Норвегия Украинага газ учун $200 млн ажратди

Жамият

image

Норвегия Украинани табиий газ билан таъминлаш учун 2 миллиард норвег крони (200 миллион доллар) ажратди. Бу ҳақда бугун, 29 август куни Қироллик Бош вазири Йонас Гар Стёре Норвегиянинг Ставангер шаҳрида бўлиб ўтган энергетика ва технологиялар бўйича ONS-2022 халқаро конференциясида маълум қилди.

“Украина Норвегиядан энергия манбалари таъминотида ёрдам сўради. Биз Киев томонига куз ва қишда газ сотиб олиш учун 2 миллиард крон молиявий ёрдамдан фойдаланишни таклиф қилдик”, дейди сиёсатчи. 

Унга кўра, “газ биринчи навбатда шифохона ва мактабларни иситиш учун ишлатилади”.

Стёре бу маблағлар Норвегиянинг Украинага 10 миллиард крон (1 миллиард доллар) миқдорида илгари эълон қилинган ёрдам пакетининг бир қисми эканлигини тушунтирди. Газ тўловлари Европа тикланиш ва тараққиёт банки орқали амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Норвегия углеводород қазиб олиш ҳажмини Россия Европа Иттифоқининг қатор мамлакатларига газ етказиб беришни тўхтатгани сабабли 10 фоизга оширгани хабар қилинганди. Қироллик Молия вазирлиги раҳбари Трюгве Слагсволль ҳам “нефть ва газ ҳозиргача Норвегиянинг Европадаги барқарорликка қўшган энг муҳим ҳиссаси” эканлигини таъкидлаган. Норвегия конлари Европа Иттифоқи ва Буюк Британияда газ истеъмолининг 20-25 фоизини таъминлайди, уларнинг улуши глобал энергия бозорида 3 фоизни ташкил қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

газ Норвегия

Баҳолаганлар

102

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг