Нурмуҳаммедовнинг жанги даъвогарлик мақомида бўлади
Спорт
−
07 Июль 2023
6318Жорий йилнинг 5 август куни бўлиб ўтадиган россиялик Умар Нурмуҳаммедов ва Америка вакили Кори Сэндхаген ўртасидаги жанг даъвогарлик мақомида бўлади. Бу ҳақда америкалик спортчи Instagram'даги саҳифасида маълум қилди.
Унга кўра, UFC'даги энг енгил вазн тоифасида (61 кг гача) янгиланган рейтингнинг 4-поғонасини эгаллаб турган Кори Сэндхаген ва 11-ўриндаги Умар Нурмуҳаммедов жанги ғолибига амалдаги чемпион Алжамейн Стерлингнинг камарига асосий даъвогар номи берилади.
“Менимча, Умар ҳақиқатдан ҳам ажойиб жангчи ва мен билан бўладиган жангда буни исботлайди деган умиддаман. Улар бу жангни даъвогарлик учун кечишини айтди, биз эса бунга муносибмиз. Ахир унинг рекорди 16-0”, дейди Кори Сэндхаген.
Маълумот учун, россиялик спортчи ММА'даги фаолияти давомида 16 та профессионал жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган. Кори Сэндхаген эса умумий 20 та жангининг 16 тасида ғалаба қайд этган ҳамда 4 та баҳсда мағлубиятга учраган.