Нурмуҳамедов буюк жангчи эмас – Емельяненко
Спорт
−
26 Октябрь 2020
37249Россиялик ММА жангчиси Александр Емельяненко енгил вазн тоифасида UFC чемпиони Ҳабиб Нурмуҳамедовни энг буюк жангчи деб тан олишдан бош тортди. Бу ҳақда “ВсеПроСпорт” нашри ёзмоқда.
“Нурмуҳамедов чемпионлик камарини бир неча бор ҳимоя қилиб, барчага шунчаки чемпион эмаслигини исботлади. Аммо уни UFC’нинг энг буюк жангчиси, деб аташ мумкин эмас. Чунки бир нечта тоифадаги камарларга эгалик қилганлар ва оғир вазн тоифаларини ҳимоя қилганлар ҳам бор. Ҳабиб Нурмуҳамедов шунчаки яхши жангчи”, деди Емельяненко.
Спортчи, шунингдек, америкалик Жастин Гэтже билан сўнгги жангдан сўнг Нурмуҳамедовнинг профессионал фаолиятини якунлаш тўғрисидаги қарори ҳақида ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Агар мен унинг ўрнида бўлганимда, шошилмасдан, яхшилаб ўйлаб, онам билан маслаҳатлашиб олар эдим. Ҳеч бўлмаганда 30 тагача жанг ўтказ, яна бир бор чемпионликни ҳимоя қил. Назаримда, у кетишини жуда эрта эълон қилганга ўхшайди. Эҳтимол, у кетмайди ва яна бир оз курашади. Бу қизишиб турганда айтилган сўзлар эди”, деди Емельяненко.
Нурмуҳамедовнинг ғалабаси ҳақида турли машҳур спортчилар, жумладан, “Ювентус” футбол жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду ва ММА бўйича ирландиялик жангчи Конор Макгрегорлар ҳам ўз фикрини билдирган эди.
Эслатиб ўтамиз, 24 октябрь куни Абу-Дабидаги (БАА) “Жанглар ороли”да ўтказилган UFC 254 мусобақасида россиялик Ҳабиб Нурмуҳамедов америкалик Жастин Гэтжи куч синашди ва 2-раунддаёқ ғолиб бўлди.
LiveБарчаси