгандай кўрсатиб, ашёвий далилларни холислар иштирокисиз, ўз қўллари билан олган ҳолда машинаси юкхонаси устига қўйган.
Шундан сўнг, инспекторлар ҳодиса жойига тегишли ходимларини чақирган. Воқеа жойига етиб борган Янгиҳаёт тумани Ички ишлар бўлими катта тезкор вакили тергов ишларини юқори турувчи раҳбариятига ахборот бермасдан, ўзбошимчалик билан олиб борган, гумонланувчиларга нисбатан қийноқ қўллаган.
Ҳибсга олинган шахс айбни тан олишдан бош тортганидан кейин унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлинганини айтган.
“Мени камерасиз хонага олиб киришди. Қўлларимга кишан солиб, қўлларимни юқорига, деворга қаратиб кўтаришга мажбур қилишди. Бошимга бир нечта қора пакет кийдириб, скотч билан ўраб қўйишди. Бўғилиб кетдим. Кейин орқамга, оёқларимга уришди, электрошокер қўллашди”, дейди у.
Экспертиза унда кўплаб жароҳатлар, жумладан, электрошок таъсирига хос бўлган зарба ва куйиш излари борлигини тасдиқлаган. Қўлга олинган иккинчи гумонланувчининг айтишича, ички ишлар ходимлари уларнинг қорни ва юзига урган, кейин улардан бири пашша ўлдиргични олиб, савалай бошлаган. Гумондорларнинг соқолини куйдирган, дўстларига қарши кўрсатма бермаса, унга тириклайин ёқиб юбориш билан таҳдид қилишган.
Шунингдек, гумонланувчиларнинг уч нафар таниши, улар орасида аёл киши ҳам бўлган, воқеа жойига етиб борганда, улар ҳам амалда ҳимоя ҳуқуқи билан таъминламасдан, қўлларига кишан тақилган ва Янгиҳаёт тумани Ички ишлар бўлимига келтирилган. ИИБ ходимлари улардан бирига ҳам оғир тан жароҳати етказган. У айрим ҳужжатларга имзо қўйишдан бош тортгани учун дубинка билан калтаклаган. Оқибатда, тиббий хулосага кўра, ушбу шахсда оғир бош жароҳати, тан жароҳатлари ва руҳий шикастланиш белгилари аниқланган.
Яна бир фуқаро эса жинсий хўрлаш элементлари билан қийноққа солинганини айтган. Маълум қилишича, ходимлар унинг шимини ечиб қўйган, зажигалкани унинг жинсий аъзосига яқинлаштириб, тан олса қўйиб юбориши, тан олмаса ўша ернинг ўзида ёқиб юборишини айтишган.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида ўтган маҳкамада ички ишлар ходимлари қилмишларига қисман иқрор бўлган. Учовлондан бири фуқароларга нисбатан жисмоний қийноқ қўлламаганини, улар ўз ихтиёрлари билан тушунтириш хати ёзиб беришганини айтган. Жабрланувчилар эса уларга жисмоний қийноқ қўлланганини тасдиқлаган.
Суд ҳукми билан 1987 йилда туғилган Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ катта тезкор вакили 5 йил 1 ой, 1986 йилда туғилган ППХ инспектори 11 йил, 1991 йилда туғилган ППХ инспектори 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Уларнинг учаласи ҳам жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.
Энди сизга савол: Бу одамлар елкасида ички ишлар органи ходими погонини қандай ташиган. Булар ходимми ё мафия? Одатда ички ишлар идоралари ёки жазони ижро этиш муассасаларидан одамларнинг ўлиги чиқиши, қийноқлар қўлланилишига нисбатан тезкор муносабат билдирадиган Ички ишлар вазирлиги бу гал чуқур сукут сақламоқда.
Ўзбекистонда тергов жараёнидаги қийноқлар масаласи катта минбарлардан туриб кўп муҳокама қилинган масалада. Тергов хоналарига камера ўрнатиш, терговдаги қийноқ ва камситиш учун давлат компенсация тўлаб бериши белгиланган эса-да, Президент бир неча бор ички ишлар идораларидан одамларнинг ўлиги чиқиши, уларнинг қийноққа солиниши танқид қилган бўлса-да, ҳақиқий вазият туб ўзгаришларсиз қолмоқда.
ЙПХ ходимини ҳақоратлаб, “шантаж” қилган аёл жазоланди
Ички ишлар вазирлиги Янгиҳаёт тумани Ички ишлар бўлими ходимларнинг хатти-ҳаракатларига муносабат билдирмаган шу ҳафтада Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси пойтахтда аёллар ички ишлар ходимини қўпол сўзлар билан ҳақоратлаётгани акс этган видео юзасидан изоҳ бериб, аёллар жавобгарликка тортилганини эълон қилди.
Билдирилишича, ЙПХ ходими Gentra русумли автомобилни тўхтатган ва ҳайдовчининг монитордан фойдаланиб келаётганини аниқлаган. Шу сабабли ходим ҳайдовчига маъмурий баённома расмийлаштирмоқчи бўлган. Шунда ҳайдовчи қўл қўйишдан бош тортиб, ходимга қаршилик кўрсатган. Унинг орқасидан эса аёл киши келиб, ходимга қарата ҳақоратли сўзлар ишлатган. Ходим эса холислар иштирокида жарима расмийлаштирган.
Кейинроқ жанжал кўтариш учун келган аёлнинг ҳам ҳужжатлари текширилганда унинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилгани ҳамда олди ойнасидаги тонировка учун рухсатномаси йўқлиги аниқланган.
Шу асосда ЙПХ ходими аёлнинг машинасини жарима майдончасига жойлаштириб, маъмурий баённома расмийлаштиришга киришади, бироқ фаол қаршиликка учрайди.
Суд қарори билан аёл ҳайдовчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41- (Ҳақорат қилиш) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли, деб топилган. Унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Эркак ҳайдовчи эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- (Майда безорилик) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Вазиятда иштирок этган аёллардан яна бири Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Хотинидан тарсаки еган Макрон
Болаларни зўравонликнинг ҳар қандай шаклидан ҳимоя қилиш масаласидан узоқлашмаймиз. Шу ўринда бир маслаҳатни олволинг. Нафақат уйда, болалар олдида, балки ташқарида, турмуш ўртоғингиз билан холи қолган жойларингизда ҳам даҳанаки жангдан, қўл кўтаришдан ниҳоятда эҳтиёт бўлинг, деворнинг ҳам қулоғи, кўзанинг ҳам кўзи бор. Яна Франция Президенти жаноб Макронга ўхшаб уятли ҳолатда қолманг, дейман-да.
Тугаётган ҳафта Президент Макрон ва унинг қўли югурдак онаси, эй йўғ-эй турмуш ўртоғи тренддан тушмади. Макрон Жануби-Шарқий Осиё бўйлаб сафарининг биринчи бекати Вьетнамда самолётдан чиқиб кетаётганда рафиқаси Брижит унинг юзига ургани, эй майли, яхши гумонда бўлайлик, итариб юборгани акс этган видео тарқалди.
Видеода Президент самолёт эшигидан кўринади ва ичкарида ким биландир гаплашаётган вақтда бир қўл унинг юзига яқинлашиб, иягига енгил тарсаки туширади. Макрон бу ҳолатга қисқа ҳайрат билдиради, лекин дарҳол ўзини тутиб, камералар қаршисида саломлашади. Кейин у ва рафиқаси самолётдан тушади. Рафиқасининг кийими тарсаки туширилган кийимга мос келади.
Макрон бу видеолар ҳақиқийлигини тасдиқлади ва унда турмуш ўртоғи билан ҳизиллашаётгани акс этганига урғу берди.
Охирги вақтларда дунёда бўлаётган каттаю кичик воқеаларни эътиборидан қочирмаётган, гаплашишни, гапиришни, муҳокамалар майдонида бўлишни, хуллас пиарни севадиган Президент Трамп ушбу видеога ҳам муносабат билдиришдан тийилмади.
У Макрон ва унинг рафиқаси Брижитга оилавий масалаларни ёпиқ эшиклар ортида ҳал қилишни маслаҳат берди. Трамп, шунингдек, видео пайдо бўлганидан кейин Макрон билан гаплашгани ва Франция раҳбарининг оиласида “ҳаммаси жойида” эканини қўшимча қилган.
Оммавий жанжал ортидан турнир тўхтатилди
Боладаги этика эстетика маданият ва санъатдан ривожланади. Лекин бугунги маданият ва санъатдан эмас. Агар шундай бўлганда эди бугун энг аввало санъаткорларнинг, маданият вакилларининг тарбияси бошқаларга ўрнак бўларди. Уларни кўча-кўйда тугул, оммавий тадбирларда, телевидениеда ёқалашаётган ҳолда учратмасдик, интернет орқали бир-бирининг кўзини ўйиш билан овора бўлмасди. Бу ўринда бир-бирига боғланган ушбу гапларим айримларга тегишли экани, ҳақиқий маданиятли санъаткорларимиз ҳамон давранинг тўридан эмас, юракдан жой олганини унутмайлик.
Хўш, энди эътибор қаратайлик ўша маданият вакилиман деганларнинг хурмача қилиқларига. Тошкент шаҳридаги “Жар” стадионида 29 май куни санъаткорлар ва блогерлар ўртасида ўтган LikeCup футбол ўйини якунида жанжал келиб чиқди. У муштлашувгача сабаб бўлди.
Ўйинда иштирок этган 2004 йилда туғилган фуқаро ижтимоий тармоқларда обуначиларини кўпайтириш ва пиар қилиш мақсадида жанжал келтириб чиқарган. Оқибатда пиар мақсадида қилинган бу иш, мусобақага бош-қош бўлган актёр Алишер Узоқовнинг айтишича, назоратдан чиқиб кетган.
Мазкур ҳолат бўйича Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими томонидан текширув олиб борилиб, турнир иштирокчилари билан профилактик суҳбат ўтказилган. LikeCup лойиҳаси доирасида юз берган юқоридаги ҳолат жамоатчилик ўртасида кескин эътирозлар келтириб чиқаргани ва ҳуқуқбузарлик содир этилишига сабаб бўлгани учун лойиҳа вақтинча тўхтатилган.
Лойиҳа ташкилотчилари, ушбу жанжални саҳналаштирганлар ва унда иштирок этганларнинг барчаси шахси аниқланиб, уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судига юборилган.
Ҳажда элликбошилик қилаётган ўзбекистонлик имом вафот этди
Жорий йилги Ҳаж мавсумида зиёратчиларга элликбошилик қилаётган Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги “Ракат” жоме масжиди имом-хатиби Раббимқул Муҳаммадиев тугаёттган ҳафтада бетоблик сабаб комага тушиши ортидан Мадина шаҳрида вафот этди.
Раббимқул Муҳаммадиев жорий йилнинг 23 май куни “Тошкент-Мадина” йўналишида пойтахтнинг 38-гуруҳ зиёратчилари гуруҳ раҳбари сифатида йўлга чиққан. Шу куни сафарга чиқиши билан имом-хатиб парвоз давомида уйқуга кетган ва шу ҳолатда уйғонмаган. Бемор Мадина халқаро аэропорти шифокорлари томонидан кўрикдан ўтказилганда аҳволи ўта оғир бўлган, беҳуш, саволларга жавоб бермаган. Шундан сўнг, Мадина шаҳридаги клиникага жойлаштирилган. Шифокорлар томонидан унга бош мия қон айланиши ўткир бузилиши, мия ўзаги структуралари ўзгаришлари, бош мия шишиши ташхиси қўйилган.
Нейрохирург кўригидан сўнг, бош мия шишини камайтириш мақсадида 24 май куни операция қилинган. Операциядан кейин ҳам беморнинг аҳволида ўзгариш бўлмай, 26 май куни вафот этган.
Афғонистондаги жангарилар Марказий Осиёга хавф туғдиради – Белоусов
Марказий Осиёдаги асосий хавф – Афғонистон ҳудудида фаолият кўрсатаётган радикал қуролланган гуруҳларнинг қўшни давлатлар ҳудудига кириб боришидир. Бу фикрларни 28 май куни Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов Ўзбекистон ва Туркманистондан бошқа Марказий Осиёнинг барча давлатлари аъзо бўлган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотида ўртага ташлади.
Белоусовнинг сўзларига кўра, Афғонистонда 20 дан ортиқ бундай гуруҳлар мавжуд бўлиб, улардаги жангариларнинг умумий сони 15 мингдан зиёд кишини ташкил этади.
“Радикал гуруҳлар қўшни давлатларга кириб бориши ва кейинчалик инфилтрация хавфи ортиши мумкин. Яқин Шарқдаги беқарорлик минтақага салбий таъсир кўрсатмоқда ва бу минтақада қуролли тўқнашувларда қатнашаётган хорижий жангарилар нафақат Афғонистонга, балки Марказий Осиёдаги бошқа давлатларга ҳам тарқалмоқда”, дея қўшимча қилган Белоусов.
Маълумки, 2021 йилнинг 15 август куни “Толибон” ҳаракати Афғонистон бошқарувини қўлига олди, пойтахт Қобул қаршиликсиз эгалланди, Президент Ашраф Ғани мамлакатни тарк этди. Бунгача эса аллақачон хорижий мамлакатлар, хусусан, АҚШ ва НАТО қўшинлари Афғонистонни тарк этган эди. Халқаро ташкилотлар ўша кундан буён Афғонистонга мамлакатда инскюзив Ҳукуматни ташкил этиш, инсон ҳуқуқларини, айниқса, аёллар ҳуқуқларини, энг аввало уларнинг таълим олиш имкониятини тиклаш, гиёҳванд моддалар етиштириш ва унинг савдосини тўхтатиш, террорчилик гуруҳларини бартараф этиш, дунё ва энг аввало қўшни мамлакатларга қуролли таҳдидларга чек қўйиш бўйича талаблар қўйиб келмоқда. Бироқ, “Толибон” муваққат Ҳукумати асосан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан янграётган бу талабларга бўйсунмай келмоқда. Аммо халқаро даражадаги тучрашувлар, Доҳага ўтган саммитлар ва бошқа давлатлар Ҳукуматлари вакиллари билан учрашувларда толиблар қўшнилари ёки бошқа давлатлар суверенитети ва чегаралари хавфсизлиги дахл қилмаслик мажбуриятини олиб келмоқда.
Натижада эса 17 апрель куни Россия Олий суди Бош прокурорнинг Россияда “Толибон” ҳаракати фаолиятини тақиқлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги маъмурий даъвосини қаноатлантирди. Ҳужжат Россияда 2024 йил декабрида кучга кирган, террорчилик рўйхатига киритилган ташкилотлар фаолиятини тақиқлашни вақтинчалик тўхтатиб туриш имконини берувчи ҳуқуқий норма бўйича қабул қилинган биринчи қарор бўлди.
Мигрантларга Россияга кириши учун талаб қўйилди
Жорий йилнинг 30 июнидан бошлаб Россия билан визасиз режимда бўлган мамлакат фуқаролари, жумладан ўзбекистонликлар Россияга киришидан олдин электрон ариза қолдириши шарт ва буни амалга оширмаганлар мамлакат ҳудудига киролмайди.
30 июнда Россия ҳукуматининг 2024 йил 7 ноябрдаги 1510-сонли қарорига мувофиқ Россияга хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириши ва чиқиши тартибини синовдан ўтказиш бўйича экспериментнинг иккинчи босқичи бошланади.
Эндиликда Россияга визасиз тартибда кириш учун хорижий мамлакат фуқаролари (шу жумладан вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз шахсларнинг қонуний вакиллари) саёҳат режасидан камида 72 соат олдин Россияга кириш ҳақида электрон ариза тўлдиришлари шарт бўлади.
Агар кириш учун зудлик билан зарурат мавжуд бўлса (масалан, шошилинч даволаниш зарурати, яқин қариндошнинг оғир касаллиги ёки ўлими), ариза сафардан камида 4 соат олдин топширилиши мумкин.
Қайд этилишича, ушбу чора миграцион оқимлар устидан назоратни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган тизимли ишларнинг навбатдаги муҳим босқичи ҳисобланади.
Билмасангиз, эшитмаган бўлсангиз, билиб қўйинг, эшитиб олинг. 15 майдан Ўзбекистонда “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги янги қонун кучга кирди. Албатта, у ҳозирча қоғозда, албатта, ҳали кодексларга қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши керак. Албатта, у ишлаши учун давлат ва жамоатчилик масъулиятини намоён этиши керак. Лекин нормалар янада жиддийлаштирилишидан олдин болаларга, болага нисбатан муносабатингизни ўзгартирмас экансиз, охири сиз учун ҳам, фарзандингиз учун ҳам вой бўлади.
Live
Барчаси