Нурсултон Назарбоевнинг юраги операция қилинди
Олам
−
20 Январь 2023
9211Аввал хабар берганимиздек, Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев шифохонага ётқизилган эди. Унинг юраги операция қилинди ва жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди. Бу ҳақда бугун, 20 январь куни Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибай Twitter'да маълум қилди.
"Нурсултон Назарбоевнинг юрагида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Операция муваффақиятли ўтди. Биринчи Президентнинг ҳаётига ҳеч қандай таҳдид йўқ. Ҳозир у кузатув остида. Операция Миллий илмий кардиожарроҳлик марказида машҳур кардиожарроҳ Юрий Пя раҳбарлигида бўлиб ўтди”, деб ёзди Укибай Twitter'да.
Эслатиб ўтамиз, Нурсултон Назарбоев 2019 йил март ойида Қозоғистон Президенти лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган эди. Шундан сўнг Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш-қўллаб Президент Тўқаевга топширди.
Орадан деярли 3 йил ўтиб, жорий йилнинг 12 январь куни Нурсултон Назарбоевга илгари берилган фахрий сенатор мақоми парламент регламентидан олиб ташланди. 13 январь куни Қозоғистон парламенти депутатлари палаталарнинг қўшма мажлисида “Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – Элбоши тўғрисида”ги қонунни бекор қилди. Шундай филиб, Назарбоев Элбоши унвонидан ва алоҳида ҳуқуқларидан мосуво қилинди.
17 январь куни эса Қозоғистон ҳукумати маданият соҳасида бериладиган давлат стипендияси номидан республиканинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев номини олиб ташлади.
LiveБарчаси