Нукус фожиаси. Ким нимада айбланяпти?

Таҳлил

28 ноябрь Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судида жорий йилнинг 1−2 июль кунлари Қорақалпоғистон маркази Нукусда бўлиб ўтган қонли воқеалар юзасидан суд жараёни бошланди. Унда намойишларга бошчилик қилганларга, гумонланувчиларга нисбатан қўйилган айбловлар Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов томонидан бирма-бир ўқиб эшиттирилди.

Нукус воқеалари иши бўйича судланувчилар орасида ўзини Қорақалпоқлар етакчиси сифатида эълон қилган Даулетмурат Тажимуратов, бошқа бир етакчи, Лолагул Каллиханова, шунингдек, Қорақалпоғистон ИИВ бўлим бошлиғи Полат Шамшетов, Нукус олимпия захиралари коллежи директори Азамат Турданов ҳам бор.

Судланувчиларнинг умумий сони эса жами 22 нафар.

Мазкур суд ҳайъат раиси Ебулай Онгарбаевич Абибуллаев бошчилигида бўлиб ўтмоқда. 

Айблов хулосасига кўра, Нукус шаҳридаги тартибсизликлар натижасида умумий миқдорда 6 млрд 681 млн 247 минг 508 сўм моддий зарар етказилган.
Қайд этилишича, судланувчилар томонидан келтирилган илтимосномаларнинг аксарияти суд томонидан қаноатлантирилмоқда.

Масалан, суд мажлисида айбланувчи Даулетмурат Тажимуратов бир нечта илтимос билан мурожаат қилган.

Хусусан, Тажимуратов суддан ҳимоячиси билан гаплашиб олиш учун имконият беришни сўради. Бу илтимоснома эса суд тарафидан қаноатлантирилиб, Тажимуратов ҳамда унинг ҳимоячисига гаплашиб олиш учун имконият берилди.

Шунингдек, у содир этилган ҳолатга гувоҳ бўлган фуқароларни ҳам суд ишига таклиф қилинишини талаб қилгач, асосий гувоҳлар сўроқ қилинганидан кейин қўшимча гувоҳлар сўроқ қилиниши белгиланди.

Бундан ташқари Даулетмурат Тажимуратов “қалбининг тозалигини исботлаш учун” Қуръони Каримни келтиришни сўради. Cуд бу каби юридик механизм қонунчиликда мавжуд эмаслиги сабаб айбланувчининг сўровини рад этган.

Суд мажлисида судланувчи Тажимуратов ўзининг укасини унинг ҳимоячиси сифатида суд жараёнида иштирок этишини сўраб, судга илтимоснома киритди. Суд маслаҳатга кириб, ушбу илтимосномани қаноатлантириш ҳақида ажрим чиқарди.

Дастлабки тергов органининг хулосасига кўра, 1979 йилда туғилган, “Ел хызметинде” адвокатлик бюроси адвокати, илгари “Ел хызметинде” газетаси бош муҳаррири бўлиб ишлаган Даулетмурат Тажимуратов Жиноят кодексининг 28, 104-моддаси (иштирокчиликда қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “а” банди, 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) 3-қисми ва 244−1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “а”, “б”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бошқармаси бўлими бошлиғи 1986 йилда туғилган Полат Нурниязов  244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Шунингдек, интернет орқали одамларни намойишларга жалб қилгани учун “Makan.uz” интернет-нашри муҳаррири Лолагул Каллиханова ҳам айбланувчилар қаторидан ўрин олган. 1989 йилда туғилган журналист  Жиноят кодексининг 28, 104-моддаси 3-қисми “а” банди (иштирокчиликда қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 159-моддаси 4-қисми (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244-моддаси 3-қисми (оммавий тартибсизликлар) ва 244−1-моддаси 3-қисми “а”, “б”, “г” бандларида (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) кабилан билан айбланмоқда.

1984 йилда туғилган, Нукус олимпия захиралари коллежи директори Азамат Турданов эса Жиноят кодексининг 28, 104-моддаси 3-қисми “а” банди, 159-моддаси 4-қисми ва 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содиир этганликда айбланиб, судга тортилган. 

Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийси 29 ёшли Ахмет Сметуллаев ҳам Жиноят кодексининг 28, 104-моддаси 3-қисми “а” банди, 159-моддаси 4-қисми ва 244-моддаси 3-қисмида белгиланган жиноятларни содир этганлиги айтилмоқда.

Блогерлардан Бахтияр Кадирбергенов айбланувчилар қаторида. 1986 йилда туғилган Кадирбергенов “Ayama” веб-сайти муҳаррири эди. У Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми ва 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” банди билан айбланмоқда. 

Норасмий тарзда имомлик билан шуғулланиб келган 1973 йилда туғилган Аллабай Тоқимбетов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисмида;

1989 йилда туғилган , Мўйноқ туманидаги 9-мактаб ўқитувчиси Азамат Нуратдинов  Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми ва 244−1-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандларида;

Қорақалпоғистон Республикаси Давлат университетининг 30 ёшли ўқитувчиси Разбек Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “а” банди, 244-моддаси 3-қисми ва 247-моддаси (ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш) 3-қисми “а” бандида келтирилган оғир турдаги жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Шундай қилиб жами 20 нафар судланувчига нисбатан “қамоққа олиш”, 1 нафарига “уй қамоғи” ва 1 нафарига “жамоа кафиллиги” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, Миллий гвардия ҳамда Бош прокуратура масъулларининг июль ойидаги оммага элон қилган маълумотларига кўра, Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликлар оқибатида жами 18 нафар фуқаро вафот этган, 243 киши, шу жумладан, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот органлари ходими турли жароҳатлар билан шифохоналарга мурожаат қилган. 
Намойишда иштироки учун 516 киши қўлга олинган.

Шу кунга қадар Мустақил комиссия ташаббуси билан шу райтга қадар яқинлари бағрига қайтарилган Қорақалпоғистон воқеалари айбланувчилари сони жами 107 нафарни ташкил қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

143

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг