Ноябрдан хорижликларга Умра зиёрати учун рухсат берилади. Зиёратчиларга қатор талаблар қўйилган

Жамият

image

Аввалроқ, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Умра зиёрати тўрт босқичда, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклиф ва тавсиялари асосида қайта ташкил этилиши хабар қилинганди.

Бугунга қадар умра тадбирлари 2 та босқичда қайта йўлга қўйилди. Шу йилнинг 4 октябрдан биринчи ва 18 октябрдан иккинчи босқичлар бошланди. Ҳозирга келиб кунлик зиёратчилар сони 15 мингтани ташкил этмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу икки босқичда Умра ибодатини адо этувчилар сони чекланган бўлиб, махсус онлайн навбат дастури орқали рўйхатга олинмоқда ва зиёратчиларнинг Масжидул Ҳарам ҳудудига киришлари ташкилий равишда амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Ҳаж ва умра вазирлигининг баёнотида жорий йил 1 ноябридан эътиборан, Умра ибодатини адо этиш учун хорижлик зиёратчиларни қабул қилиш назарда тутилган эди. Рухсат этилган давлатлар рўйхати мамлакатларнинг эпидемиологик ҳолатидан келиб чиқиб, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шакллантирилиши алоҳида таъкидланган.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда ушбу тадбирларни ташкил этишга ваколатли ташкилот – Мусулмонлар идораси фуқароларнинг тўлиқ тиббий хавфсизлигини таъминлаган ҳолда, расмий, ишончли, хавфсиз ва қулай Умра хизматларини тақдим этиш устида ҳамкорлар билан жадал иш олиб бормоқда.

1 ноябрь кунидан хорижий фуқароларга рухсат бериш юзасидан билдирилган Ҳаж ва умра вазирлиги баёнотида Умра ибодатига келувчилар учун бир қанча шарт ва талаблар белгилаб қўйилган.

Жумладан, унда умра зиёратчисининг ёши 18 дан 50 ёшгача бўлиши (Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклифига кўра), коронавирусдан ҳоли эканини исботловчи манфий натижали ПЗР анализни тақдим этиши, ушбу анализ 72 соат ичида олинган бўлиши ва ишончли лабораторияда амалга оширилиши зарурлиги, "Умра қилдик" программаси орқали (Икки Ҳарамга кириш учун онлайн навбат) рўйхатдан ўтиб, ўз онлайн тартибига кўра умра ибодатини адо этиш, Масжидул Ҳаромда намоз ўқиш, Масжидун Набавийни зиёрат қилиш ва Равзаи шарифда намоз ўқиш билан боғлиқ режали ишлар учун олдиндан буюртма бериш, Саудия Арабистонига етиб келгандан сўнг белгиланган меҳмонхонада 3 кун карантинда бўлиши ва бошқа шу каби талаблар белгиланган.

Шунингдек, Саудия мутасадди идоралари томонидан эпидемиологик ҳолат бўйича Умра зиёратини ташкил этиш учун рухсат этилган давлатлар рўйхати алоҳида эълон қилиниши қайд қилинган.

Ўз навбатида, Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши Саудия Арабистони расмийлари билан мазкур масалалар бўйича белгиланган карантин талаблари асосида Умра зиёратини ташкил этиш юзасидан музокаралар ўтказмоқда.

Қайд этилишича, Умра сафари билан боғлиқ якуний қарорлар юзасидан тез кунларда расмий баёнот берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳаж Умра

Баҳолаганлар

90

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг