Нукус фожиаси. МГ ходимининг “Макаров” тўппончасини олиб қўйган ўқитувчи айбига иқрор бўлди

3-саҳифа

image

Бухоро вилоят судида 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликлар бўйича 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш давом этмоқда. 

Судланаётган шахслар орасида 1992 йилда туғилган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, миллати – қорақалпоқ, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат университети ўқитувчиси бўлган Разбек Бекмуратов ҳам бор.  У Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “а” банди, 244-моддаси 3-қисми ва 247-моддаси (ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айланмоқда. 

Қайд этилишича, у 2 июль куни Нукус шаҳри “Наупир” маҳалласи ҳудудида оммавий тартибсизликни бартараф этиш учун сафарбар қилинган Миллий гвардия ходимларига ҳужум қилиб, уларга тан-жароҳати етказиб, “Макаров” маркали тўппончасини олиб қўйган.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди биносида бўлиб ўтаётган очиқ суд мажлисида Разбек Бекмуратов Нукусда тартибсизликлар рўй берган кунлари бўлиб ўтган воқеаларни сўзлаб берди.

Суд, прокурор ва адвокатларнинг саволларига жавоб қайтарар экан, жумладан, у ижтимоий тармоқлардаги видеоларни кўриб, таъсирланиб, кўчага ноқонуний намойишга чиққани, 5 июль куни Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши олдида катта митинг бўлиши ҳақидаги хабарлардан кўпроқ таъсирлангани ва қўллаб-қувватлаганини айтди.

У Миллий гвардия ходимларига ҳужум қилингани, жумладан, улардан бирининг кийими мажбурлаб ечтирилаётганда тўппончаси ерга тушиб кетганини кўриб, ўқотар қуролни эгаллаб олганини тан олган.

Ҳибсга олингунга қадар Қорақалпоғистон давлат университети ўқитувчиси бўлиб ишлаган 30 ёшли Разбек Бекмуратов аввалги суд мажлисида айбига қисман иқрор эканини билдирган эди.

Бугунги бўлиб ўтган суд мажлисида у кўзда ёш билан қилган ишидан пушаймон эканини сўзлаб, президентдан, ўзбек ва қорақалпоқ халқларидан кечирим сўради. Суддан жазо тайинлашда қарамоғида вояга етмаган ёш болалари борлигини инобатга олинишини илтимос қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

229

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг